Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
29.12.2018

ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ЯНА БИР МУҲИМ ҚАДАМ

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан батафсил танишиб, 30 йилдан зиёд шаҳар ва вилоят кенгашларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида фаолият кўрсатган собиқ депутат, сенатор сифатида мамлакатимиз тараққиётининг бош дастуриламали бўлган ушбу ҳужжатда сиёсий бошқарув тизимида амалга оширилиши белгиланган янгиликларга ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.

Президентимиз Мурожаатномада баён қилган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳисобот бериб боришини белгилаб берди. Яна бир муҳим ўзгариш — 2019 йилда вилоят, шаҳар, туман ҳокимларининг айни вақтда халқ депутатлари кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилинишини маълум қилди.

Аниқ ва лўнда белгилаб берилган бу ўзгаришларни жорий этиш бир қарашда унчалик қийин эмасдек, битта қонун ёки қонунга киритилган ўзгартиш билан амалга ошириладигандек туюлиши мумкин. Аммо амалда бундай эмас. Бу масала аввалги йилларда ҳам кўтарилган, лекин ҳал этилмаётган эди.

Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришда босиб ўтилган йўлни холисона баҳолаш ва эришилган натижаларни таҳлил этиш кейинги тараққиёт йўлимизни белгилаб олишга хизмат қилаётир. Жамиятимизда конституциявий принципларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимияти ўртасида мувозанат сақланиши бошқарувнинг самарали тизими яратилишига олиб келади.

Президент бу масаланинг ечимини орттирилган тажриба ва бугунги замон бошқаруви талабларидан келиб чиқиб белгилаб бераётир. Ҳукуматнинг сайловда ғолиб чиққан партиялар томонидан шакллантирилиши, парламент олдида ҳисобдорлиги демократик давлатларда аллақачон синовдан ўтган тажриба. Президентимиз бу халқчил тамойил фақат қоғозда эмас, амалда бажарилишини узоққа чўзмасдан, келаси йил вазифаси сифатида белгилаб бериши мамлакатимизда демократик тамойилларни мустаҳкамлаш сари қўйилган муҳим қадам бўлди.

Вилоят, шаҳар, туман ҳокимларини халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раислигидан холос қилиш масаласи Президентимиз томонидан амалга оширилаётган демократик янгиланишларда ўта муҳим босқични ташкил қилади. Чунки ижроия ҳокимият раҳбари қонун чиқарувчи органга ҳам раҳбарлик қилаётгани амалда кенгашнинг ваколати чекланишига олиб келаётган эди.

Бу ўзгаришлар мамлакатимиз танлаган демократик тараққиёт йўлидан дадил бораётганимизнинг исботи ҳамдир. Бу, аввало, жамиятни янада демократлаштириш, давлат бошқарувида жамоатчиликнинг ролини оширишга оид хулосаларда яққол кўзга ташланади.

Шунинг учун Мурожаатномада аҳолининг фаоллашувида катта ўрин тутган сиёсий партиялар ролини янада оширишга, Олий Мажлис фаолиятини такомиллаштириш, қонун устуворлигига берилган эътибор, шубҳасиз, мамлакатимизнинг бирорта фуқаросини бефарқ қолдирмайди.

Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз. Ҳақиқатан ҳам, Мурожаатнома мамлакатимиз истиқболини белгиловчи дастуриламал бўлди.

 

Баҳром МАМАЖОНОВ,

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати, Жиззах давлат педагогика институти олий математика факультети доценти, физика-математика фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.