25.12.2018

«ҲЕЧ БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ»

Пойтахтимизнинг Яшнобод туман ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида сайёр қабул ўтказилди

Бугунги кунда халқ дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш, муаммоларига ечим топиш мамлакатимизда давлат сиёсатига айланди. Бошқача айтганда, бугун одамлар давлат идоралари эшиклари олдида сарғаймаслиги, давлат идоралари масъуллари одамлар ҳузурига келиб, улар ҳолидан хабар олиши қатъий вазифа қилиб қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари учун «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ғояни илгари сурди.

Оддий одамлар дарду ташвишлари бугун асосан Халқ қабулхоналарида эшитилмоқда ва муаммолар ҳал этилмоқда. Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилаётган сайёр қабул жараёнлари ҳам буни тасдиқламоқда.

...Яшнобод темир йўл касб-ҳунар коллежи биноси турли масалалар бўйича бу ерга келган одамлар билан гавжум. Бинонинг биринчи қавати, фойеда туманнинг турли ташкилот ва корхона, муассасалар раҳбарлари, туман ҳокими мурожаат билан келган фуқароларни қабул қилаётган экан. Иккинчи қаватдаги мажлислар зали ҳам дардига малҳам излаб келган фуқаролар билан тўла.

— Шароитдан келиб чиқиб, одамларни сарсон қилмаслик мақсадида туман ҳокимликларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда сайёр қабулхоналар ташкил қилинмоқда, — дейди Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси раҳбари Тоҳир Муллажонов. — Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар жуда кўп. Қайси туманга бормайлик, ана шу ҳолатнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Бошқача айтганда, оддий одамлар нажот истаб, муаммонинг ечимини топиш учун турли идораларга бош уравериб, дардига малҳам топмаган. «Отангга бор, онангга бор» қабилидаги ўйинлардан чарчаган, ҳукумат органларига ишончи сусайиб кетган.

Президентимизнинг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлашга киришилиши халқимизнинг давлат идораларига ишончини тиклашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ қабулхоналарида фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун барча қулайликлар яратилди.

Мана, бугунги сайёр қабулни ҳам кўриб турибсиз, аҳоли гавжум, демак, ижро ҳокимиятига ишончи ортган, бу ерга улар ўз муаммосини ҳал қилиш умидида келган. Биласиз, Тошкент шаҳрида аҳоли кўп. Шунинг учун жойларда тегишли мутахассислар иштирокида қурилиш ва коммунал соҳа, уй-жой, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ, ёшлар сиёсати, маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоат ташкилотлари масалалари сингари йўналишлар бўйича фуқаролар қабули йўлга қўйилган...

Биз фуқаролар қайси масалалар юзасидан кўпроқ мурожаат қилаётгани билан қизиқдик. Аниқланишича, уларнинг каттагина қисми суд-ҳуқуқ, уй-жой, ер ажратишга оид масалалар, қурилиш ва коммунал соҳаларга тўғри келаркан. Қолганлари ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, ёшлар сиёсати, маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоат ташкилотлари билан боғлиқ экан.

— Сайёр қабул мавжуд 19 маҳалла фуқаролар йиғинида ҳар ҳафта навбати билан ўтказиб келинмоқда, — дейди ­Яш­нобод туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳожиакбар Тиллашайхов. — Туман бўйича уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирлашга муҳтожлиги, судларда ишларнинг кўрилиши ҳамда суд қарорларининг ижроси, банк-молия масалалари, моддий ёрдам, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, фуқаролик, паспорт олиш ва прописка масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. Таълим-тарбия, ободонлаштириш, иссиқлик таъминоти, ички йўллар ва йўлакларни таъмирлаш, автомобиль йўлларининг талабга жавоб бермаслиги, табиий газ ва электр таъминоти, тадбиркорлик субъект­лари ҳамда мулкдорлар фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам етарли.

Шунинг учун 1-сектор мутасаддилари билан бирга жойларга чиқиб, фуқаролардан тушган мурожаатларни ўрганаяпмиз ва вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, ҳал этаяпмиз. Бу йил куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрилганига қарамай, камчиликлар бор, буни фуқаролар мурожаатларидан ҳам билиш мумкин. Ўша жойларга бориб, камчиликларни бартараф қилаяпмиз.

Туманимиздаги тўртта маҳалла «Обод маҳалла» дастурига тушган, шу бўйича йўл харитаси тузилган. Кўп йиллар давомида ўйдим-чуқур бўлиб ётган ички йўлларга асфальт ётқизилаяпти. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга Сирғали туманида қурилаётган арзон уй-жойлардан тавсия қилдик. Уйлар ипотека кредити асосида тақдим этилиши уларга маъқул бўлмоқда.

Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг ижросини таъминлаш учун барчага давлат идоралари раҳбарлари шахсан жавобгар экани бугунги кунда биринчи даражали вазифа қилиб қўйилган. Биз бу ишлар масъулиятини ҳам, шарафини ҳам чуқур англаб турибмиз. Талаб этилаётганидек, бош вазифамиз халққа хизмат қилиш, халқни рози қилиш.

Яшнобод туманининг Яшнобод маҳалласида истиқомат қилаётган Саида Ҳусанова 2008 йилдан ўзи яшаб турган, вафот этган қайнотаси номида қолиб кетган ҳовлини ўз номига ўтказиш учун бош урмаган идораси қолмабди. Ана шу масалада ёрдам сўраб сайёр қабулхонага келибди.

— Қайнотам, турмуш ўртоғим вафот этган, — дейди Саида Ҳусанова. — Улар ҳаёт пайтида ҳовлини турмуш ўртоғим номига ўтказмаган эканмиз. Энди суд-ҳуқуқ идоралари турли қонун-қоидаларни рўкач қилиб, менинг номимга эгалик ҳуқуқини ўтказиб беришмаяпти. Тўрт фарзандим, невараларим бор. Ўғилларим шу ҳовлида рўйхатда туради. Энди невараларимни рўйхатга қўяман, десам, менда эгалик ҳуқуқи бўлмагани учун мумкин эмас экан. Ҳамма жойга югуравериб, чарчадим. Шуннинг учун сайёр қабулга келдим...

— Тўғрисини айтиш керак, кўпчилик фуқароларимиз вақтида осонгина ҳал бўладиган масалаларни орқага суриб, «Бир кун келиб қиларман-да!» деган кайфият билан юради, — дейди сайёр қабул иштирокчиларидан бири, «Тузель» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Мусаев. — Орадан маълум вақт ўтиб, осонгина битадиган иш муаммога айланади, одамни сарсон-саргардон қилади. Бу — бир томондан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги етарли даражада эмаслигини билдирса, иккинчи томондан, парво­йифалаклик, ўзибўларчилик натижаси.

Бизга мурожаат қилган Саида Ҳусанова ҳам ана шу эътиборсизлик туфайли сарсон бўлиб юрибди. Энди бунинг ечимини топишимиз керак. Тўғри, суд-ҳуқуқ идоралари қонунчилик асосида иш юритади, буни тушунамиз. Лекин инсонийлик нуқтаи назардан олганда, вазиятга тўғри баҳо бериб, адолатли қарор чиқарилиши керак!

Биз ана шу мақсадда опанинг ишини ҳал қилиб бериш учун адвокат ёлладик, ишнинг бориши назоратга олинади...

Туман ҳудудида жойлашган «Дилбоғ» фуқаролар йиғинига қарашли маҳалладаги оилавий ётоқхонада 88 оила истиқомат қилади. Шундан 52 таси «Подъёмник» заводи ишчилари. Қолган 26 таси бу ерда шартнома бўйича яшайди.

— Биз ана шу 66-ётоқхонанинг 5-қаватида 10 йилдан буён яшаймиз, — дейди сайёр қабулга келган йигирмага яқин аризачилардан бири Алишер Юсупов. — Ўша пайтда ётоқхонанинг 5-қаватидаги хоналарни ўзимиз таъмирдан чиқариб, сув тармоғи тизими, иситиш ускуналари ўрнатганмиз, ҳар ой завод ҳисоб рақамига ижара тўловларини тўлаб келаяпмиз. Бу йилги ижара тўловини қабул қилишмади.

Кейин билсак, биз қанча вақт ва маблағ сарфлаб таъмирлаган, яшаб турган хоналаримизни кимларгадир хусусийлаштириб беришмоқчи экан. Ётоқхонанинг 5-қавати 20 оилага мўлжалланган бўлиб, шулардан тўрттаси бир хонали, қолган 16 таси 2 хонали квартиралар. Бу ерда яшаётганларнинг энг камида битта, қолганларида 4-6 тадан фарзанд бор. Энди ётоқхона хусусийлаштириладиган бўлгач, биз танимайдиган одамлар қўлида хонадонимиз рақами қайд этилган ордер билан келиб, бу хона уларга тегишли эканини айтиб, уйни бўшатиб қўйишимизни талаб қилаяпти. Шунинг учун сайёр қабулга келдик...

Туман ҳокимлигининг Коммунал таъмирлаш ташкилоти раҳбари Ихтиёр ­Хатамов бу борада корхона раҳбари билан гаплашганини, ижара тўлови корхона ҳисоб рақамига ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилиши мумкинлигини билдирди.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси раҳбари Тоҳир Муллажонов эса мазкур оилавий ётоқхонада ўн йилдан буён ижара пулини вақтида тўлаб келаётган, шу ерда вақтинча рўйхатда турган фуқароларни доимий рўйхатдан ўтказиш масаласини тегишли ташкилотлар билан муҳокама қилиб, ижобий натижага эришишга ҳаракат қилишини билдирди.

...Орадан уч соатча вақт ўтганига қарамай, сайёр қабул учун ажратилган бўлимлар атрофи одамлар билан гавжум. Энг асосийси, шу ернинг ўзида уларни ўйлантириб келаётган муаммоларнинг кўпи ҳал этилмоқда.

Шоҳимардон МФЙга қарашли Нодирабегим маҳалласида яшовчи Миртемир Аҳмедов тадбиркор. У ҳокимият томонидан берилган қарор асосида ажратилган 13 сотих ер майдонининг тенг ярмига ўз сармоясидан намунавий маҳалла идораси биносини, қолган ярмига маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини қуриш мажбуриятини олган. Қурилиш қиймати 323 миллион деб баҳоланган маҳалла идораси биноси битай деб қолди, унга 260 миллион сўм маблағ сарфланди. Лекин унинг ярмига маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини қуриш масаласи ҳал бўлмаяпти. Туман ҳокими бу масала билан шахсан ўзи шуғулланадиган бўлди.

— Бугунги сайёр қабулда бизга учта мурожаат тушди, — дейди Яшнобод туман тиббий бирлашмаси бош врачи Муаттархон Абдуллаева. — Фуқаро ­Зиёда Хожалилова кўзини операция қилдириши учун шифохонага ётиши керак экан. Биз бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун унга шифохонага йўлланма бердик. Косонсойдаги санаторийга йўлланма сўраб мурожаат қилган Ботир Дадаевни навбатга ёздирдик.

Гўзал маҳалласида яшовчи Маҳмуд Орипов ўзини Мурувват уйига жойлаштиришни сўраб мурожаат қилди. Унинг барча ҳужжатларини тўғрилаб, навбатга қўйдик. Ишни тезлаштириш мақсадида маҳалла аҳлига тиббий хизмат кўрсатувчи 31-оилавий поликлиника бош врачи билан қўшиб Мурувват уйига жўнатдик...

— Туман ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишларда муаммоларни юзага келтираётган сабабларни ўрганиб, уларни ҳал этиш масаласига эътиборни кучайтираяпмиз, — дейди туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Равшан Абдураҳмонов. — Бугунги сайёр қабул давомида турли соҳа мутахассислари томонидан одамларга у ёки бу масала бўйича тушунтиришлар берилди. Баъзи ­муаммоларни жойига бориб ўргандик. Масалан, Ширмонбулоқ кўчаси, 71-«А» уйда яшовчи Яшнар Қосимов уйининг олдига ўрнатилган электр симёғочи фойдаланишга ярамай қолгани ҳақидаги шикоят билан келди. Бу ҳолатни жойига бориб ўргандик, ҳақиқатан ҳам симёғоч чириган, уни алмаштирмаса, бирор кор-ҳол рўй бериши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, корхона ҳисобидан 2019 йилнинг иккинчи чорагида симёғочни янгисига алмаштириб берадиган бўлдик.

— Сайёр қабулга келганларнинг баъзилари ўз уйида ўзи қилиши мумкин бўлган ишни ҳам бажариб беришни сўраш ҳоллари учрайди, — дейди туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Эркин Холбобоев. — Тўғрисини айтиш керак, уларда шўро тузуми давридан қолган боқимандалик кайфияти унсурлари ҳали ҳам бор. Биттаси «Уйимга ўрнатилган батарея яхши иситмаяпти», деб келибди. Буни қабулхонага келиб овора бўлмасдан, ўзи яшайдиган ҳудуддаги Уй-жой мулкдорлари ширкатига мурожаат қилса, иши битади.

Баъзан: «Уйимизнинг олдига чиқинди ташлаб кетишибди», деб қўнғироқ қилишади. Ҳой барака топкур, шу ишни қилаётган ўзимиз-ку! Аччиқ бўлса ҳам айтишим керак: бу бизнинг савиямиз пастлигидан, жамиятга, маҳалладошларимизга ҳурматсизлигимиздан бошқа нарса эмас. Ўзини ҳурмат қилган одам бошқаларни ҳам ҳурмат қилади, бундай номаъқулчиликни ўзига эп кўрмайди. Бу масала маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама этилиб, чора кўрилса бўлади-ку?

Иккинчидан, уй-жойга ҳақиқатан ҳам муҳтож фуқароларнинг мурожаатини тушунса бўлади, уларнинг бу муаммолари бугун сайёр қабулда ҳам кўрилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди. Лекин шу билан бирга, уй сўраган 250 нафар фуқаронинг шарт-шароити жойига бориб ўрганилганда, уларнинг 40 нафари уй-жойга муҳтож экани маълум бўлди. Шунинг учун аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ҳам тарғибот ишларини олиб бораяпмиз.

Ҳаёт тажрибасидан кўриниб турибдики, сайёр қабуллар одамлар билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усули бўлиб, амалда ўз натижаларини бермоқда. Бугун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлаш талаб этилмоқда. Халқ билан доимий мулоқот қилиш, мурожаат ва шикоятларни диққат билан тинглаб, камчиликларни имкон қадар бартараф этиш Халқ қабулхоналари нуфузини, фаолияти самарадорлигини оширади.

Сайёр қабул ўша куни кеч соат 18:00 ларда якунланди. Халқ қабулхонасига тушган ёзма мурожаатларнинг бир қисми шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ваколатлари доирасига тааллуқли мурожаатлар ижро учун жўнатилди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: