Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
20.12.2018

ЖОНИНИ ҚИЙНАМАГАН ДЕПУТАТ СОХТА ОБРЎГА АЛДАНИБ ЮРАВЕРАДИ

Депутат, деганда бошқаларнинг ташвиши билан яшайдиган жонкуяр, адолатни ҳамма нарсадан устун қўядиган шахс кўз олдимизга келади. Аммо бугун аҳоли орасида депутатларга нисбатан ишончсизлик кайфияти билан қараётганлар оз эмас.

 

Нега шундай бўлди? Халқимиз томонидан билдирилаётган эътирозларга қарамасдан, жамият ёки муайян ҳудуд миқёсидаги муаммоларни ҳал этишга қодир бўлган ташаббуслар нега яққол кўзга ташланмаяпти?

Фикр ҳамда сўз эркинлиги кенг қулоч ёзяпти. Шундай муҳим пайтда депутатлар орасида жим юрганлари оз эмас. Уларнинг янги фикр, янгича дунё­қараш билан ишлаши учун нима тўсқинлик қилмоқда? Қишлоқдаги мактаб ўқитувчиси, корхонада ишловчи инженер, боғчадаги қоровул, юзи чўғдек қизарган новвой, нафақасини кутаётган нуроний, умуман олганда, ҳар бир соҳа вакилининг ҳаёти чин маънода ўзгариши, чинакам обод маҳалла ва обод қишлоқлар барпо этилиши учун депутатдан ортиқ ким кўпроқ ташаббус кўрсата олади? Бугун оддий халқ шахсий фикрини баён қилиш, ўз ҳудуди, оиласи ёки жамоасидаги камчиликларни айтишни бурч, деб ҳисобламоқда. Чунки муаммоларни яширган билан уларга ечим топилмайди. Аксинча, вақт ўтгани сайин ҳал этилиши қийинлашади.

Маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ вакили ўзига ишонч билдирган кишилар билан бир ҳудудда, бир маҳаллада қўшни бўлиб яшайди. Ҳар куни кўча-кўйда, турли давраларда учрашади, кўз-кўзга тушади. Ишлаётган, ташаббус кўрсатаётган, энг ками бир кишининг мушкулини осон қилган халқ вакили бошини баланд кўтариб юриши мумкин. Чунки содда ва танти одамларимиз кичик бир яхшиликни ҳам умрбод ёддан чиқармайди. Ҳар кўрганда раҳмат айтиб, оғирини енгил қилган инсонга яхшилик илинади. Бироқ айримларни кўпчилик билмайди.

Маҳаллий Кенгашларга Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 1882 нафар депутат сайланган. Бандлик, тиббий ва коммунал хизматлар, пенсия таъминоти, ёшлар ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш, хуллас, энг оғир юкни кўтаришга бел боғлаган инсон ушбу партиядан сайланган депутат бўлиши керак, аслида.

Маҳаллий Кенгашлардаги айрим депутатлар «оч қорним — тинч қулоғим» қабилида иш тутиб, ҳудудий раҳбарларнинг гапини маъқуллаш, қабул қилинаётган қарорларни қўл кўтариб тасдиқлаш билан чекланмоқда. Қарор қабул қилиш осон, лекин унинг ижросини таъминлаш масаласи қийин. Кўп ҳолларда қарор ижроси эсдан чиқиб қолади. Оқибатда муаммо муаммолигича, мурожаат мурожаатлигича қолиб кетмоқда.

Масъулиятсиз, ишёқмас депутатларга ҳар доим баҳона топилади, «ҳоким билади», «ҳоким буюради»га ўтиб олади.

Масалан, халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи ташаббуси билан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматларнинг аҳволи ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Масала сессияга киритилиб, у ерда қабул қилинган қарор асосида ҳудуддаги мактабгача таълим муассасалари суюлтирилган газ билан таъминланди. Тумандаги «Чангарон», «Анжирбоғ», «Пахтакор», «Холвагарон» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган. Ишласа, натижа бўлиши ҳақида бу биргина мисол. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Бизга берилган маълумотларга кўра, Бухоро вилояти, туман ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон ХДПдан сайланган фаол депутатлар 63, фаолияти ўрта депутатлар 32 нафарни ташкил қилади. Қониқарсиз ишлаётганлари эса 8 нафар. Жумладан, Пешку туманидан Ҳалим Фаттоев, Олот туманидан Зокир Оллоков каби депутатлар ҳатто ўзи яшайдиган ҳудуд, корхона, ташкилот аъзоларининг турмуш тарзи билан ҳам қизиқмаган. Бирор марта депутатлик сўрови юбориб, аҳоли мурожаати билан ишлаш учун уларда вақт етишмаган ёки хоҳиш йўқ.

Сурхондарё вилоятида 17 нафар депутат қониқарсиз ишлаётганини айтишди. Хусусан, вилоят Кенгаши депутати Холмамат Нормуродов, Ҳусан Бозоров, Ангор туман Кенгаши депутати Шоди ­Муҳаммадиев, Денов туман Кенгашидан Тўхтамурод Ғаниев, Олтинсой туман Кенгашидан Комил Норқобилов ва яна бир гуруҳ халқ вакиллари сусткашликка йўл қўяётган экан.

Аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга шошмаётган депутатлар ҳақида ҳар бир ҳудуддан мисол келтириш мумкин. Лекин бу билан вазият ўзгариб қолмайди.

Кимнингдир фаолиятини баҳолаш, ақл ўргатиб, маслаҳат бериш фикридан йироқмиз. Асосий мақсадимиз депутатлар сайловчилари олдида масъул эканини яна бир эслатиб қўйиш. Депутат фаоллиги, ҳақиқатгўйлиги, курашувчанлиги билан одамларга ўрнак кўрсатиши, «бўлаверади», «фойдаси йўқ», «куним ўтса, бўлди» каби қарашларни бартараф этиш чораларини излаши керак. Қачонки, аҳоли сайланган депутатидан яхшилик кўрса, унинг шижоатига ишонади, ортидан эргашади.

Маданияти, маънавияти, одамларга ғамхўрлиги билан намуна бўла оладиган, уларнинг олқиши ва эътирофига сазовор раҳбарлар сафи кенгайиши учун ким кўпроқ ташаббус кўрсатиши керак? Ҳамма қонун асосида ва қонун доирасида ишлаб, яшаши кимларга боғлиқ? Очиқ-ошкора демократик жамият яратиш учун ҳаммадан кўпроқ ким масъул? Шу каби саволлар ҳақида ўйлаганимиз сари «депутатлар», «депутатлар», деган сўз хаёлга қайта-қайта келаверади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.