27.12.2018

5 ТА ВИЛОЯТДА 5 МИНГДАН ОРТИҚ УЙ-ЖОЙ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛМАГАНИ РОСТМИ?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»га Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан «Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар тўғрисида»ги масала киритилди. Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев парламент аъзолари олдида мазкур масала юзасидан атрофлича маълумот берди.

Маълумки, мамлакат раҳбарияти ташаббуси билан ҳудудларда арзон кўп квартирали уйлар ҳамда қишлоқларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши минглаб муҳтож одамларнинг мушкулини осон қиляпти. Шу орқали юртимизда кўп йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган йирик ижтимоий муаммолардан бири жадаллик билан ҳал этилмоқда.

Вазир ахборотида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ жорий йилда жами 13917 хонадонли 335 уй-жой қурилиши режалаштирилганди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан қўшимча 90 та уй қурилиши белгиланган. Шулардан 79 таси фойдаланишга топширилган. Қолганларида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятида қурилиши кўзда тутилган 5 қаватли 14 та уй-жойнинг барчаси тўлиқ фойдаланишга топширилган. Тошкент шаҳрида эса жами 186 турар-жойнинг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш арафасида турибди.

Жорий йилги тегишли дастур доирасида жами 28583 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 январдаги «2018 йилда уй-жой қурилишини ривожлантириш мақсадли дастурларини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, республикада жами 16360 та арзон уй қурилиши белгиланган. Шундан ҳозиргача 5942 таси (37 фоизи) фойдаланишга топширилган.

Вазирнинг ахборотини тинглаганидан сўнг депутатлар аҳолини уй-жой билан таъминлаш, қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида якунлаш масалаларида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ҳудудларда бунёд этилаётган уйлар атрофида инфратузилмани яратиш масалалари, одамларни ўйлантираётган муаммолар хусусида вазирга саволлар беришди. Айниқса, Тошкент, Сирдарё, Бухоро, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларида қурилиши режалаштирилган 5689 та уй-жойдан бугунги кунгача бирортаси ҳам фойдаланишга топширилмагани парламент аъзоларининг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг айтишича, Сурхондарё вилояти Денов туманида 585 та оила туман ҳокимлигига арзон кўп квартирали уй-жой билан таъминлашни сўраб мурожаат қилган. Бироқ 2017 йил якуни бўйича тумандаги 15 оила 2 сотихли бир қаватли уч хонали, 4 оила икки қаватли 3 хонали уй-жой билан таъминланган, холос. Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқати чекланганларнинг бор-йўғи 19 тасига ана шундай уйлар берилган. Умуман, туманда уй-жойга бўлган талаб бор-йўғи 3 фоизга бажарилган.

Депутатлар Денов туманидаги «Бинофас-Агро-Сервис» МЧЖ, «Сурхон қурилиш сервис» х/к, «Саноат тех-монтаж» х/к, «Ривож» уй-жой қурилиш МЧЖ пудрат корхоналари томонидан фойдаланишга топширилган 19 хонадонга бориб ўрганганда, мазкур уйларнинг иситиш тизими ишламаслигига гувоҳ бўлишган. Бундан ташқари, девор сувоқлари кўчиб қолгани, ҳовли атрофида сувларни қочириш ариқчалари йўқлиги, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани маълум бўлган. Бу каби камчиликлар бошқа ҳудудларда ҳам учраётгани ҳамда уларни бартараф этиш борасида вазирлик тезкор ва жиддий чора кўриши зарурлиги таъкидланди.

Сергели туманида қурилган 36 кўп қаватли уйнинг 11 таси Зангиота тумани ҳудудига кириб қолгани ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, шу кунга қадар қурилиши режалаштирилган 4 боғча ва 2 поликлиника учун маблағлар ажратиш масаласи тегишли вазирликлар томонидан ҳал этилмагани, натижада амалий ишга қўл урилмагани танқид қилинди.

Сергели туманида режага кўра, 128 та 7 қаватли уй-жой қурилиши керак эди. Айни пайтда 120 та 7 қаватли уй-жой қад ростлади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли маблағ ажратилмагани боис 7 таси қурилмай қолган.

Парламент қуйи палатаси вакилларининг халқимиз билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари давомида аҳолини уй-жой билан таъминлашда кўплаб муаммолар борлиги кўриниб қолмоқда. Масалан, арзон уй-жойлар белгиланган муддатларда қуриб битказилмаяпти. Кўп жойларда шошма-шошарлик билан, «мендан кетгунича, эгасига етгунича» қабилида иш кўрилиши қурилаётган бинолар сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Қурилиш маҳсулотларидан меъёрлар даражасида фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам кўзга ташланмоқда.

Депутатлар фикрича, уй-жой қурилиши борасида топшириқлар ижросини муддатидан олдин бажариш, ҳисоботлардаги статистиканинг ижобий бўлишини таъминлаш илинжида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Чуқур ўйланмасдан, тегишли хулосалар асосида иш олиб борилмаслиги баъзи ҳудудларда янги биноларга аҳолини жойлаштиришда қийинчиликларни, қаттиқ норозиликларни юзага келтирмоқда.

Қурилиш вазирлиги раҳбарлари депутатларнинг саволларига жавоб қайтарар экан, бундай ҳолатларга нисбатан вазирлик ва тегишли инспекция томонидан жиддий назорат олиб борилаётгани, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилаётганини қайд этди. Ўз навбатида, назорат қилувчи ва қурилиш объектларини қабул қилиб олувчиларнинг масъулиятини ошириш юзасидан ҳам мулоҳазалар билдирилди.

2019 йил дастурига мувофиқ, келаси йил жами 19959 та хонадондан иборат 555 та уй-жой қуриш режалаштирилган. Депутатлар мазкур уй-жойлар биринчи навбатда эҳтиёжи юқори фуқароларга адолатли тарзда тақсимланишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

«Ҳукумат соати»даги савол-жавоблардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вазирлик фаолиятида йўл қўйилаётган сусткашлик ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза, таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида, қурилиш вазири кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан қуйи палатасига қўшимча равишда маълумот тақдим этилишини маълум қилди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: