Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
27.12.2018

ОРОЛГА ЯНГИ ҲАЁТ КИРИБ КЕЛМОҚДА

Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда шамол туфайли юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронлари таъсирини камайтириш, қум кўчишини бартараф этиш, минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида «Яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бошланди.

Бугун мазкур тадбир жараёнида Мўйноқ тумани «Тик ўзак», «Бозатов», «Маделли» ва «Ҳоким ота» овул фуқаролар йиғинларида саксовул уруғини йиғиш, шунингдек, «Сургул» участкасида саксовул уруғи ва кўчатини экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Айни пайтда ушбу ҳудудда саксовул экиш учун 5000 гектарга яқин ер майдони тайёрланди ҳамда 1100 гектар ер майдонга (шундан 1060 гектар уруғдан ва 43 гектар кўчатдан) саксовул экилди ҳамда бу ишлар қизғин давом этмоқда. Тўғриси, одамлар катта ҳаяжон ва қувонч билан енг шимариб меҳнат қилишмоқда. Улар тарихий ишларни бажараётганини англаб туришибди.

Шу билан бир қаторда, Мўйноқ тумани «Қазақдарья — Порлитаў» йўналишидаги маҳаллий ҳокимлик балансида бўлган 47 километр узунликдаги ички йўлларни таъмирлаш, шунингдек, ушбу ҳудуддаги «Дарёоралик» сув омбори дамбаларини мустаҳкамлаш ишларига ҳам киришилди. Ушбу объектда 200 га яқин техника ва юзлаб одамлар ишламоқда.

Маълумки, Президентимиз топшириғига биноан 2018 йилнинг 21-22 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация БМТ собиқ бош котиби Пан Ги Мун раҳбарлик қилаётган Яшил тараққиёт глобал институти ва Мослашув бўйича глобал комиссия билан ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Корея Республикасига ташриф буюрган эди. Унга кўра, Пан Ги Мун билан Сеул шаҳрида ўтказилган учрашувда Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият тўғрисида фикр алмашилди. БМТ собиқ бош котиби Орол инқирозининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамжамиятнинг мазкур муаммога диққатини янада кўпроқ жалб қилиш ва уни ечиш учун донорлик ёрдамларини сафарбар қилишга қаратилган халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

«Президент Шавкат Мирзиёев билан яқинда Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда кенг қамровли масалаларни, жумладан Орол фожиаси оқибатларига қарши курашиш учун халқаро донорлик ҳамжамиятларининг куч ва ресурсларини жалб қилишни муҳокама қилган эдик. Мен Ўзбекистон раҳбарининг заковатига, етакчилик сифатларига ва унинг мазкур глобал муаммони ҳал этиш учун кўрсатаётган жонкуярлигига лол қолдим. Биз Ўзбекистоннинг Яшил тараққиёт глобал институти ва Мослашув бўйича глобал комиссия билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирганини қўллаб қувватлаймиз», — деб қайд этган эди Пан Ги Мун.

Мамлакат делегацияси Яшил тараққиёт глобал институти (GGGI) штаб-квартирасига ҳам ташриф буюриб, мазкур ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари билан танишди. Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган тақдимот чоғида GGGI мутахассислари Орол бўйидаги ҳолат билан муфассал таништирилди.

Қайд этилишича, Оролбўйи ҳудудини тиклаш бўйича лойиҳаларнинг тақдимоти якунида мавжуд вазиятни жойнинг ўзида ўрганиш ва тақдим қилинган лойиҳаларни амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ қилиш учун GGGI мутахассисларининг мамлакатга ташрифини ташкиллаштириш тўғрисида келишувга эришилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида амалга оширилмоқда.

 

Узақберген УТАМБЕТОВ, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси:

— Бизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитасига 16 та ўрмон хўжалиги бириктирилган бўлиб, 652 нафар ишчи-ходимимиз бор. Оролбўйи ҳудудида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида барчамиз саксовул ўсимлигини экиш ишларини олиб бормоқдамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Кенгашининг 45-сон буйруғига асосан бу ишларда 100 дан ортиқ техника ва 1000 дан зиёд киши қатнашмоқда. 10152 гектар ерга қариқлаб, яъни жўяк тортиб, 1832 гектар майдонга саксовул уруғидан ўрмон яратиш, 104 тонна саксовул уруғини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда Мўйноқ тумани Оролбўйи ҳудудида махсус-ўқув машқи ўтказилди. Тадбирни бажаришга шаҳар ва туманлар кесимидаги ўрмон хўжалиги бўлими ва ободонлаштириш бошқармаларидан 644 нафар киши ва 80 та техника, «Хоразм вилояти МТП» МЧЖдан 32 нафар киши ва 30 та техника, шунингдек, Мўйноқ туман маҳаллий аҳолисидан иборат 585 нафар киши ва 13 та техникаси қатнашди. Жами 1261 киши ва 123 техника билан саксовул экиш ишларини олиб бордик.

Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш мақсадида денгизнинг шўрланган ерларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, эко тизимини яхшилаш, Оролнинг қуриган қисмида ўрмонлар барпо қилиш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳам катта лойиҳалар асосида амалий ишлар олиб борилади.

 

Махсуд ИБРАГИМОВ, Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университетининг доривор ўсимликлар агроэкологияси ва интродукцияси кафедраси профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори:

— Орол денгизининг қуриган тубида юзага келган тузли чангларнинг ҳавога кўтарилишини тўхтатиб турувчи полимерли бирикма яратдик. ҚМУ-1, ҚМУ-2 деб номланган полимерли бирикма шўрланган тупроқ ва чўл ерларни 8 мм қалинликкача қотириб қўяди ва 3 йилгача ўша ҳолда сақланади. Натижада денгизнинг қуриган тубидаги ерлардан тузли чанглар кўтарилишининг олди олинади.

Денгизнинг қуриган тубида чўл ўсимликларини экиб кўпайтириш ва янги яйловлар яратиш жуда ҳам муҳим масала, деб ҳисоблайман. 500 минг гектар ерга «Яшил қопламалар», деб аталаётган ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш белгиланган. Албатта, ўрмонзор пайдо бўлса, биринчидан, тузли чангларнинг кўтарилиши тўхтайди. Ернинг намлиги кўпаяди ва жониворлар сони ортишига сабаб бўлади. Янги яйловлар пайдо бўлади. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, Орол денгизида пайдо бўлган ўрмонзорларда тажриба фермер хўжаликларини ташкил қилиш керак. Жумладан, қоракўлчилик соҳасида 2000 бош қўй, 2000 бош эчки ва 100-200 бош туя боқиб, тажрибадан ўтказиш лозим. Яйловлар учун сув чиқарувчи скважиналарни ҳам қазиш керак бўлади. Ўрмонзор бўлганидан кейин ёввойи ҳайвонлар, қушлар ҳам кўпайиб боради. Ўн-ўн икки йил ичида катта ўрмонзор яратилади. 32 йилдан буён саксовул экиб, тажриба қилиб келмоқдамиз. Бундан ташқари, бошқа ўсимликларни ҳам экиб, тажрибадан ўтказмоқдамиз.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси асосида кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Ўйлаймизки, «Яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорлари натижасида Оролга янги ҳаёт кириб келаётир. Бу ишлар, ҳеч шубҳасиз, минтақада фалокатларнинг олдини олади, экологик ҳолатни яхшилайди, янги иш ўринлари яратади, одамлар манфаатига хизмат қилади.

 

Рапат Аймуратов, Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти «Ўсимликлар экологияси» кафедраси катта илмий ходими:

— Ўзбекистон ҳудудида саксовул ўсимлигининг 3 хил тури ўсади. Halohylon ammodendron (саксовул зайнский) тури Устюрт ва Қизилқум ҳудудларида ёввойи ҳолда кўплаб учрайди, бута ўсимликлар оиласига киради.

Halahylon aphyllum (қора саксовул) — бу дарахт оиласига кирувчи 40-50 йил яшайдиган дарахт ўсимлик.

Halahylon persicum (оқ саксовул). Бу ўсимлик ҳам дарахтлар оиласига киради. Бу ўсимлик фақат Қизилқум чўли ва Устюртда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар туркумига киради.

Саксовул ўсимлиги дарахт ўсимлик бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасида чўлга чидамли ўсимликларнинг биридир. Бу ўсимлик тупроқ таркибидаги тузларни еб, йўқ қилади, иккинчидан, кўчма қумлар тарқалишининг олдини олади. Табиий йўл билан экилгандан кейин 2-3 йилнинг куз ойининг охирига қараб уруғга ўтиради ва ўз-ўзидан уруғларини сочиб, ёввойи ҳолида кўкариб ва чўл майдонда ўрмонзорларни пайдо этади.

Саксовул ер чизель ёрдамида 5-10 см чуқурлигида суриб, саксовул уруғлари сочиб, усти 3-5 см қалинликда тупроқ билан ёпилади. Бу йўл билан экилган ўсимликнинг 40-45 фоизи кўкариб чиқади.

Намлик йиғувчи ариқчаларни пайдо этиш орқали ернинг бети чизель ёрдамида сурилиб, сўнг 30-40 см чуқурлигида плуг ёрдамида ариқчалар ёрилади. Ҳар бир ариқчанинг оралиғи 60 см дан 90 см гача бўлади. Бунда ариқчалар ёрилиб, уруғлар сепилади ва уруғнинг бети 5-7 см қалинликда тупроқ билан ёпилади. Бу йўл билан экилган саксовулнинг 65-70 фоизи кўкарувчанлик беради.

Ҳозирги вақтда республикамизда саксовулнинг энг кўп тарқалган тури бу — қора саксовул ўсимлиги бўлиб, 40-50 йил яшайди.

Бизга Мўйноқ туманидаги «Тик ўзак» ОФЙ ҳудудидан жами 20,3 га ер майдони ажратиб берилган. Бу майдонда Оролбўйи ҳудудига мослашган, тузга чидамли ўсимликлар уруғчилиги ва кўчатларни етиштириш ва ниҳолларни Мўйноқ ўрмон хўжалигига етказиб бериш топширилган.

Ишларимизни ривожлантириб, керакли кўчатларни етказиш бўйича амалий ҳаракатлар қилинмоқда. Орол фожиасидан зарар кўраётган денгизни яшил майдонга айлантириш ишларига ўз ҳиссамизни қўшаётганимдан жуда хурсандман. Бор билимимни, тажрибамни сарфлашга тайёрман.

 

Олим ОРИНБОЕВ, Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сўнгги икки йил Мўйноқ аҳолиси учун катта тарихий ўзгаришларга бой бўлмоқда. Орол фожиасидан жабр кўраётган халқнинг кўз ўнгида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ҳар бир ташрифи катта ҳажмдаги лойиҳаларни бошлаб бермоқда. Неча йиллар давомида Орол денгизи фожиасидан қийналган халқ, амалий ишларни, ўзгаришларни кўрмоқда. Президентимизнинг ҳар бир айтган гапи амалий ишлар билан тасдиғини топмоқда.

Оддий бир мисол, 101 км.лик «Мўйноқ-Кўнғирот-Туямўйн» сув тармоғининг ишга туширилиши туман халқи учун катта янгилик бўлди. Йиллар давомида муаммо бўлиб келаётган тоза ичимлик сув энди ҳар бир хонадонга кириб борди.

Муҳтарам Президентимиз Қорақалпоғистонга бўлган чексиз эътибори ва меҳрини, айниқса, Оролбўйи ҳудудини обод, фаровон қилиш учун олиб бораётган кенг кўламли ишларида кўряпмиз.

Айтинг, ким ўйлабди дейсиз, қум, чанг-тўзон бўлиб ётган ерларни яшил майдонга айлантирилишини?!. Ҳеч кимнинг ҳаёлига кирмаган, ўйламаган ишлар бўлмоқда. Денгиз қуриди, деб неча йиллар дод солиб ўтирдик, эртага нима бўлади, деган қўрқув билан яшаб келдик. Бундай тарихий воқеалар юз беришини ҳеч биримиз ҳаттоки тушимизда ҳам кўрмадик. Бунча куч, бунча маблағ ажратилишини ҳеч ким кутмаган.

Халқимиз Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва эътибори натижасида бу ишлар амалга ошаётганини мамнуният билан эътироф қилмоқда. Обод қишлоқлар, обод маҳаллалар кўпайиб, чирой очмоқда. Барча-барчамиз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиликларни бағримизни кенг қилиб кутиб олмоқдамиз.

Қаранг, одамларнинг кўзига боқинг, гапларига қулоқ тутинг. Ҳар бирининг қалбидан қандай улуғ орзулар қалқиб чиқмоқда. Бундай тарихий воқеаларга нафақат гувоҳ, балки уларнинг иштирокчиси бўлаётганимиздан фахрланамиз.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: