27.12.2018

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИБРАТЛИ ТАШАББУСЛАРИ

2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюция бир овоздан қабул қилинди. Бу ғояни БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклиф этган эди.

Резолюциянинг асосий мақсади фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш орқали дунёда саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, бағрикенглик, ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш каби фундаментал умуминсоний тамойилларнинг дунёвий устуворлигига эришишга қаратилган. Ушбу халқаро актнинг мазмун-моҳияти БМТ доирасида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлар, жумладан, БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Дин ёки эътиқодлар замиридаги муросасизлик ва камситишларнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги декларация каби халқаро ҳужжатларга тўлиқ ҳам­оҳангдир.

Ўзбекистон ташаббуси БМТ аъзолари томонидан мутлақ якдиллик билан қўллаб-қувватлангани қувончли ҳол, албатта. Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, элликдан ортиқ давлатлар, жумладан, ислом динининг она диёри — Саудия Арабистони ҳам мамлакатимиз таклиф этган ҳужжатга ҳаммуаллиф бўлиш истагини билдирди. Тарихдан хабардор кишилар бундай воқеа охирги юз йилликлар давомида илк бор кузатилаётганини яхши тушунадилар. Демак, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган ҳужжатнинг оламшумул аҳамияти янада ойдинлашади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги зиддиятларга тўла таҳликали замонда бирон-бир масалада халқаро ҳамжамиятнинг мутлақ якдиллигига эришиш деярли имконсиз бўлиб қолди. Дин билан боғлиқ масалаларда эса бу жиҳат ундан-да қийинроқ. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Православ христианлар дунёсида содир бўлаётган ва тобора чуқурлашиб бораётган бўлиниш, шунингдек, мусулмон дунёсида ҳам кузатилаётган айрим ихтилофли вазиятлар бу фикрни тасдиқлаб турибди. Ана шундай шароитларда диний қадриятларга бевосита дахлдор масала бўйича Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ҳужжатнинг халқаро миқёсда мутлақ якдиллик билан қўллаб-қувватлангани ибратлидир.

Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватлангани тасодифий ҳол эмас, албатта. Бундай ҳамфикрликни таъминлаган бир неча жиҳатларни изоҳлаш ўринли. Биринчидан, резолюцияда бугунги дунё учун энг муҳим бўлган ҳаётий масалалардан бир-бирига узвий боғлиқ бўлган иккитаси — маърифатни ривожлантириш зарурати ҳамда турфа динлар ва миллатлардан иборат халқаро ҳамжамиятда «бағрикенглик» қадриятлар — барча мамлакатлар манфаатларига мос тарзда ўз ифодасини топиши. Иккинчидан, ушбу масаланинг, бугунги замон тақозо этаётган бир вақтда, халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола қилингани. Учинчидан, мазкур ҳассос ҳаётий ғоя халқаро ҳамжамият аъзолари эътирозига сабаб бўлмайдиган шаклда расмийлаштирилганидир.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир масалага диққатни жалб этишни истар эдик. «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси охирги бир йил давомида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ томонидан қабул қилинган иккинчи халқ­аро ҳужжатдир. Бундан олдинроқ, яъни 2018 йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинган эди. Унинг лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилгани яхши маълум. Ушбу ҳужжат ҳам БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Айтиш ўринлики, бу ташаббус ҳам Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган. Мазкур ғоя кейинчалик БМТ шафелигида 2017 йилнинг ноябрида Самарқандда ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги ­халқаро конференциядаги Президентимиз нутқида янада чуқурроқ асослантирилгани яхши маълум. Минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги мазкур конференция якунлари бўйича БМТнинг юқорида зикр этилган Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигини таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилгани барчамизга маълумдир, эҳтимол. Ўшанда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари номидан БМТга киритилган резолюция лойиҳаси қисқа муддат ичида тўлақонли халқаро ҳуқуқий ҳужжатга айланди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги икки йил давомида Ўзбекистонда диний-маънавий соҳада содир бўлаётган туб ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини жалб қилиб, унинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Пировардида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат тубдан ижобий томонга ўзгармоқда. Қисқа муддат ичида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган бир эмас, иккита ташаббуснинг БМТ томонидан қўллаб-қувватлангани бунинг яққол исботидир.

Баён этилганлардан чиқадиган мантиқий хулоса шуки, давлатимиз раҳбарининг фаол ташаббускорлиги ҳар бир фуқаро учун ибрат мактаби бўлиши керак. Модомики, Президентимиз саъй-ҳаракатлари туфайли халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган муносабати жадал ўзгариб бораётган экан, биз — барчамиз бу каби ҳаётбахш жараёнлардан ташқарида қолишимиз мумкин эмас.

Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар, айниқса, диний-маънавий жараёнларнинг фаол иштирокчилари қаторида бўлишга интилмоқда. Бунда дунёмиз тараққиётининг ўзига хос жиҳатларидан бири — изчил кенгайиб бораётган глобаллашув феномени диний-маънавий ҳаётни ҳам қамраб олаётгани мунтазам эътиборимизда бўлиши шарт. Ўзбекистон халқаро ислом академияси зиммасига юкланган масъулиятли вазифаларнинг сифатли ижроси халқаро илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш билан узвий боғлиқ эканини яхши идрок этамиз. Шунга мувофиқ, академия фаолияти бошланган пайтдан буён ўтган қисқа даврда халқ­аро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Мисрнинг Ал-Азҳар, Айн Шамс университетлари, «Ҳивор» илмий-таҳлилий маркази, Туркиянинг Займ, Салжуқ, Ибн Халдун ва Кастамону, Индонезиянинг Султон Шариф Қосим ва Саҳид, Малайзиянинг ­Ислом фанлари университетлари, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, БАА, АҚШ, Германия, Хитой, Австралия, Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг турдош олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда етакчи исломшунослари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг октябрь ойида Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб бошчилигидаги делегация Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлди. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Мазкур ҳамкорлик доирасида мисрлик мутахассислар ўзбекистонлик талабаларга араб тилидан дарс бермоқда.

Академия жамоаси 2019 йилда ҳам халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирмоқда. Жумладан, Миср Араб Республикасига бориши режалаштирилаётган Ўзбекистон делегацияси таркибига академия вакиллари ҳам киритилган. Бўлажак зиёрат давомида Мисрнинг яна бир қатор нуфузли олий таълим, маънавий-маърифий ва илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсад қилинган.

 

Заҳидулло МУНАВВАРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири,

сиёсий фанлар доктори, профессор.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: