Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
27.12.2018

АНИҚ АМАЛИЙ ИШЛАР БОШЛАНДИ

Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисидаги нутқидан:

Орол денгизининг қуриши муаммоси бизнинг минтақавий фаолиятимиз кун тартибида алоҳида ўрин тутадибу бизнинг умумий фожиамиздир. Унинг салбий оқибатлари, афсуски, тобора чуқурлашмоқда... Биз умумий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз лозим.

 

Бу йил Қорақалпоғистон аҳлини қувонтирадиган воқеалар кўп бўлди. Куни кеча Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш мақсадида суви қуриган майдонларда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишларига киришилди. Яна бир хайрли ташаббус рўёбга чиқа бошлади.

Ўтган йиллар давомида Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва шўрхокликка чидамли бошқа ўсимликлардан иборат 490 минг гектарга яқин бутазорлар барпо этилди. Ушбу ишларнинг кенг кўламли давоми сифатида Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда шамол таъсирида юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронларини камайтириш, қум кўчишини бартараф этиш, минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 500 минг гектар, шундан 2019 йилда 100 минг, 2020 йилда 160 минг, 2021 йилда 240 минг гектар «Яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш белгиланган.

Ҳозирда ушбу кенг қамровли тадбирга саксовул ўсимлигини экиш учун 200 тага яқин ҳар хил турдаги техника, транспорт ва механизмлар, шунингдек, 2000 нафарга яқин ўрмон хўжалиги ва бошқа ихтисослашган ходимлар жалб этилмоқда.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда экологик мувозанатнинг бузилиши инсоният ҳаётига жиддий хавф туғдираётгани, турли трансчегаравий муаммоларни келтириб чиқараётгани кўпчиликка маълум. Шу маънода табиатга муносабатимизни жиддий тартибга келтириш, экология ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш мақ­садида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб бориш замоннинг ўткир талабига айланди.

Оддий бир мисол: бугунги кунда ер юзидаги 8 миллиардга яқин аҳолининг 1,5 миллиард нафари тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,3 миллиард нафар одам санитария ҳолати талаб даражасига жавоб бермайдиган сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Яна бир муаммо, дунё аҳолисининг ҳар 10 нафаридан 4 нафари тоза ичимлик суви етишмайдиган ҳудудларда яшамоқда.

Маълумотларга қараганда, трансчегаравий дарёларнинг 155 таси икки, 100 дан ортиқроғи эса уч ёки ундан кўпроқ давлатлар ҳудудидан ўтади. Шу ўринда трансчегаравий ҳавзалар Ер юзасининг 45,3 фоизини қамраганини, бундай ҳудудларда сайёрамиз аҳолисининг қарийб 40 фоизи истиқомат қилишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Жорий йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида қўйган масалалари катта аҳамиятга эга бўлди. Ушбу кенг қамровли нутқда бугунги кунда Марказий Осий давлатлари ҳудудидаги глобал экологик муаммо ва бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари таҳлил қилинди, келгуси йиллар учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа экани алоҳида кўрсатиб берилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари бир-бирлари билан жуда яхши муносабатда бўлиб, ушбу яқинлик Марказий Осиё давлатларидаги трансчегаравий сув билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этишга катта туртки бўлмоқда.

Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси асосчилари бўлган давлатлар раҳбарларининг қарийб ўн йиллик танаффусдан кейин ўтган тарихий мажлиси мазкур ташкилот фаолиятида янги саҳифа очаётгани, Марказий Осиё минтақасидаги ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этган эди.

Юқоридаги фикр ва ғояларга таянадиган бўлсак, қорақалпоғистонлик юртдошларимизни қувонтирадиган, уларнинг турмуш шароитидаги қийинчиликларни енгиллаштирадиган, келажакка умидни мустаҳкамлашга ундайдиган қувончли воқеалар келгуси йилларда янада кўпаяди, деб ўйлайман. Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон илгари сураётган таклиф ва ташаббуслар, шу билан бирга, аниқ амалий ишлар Орол ҳудудида экологик ҳолатни яхшилашда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар.

 

Жуманазар Холмўминов,

Тошкент давлат юридик университети Экология ва аграр ҳуқуқи кафедраси профессори, юридик фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.