Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
29.12.2018

МУРОЖААТНОМА: МАМЛАКАТ РИВОЖИДАГИ ИСТИҚБОЛЛИ ВАЗИФАЛАР

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлари юртдошларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

 

Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:

— Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган одил судлов тизимини яратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ишларда намоён бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу каби масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди.

Жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, ягона суд амалиётини йўлга қўйиш, айрим тоифадаги оғир жиноятларнинг Олий суд судьялари томонидан кўриладиган ягона суд амалиётини шакллантириш лозимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқбузарликка қарши кураш бўйича ҳар қайси ҳудуд ўз тажрибасини яратиши кераклигини қайд этди. Тизимда эски ва самарасиз бошқарув усулидан воз кечиш, «Маҳалла посбони» лавозимини тугатиш, унинг ўрнига профилактика инспекторининг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини қайд этди. Тўғри-да, ахир ўзингиз ўйланг, Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари қарийб 25 йил олдин қабул қилинган. Уларни бугунги замон талабларига мослаштириш керак.

 

Азиз АБДУҲАКИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:

— Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси 2019 йилда ҳаётнинг барча жаб­ҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган фаолиятимиз йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди. Унда соҳалар кесимида бажарилиши керак бўлган устувор вазифаларнинг аниқ кўрсаткичлари акс этган.

Бугун мамлакатимизда фаол инвестиция сиё­сати юритилмоқда. Аммо бу ижтимоий соҳанинг иккинчи даражага тушишини англатмайди. Мурожаатномада мамлакатимизда иқтисодий юксалишни таъминлаш орқали ижтимоий соҳани тараққий эттириш устувор вазифа бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари туризмнинг кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликларимиз доирасида чекланиб қолаётганини таъкидлади. Тиббиёт туризми, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш борасида барча имкониятлар ишга солинмаяпти.

Шу боис, Мурожаатномада сайёҳликни ривожлантириш учун барча вазирлик ва идоралар имкониятларини сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси ­Вазирлар Маҳкамасига 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий концепциясини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифаси топширилди.

 

Шерзод ШЕРМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири:

— Президентимиз эътиборимизни илм-фан соҳасига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилган давлатларда ривожланишнинг юқори суръатлари кузатилаётганига қаратди. Биз, соҳа ходимлари инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, ёшларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз зарур.

Мурожаатномада қиёсий таҳлил келтирилиши билан бирга, мамлакатимизда умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш бўйича вазифалар ҳам кўрсатилди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 2019 йилда мамлакатимизда таълим сифатини баҳолашга доир халқаро изланишларни, ёшларнинг ижодкорлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий мактаблар ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланишга кенг ўрин берилади.

Ўз навбатида, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, таълим дастурлари ва ўқитиш услубларини халқаро стандартларга яқинлаштириш ҳам кун тартибидаги асосий вазифамиз бўлиб қолади. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимизни «Таълимга киритилган инвестиция — келажакка киритилган сармоядир!» тамойили асосида ташкил этамиз.

 

Агрипина ШИН, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири:

— Президентимиз биз, соҳа мутахассислари олдига болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини узлуксиз ошириш вазифасини қўйди. Бу, аввало, замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни давом эттириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳисобига амалга оширилади.

Мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этишга қаратилган ишларни давом эттирамиз.

Шуни таъкидлашни истардимки, мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш механизмларини тубдан такомиллаштиришда олдимизга қўйган долзарб вазифаларни 2019 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирамиз.

 

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири:

— Мурожаатномадаги топшириқлар, қўйилган устувор вазифаларни ўтаётган йилдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин. Келаси йилга «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб ном берилишида жуда катта маъно бор. Сабаби инвестицияларсиз ҳеч қачон инновация бўлмайди.

Президентимиз вазирлигимизга қатор топшириқлар берди. Энг муҳими барча кучимизни, билимимизни инсон капиталини ривожлантиришга сарфлашимиз керак. Чунки инсон капиталини кучайтиришга эътибор берсак, биз жаҳон аренасидан мустаҳкам ўрин эгаллаймиз. Бу нима дегани? Бу — қуйи бўғинлар, яъни, мактабгача таълим, мактаб, олий таълим, керак бўлса, илмий фаолиятимизга янгича қарашлар, янгича ёндашувларни киритишимиз керак.

 

Содиқ САФОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:

— Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини диққат билан тингладик. Ўтаётган йил мобайнида Ватанимиз равнақи йўлида қилинган ишлар ҳаммамизда юксак ғурур уйғотади. Шу билан бирга, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳозир кўкракка уриб мақтаниш даври эмас. Биз олдимизда турган ишлар ҳақида чуқур ўйлашимиз керак.

Ҳозирги даврда олдимизда турган масалалар юқори малакани, чуқур билимни, янгича ёндашув ва дунёқарашни талаб этади. Биринчи навбатда минтақамизда, Ўзбекистоннинг теварак-атрофида тинчлик, барқарорлик ва халқ­аро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим бўлган муҳитни вужудга келтириш керак. Бу, албатта, ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан боғлиқ бўлган фаолиятга бевосита дахл­дор. Бу борада айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Биринчиси, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиқиб, Оролбўйи минтақасида вужудга келган оғир экологик вазиятга бутун халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини жалб этди. Бир йил ўтмасдан БМТ шафелигида кўп томонлама шериклик асосида Оролбўйи минтақаси учун траст фонди ташкил этилди.

Марказий Осиёда дўстлик ва ишонч муҳити яратилди. Ўзбекистон билан минтақанинг бош­қа давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида қўшни давлатлар билан савдо айланмаси ўртача 50 фоизга ўсди.

Келаётган 2019 йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинаяпти. Бу ниҳоятда муҳим. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бугунги кунда инвестициялар иқтисодиётнинг юрагидир. Шу сабабли бугун дунёда инвестицияларни жалб этиш учун аёвсиз рақобат мавжуд. Бу рақобатда биз муваффақиятга эришишимиз учун нафақат шиору даъватлар, балки янгича ёндашув, малакали мутахассислар, янгича дунёқараш керак.

Мурожаатномада экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу кескин ўзгариш. Бизда кўп йиллар мобайнида асосан импорт ўрнини босиш сиёсати олиб бориларди. Лекин қисқа даврда катта ютуқларга эришган Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби давлатларнинг муваффақияти айнан экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантиргани билан белгиланади.

 

Суннатилла БЕКЕНОВ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

— 2019 йилнинг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилиниши биринчи навбатда бизнинг фаолиятимизга дахлдор. Буни чуқур англаган ҳолда масъу­лият билан ишлашимиз, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаришимиз талаб этилади. Узоқни кўра биладиган, халқнинг фаровон турмушини ўйлайдиган, барқарор иқтисодни ривожлантиришга эътибор қаратадиган раҳбар доимий равишда инвестиция ҳақида ўйлайди ва гапиради.

 

Баҳодир ЮСУПОВ, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

— Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муҳим аҳамият қаратди.

Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бу борада давлат фақат иккита амалий восита, яъни, маҳсулотни кафолатли харид қилиш ва субсидия орқали иштирок этиши кераклигини аниқ тушунтириб берди. Хусусан пахтачиликда кластерлар яратилиши икки йил олдин ҳатто тасаввуримизда ҳам йўқ эди. Бугун шу истиқболли тизим илк натижаларни бера бошлади. Бундан ташқари, сабзавотчилик, боғдорчилик ва чорвачиликда ҳам кластерларни ривожлантириш масаласи олдимизда турибди.

Шунингдек, уруғчиликда селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

 

Шерзод КУДБИЕВ, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири:

— Ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадини ошириш ва уларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги бир қатор масалалар Президентимиз Мурожаатномасида ўз аксини топди.

Жумладан, фаол инвестицияларни жалб қилиш минглаб янги иш ўринларини ташкил қилишга ёрдам беради. Ижтимоий ривожлантириш масалалари, албатта, аҳоли бандлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, даромадлар ва турмуш даражаси ошишига олиб келади. Давлатимиз раҳбари 2019 йил учун бандликка кўмаклашиш бўйича янги давлат дастурини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бу борада касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш тизимли йўлга қўйилади.

 

Акмал САИДОВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбари:

— Президент Мурожаатномасида кўтарилган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг эртасини белгилаб берувчи ғоялардан иборат.

Юртимизда миллий ғоясиз, миллий ўзликни англамасдан туриб, ватанпарварликсиз ҳеч қандай ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслиги белгиланди. Шунинг учун айтилаяптики, миллий ғоя Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон телера­диокомпанияси ҳузурида «Ўзбекистон тарихи» телеканалини очиш ташаббуси билан чиқди. Зеро, тарихсиз буюк келажак бўлмайди. Тарихимизни жуда яхши билишимиз керак.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боришини қайд этди.

 

Баҳодир ЮСУПАЛИЕВ, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

— Президентимизнинг Мурожаатномасида 2019 йилга оид вазифалар белгиланди. ­Инвестицияларни фаол жалб этсак, иқтисодиётимиз ривожланади. Иқтисодиёт ривожланса, ижтимоий соҳага эътибор кучаяди, маблағ сарф­лашда муаммолар бўлмайди. Шу жараёнда энг катта эътибор соғлиқни сақлаш тизимига қаратилади. Генофондимизни асраш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш биз учун ҳаётий муҳим масаладир. Тиббиёт тизимини такомиллаштириш, соҳага илғор илм-фан ютуқларини жорий этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш борасида жиддий ишлашимиз зарур.

Халқимизга хос азалий анъаналардан бири — ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашдек эзгу амалларимиз яна давом этади. Бу устувор вазифаларимиздан бўлиб қолаверади. Давлатимиз раҳбари айтганидек: «Иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий ҳимоя бир-биридан ажралмас тушунчалар бўлиб, уларни айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди».

 

Иномжон МАЖИДОВ, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири:

— Ҳар доим ҳар бир мамлакат учун етук кадрлар тайёрлаш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралган. Шу боис, олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратиш, педагог кадрларга эътибор бериш, мутахассислар тайёрлашни кучайтиришимиз муҳим. Буни давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси ўтган даврда 9-10 фоиз эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли бу кўрсаткич 15 фоиздан ошди. Лекин дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда бу рақамни 20 фоизга етказиш, келгуси йилларда бу борадаги ишларни янада изчил ошириш муҳим вазифадир.

Олий таълим муассасаларига, реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизими жорий этилиши, таълим бериш ва илмий фаолиятни амалга оширишда университет ва институтларимизнинг мустақиллигини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

 

Жамшид ХЎЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири:

— Мурожаатномада Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи савдони либераллаштириш вазифалари белгилаб берилди. Режаларимиз шундан иборатки, 2019 йилда экспорт салоҳиятини 30 фоизга ошириш, яъни, 18 миллиард АҚШ долларига етказишдан иборат. Ўтган йил давомида бу соҳада жуда кўп муҳим қонуний ҳужжатлар қабул қилинди. Экспорт учун тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Солиқ имтиёзлари жорий этилди. Аммо ҳали-ҳануз муаммолар борлигини тан олишимиз зарур. Ўзбекистон экспортда фаол бўлиши, денгиз портларига чиқиш учун икки давлатни кесиб ўтиши керак. Логистика харажатлари қимматлик қилмоқда. Бу бир қадар мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун соҳадаги қийинчиликларни ҳал этишга доир вазифалар белгиланди.

Шунингдек, божхона имкониятларини ҳам кўриб чиқиш, барча қулайликларни яратиш йўлида ҳаракат қилиш лозимлиги қайд этилди.

Энди давлат муассасалари бевосита фуқаро билан ишлашга ўтади. Давлат идоралари халққа кўмакчи, тадбиркорларга бизнес ҳамкор бўлиши зарур, деб таъкидлади Президентимиз.

Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.