18.12.2018

ФЕРМЕРЛАР ЕРСИЗ ҚОЛДИ

Энди уларнинг тақдири нима бўлади?

Сайхунободдаги «Робот» сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида фаолият юритаётган 19 та фермер хўжалигининг 9 таси билан туман ҳокими Ботир Мирзақулов томонидан 2018 йил 5 ноябрда қабул қилинган қарор асосида ер майдонини ижарага бериш шартномаси бекор қилинди.

Туман ҳокимлигининг захира фондига қайтариб олинган 448 гектар ер майдони 2018 йил 7 ноябрь санаси билан ҳоким қарорига асосан Ҳакимбой Абдуллаевга 49 йил муддатга ижарага берилди. 9 нафар фермер пахта топшириш бўйича шартномавий режани бажармагани учун туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг раиси Хўроз Ашуров имзоси билан туман ҳокимига ер майдонини ижарага бериш тўғрисидаги қарорни ўрнатилган тартибда бекор қилишни кўриб чиқиш ҳақида 2018 йилнинг 12 ­ноябрида, яъни, ҳоким қароридан 7 кун ўтиб хулоса берилган... Қонун бўйича, 9 та фермер хўжалиги тақдирини ҳал қилган қарордан кейин ушбу майдонлар бир ой ичида танловга қўйилиши, бу ҳақда эълон берилиши керак эди. Лекин эълон берилмади. Нега?

Ишсиз қолган фермерлар ана шундай шикоят билан таҳририятимизга мурожаат қилди. Таҳририят йўлланмаси билан вазиятни ўрганиш учун аввало Сайхунобод туманидаги Робот сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган фермер хўжаликлари ер майдонларини бориб кўрдик.

Фермер хўжаликлари ер участкалари Сирдарё бўйларида жойлашган экан. Баъзи майдонларга ғалла уруғи экилган, баъзиларига ишлов берилмаган ёки ишлов берилган бўлса ҳам келгуси йил ҳосили учун уруғ экилмаган. Биз ана шу ҳолат билан қизиқдик. Фермерларнинг айтишича, ҳар бир фермер хўжалигига келгуси йил ҳосили учун ғалла уруғи бундан 1,5 ой олдин берилган. Лекин ғалланинг ўрнига экилган такрорий экинни йиғиштириб олиш учун пахта йиғим-терими баҳонаси билан комбайн берилмаган. Натижада кузги дон экиш ишлари кечиккан.

– 2003 йилдан буён фермер хўжалигини юритиб келаман, – дейди «Исо Қарши» фермер хўжалиги раҳбари Исо Бобомуродов. – Ҳар йили давлатга ғалла топшириш шарт­номавий режасини бажариб келаяпман. Бу йил ҳам ошиғи билан бажардим.

Тўғри, 6 гектар ерга чигит экувдик, ҳосил чўғи кам бўлди, режа бажарилмади. Сабаби, хўжалик ҳудуди Сирдарё бўйида жойлашган, нам­лик ҳаддан ташқари баланд, ер шўрхок...

«Поймард сокин сойлари» фермер хўжалиги раҳбари Тиловмурод Норбўтаев ғалла бўйича шарт­номавий режани ошиғи билан бажарган. Эрмон Турдиев 2015 йилда илгари сув чиқарилмай, чангалзор бўлиб ётган ерларни ўзлаштириб, «Робот Элшод дурдона» фермер хўжалигини ташкил этди. Тагидаги «Ласетти» автомашинаси, қўрасидаги 7-8 та қорамолини сотди. Катта маблағ харажат қилиб, насос ўрнатди, сув чиқарди. Ҳар йили ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажариб келаяпти. Жорий йил режасини ҳам 120 фоиз қилиб бажарган.

Зафар Аҳмедов 2013 йилда «Шоҳрух Руҳшона келажаги» фермер хўжалигини ташкил этган. Ернинг шўрини ювиб, мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун ўз ҳисобидан 170 миллион сўм маблағ сарфлаган.

Абдусаттор Бойманов 2015 йилда дарё бўйидаги қамишзор, ташландиқ ерларни ўзлаштириб, «Оташ нур келажаги» фермер хўжалигини тузган. Зовур қаздириб, сув чиқариш учун насос ўрнатган. Отабек Раҳмонов бошқараётган «Кўк осмон остида» фермер хўжалиги жорий йил ғалла топшириш режасини ошиғи билан бажарди. 15 гектар майдонга чигит экди. Ер шўрхок бўлгани учун 8 гектар майдондаги чигит умуман униб чиқмади. Тегишли мутасадди ташкилотлар ер унумдорлиги пастлиги ҳақида далолатнома тузиб, ўз хулосасини берган.

– Президентимиз томонидан 15 центнердан кам ҳосил берадиган ер майдонларига пахта экмаслик тўғрисида кўрсатма бор, – дейди «Робот» сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Жаҳонгир ­Умрзоқов – «Робот» СИУ ҳудуди ана шундай ер майдони сирасига киради. Ер шўрхок, намлик юқори. Дарё бўйидаги пахта ҳеч қачон кутилган ҳосилни бермайди. Умуман олганда, Сайхунобод тумани ҳудудида 500 дан ортиқ фермер хўжалиги бўлса, уларнинг кўпчилиги пахта бўйича шартномавий режани бажара олмади...

– 2018 йилда «Робот» СИУ ҳудудида 151 гектар пахта экиш режага киритилди. Барча агротехник тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, режа фермер хўжаликлари томонидан бажарилмади, – дейди Сайхунобод туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг раиси Хўроз Ашуров. – Шунинг учун туман ҳокимлиги ва улар ўртасидаги шартнома бекор қилиниб, ер майдонлари бошқа кишига берилди. Шунда ҳам мен ҳоким билан гаплашиб, ишсиз қолган фермерларнинг ерларини қисман бирлаштириб уларга беришни, ёки 5 гектардан интенсив боғ яратиш учун ер майдони ажратиб бериш таклифини киритдим. Лекин фермерлар бу таклифимга кўнишмади. Энди уларнинг иши қандай бўлади, бу менинг ваколатимда эмас...

Сайхунобод туман ҳокими ­Ботир Мирзақулов билан ҳам учрашдик.

– Бу фермерлар йиллар давомида шартномавий режани бажармай келаяпти, – деди туман ҳокими. – Бундан ташқари, жуда катта миқдорда қарздорлиги бор. Ҳозир уларнинг исм-фамилиялари ёдимда йўқ, аниқ маълумотларни туман қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари ­Мирзоҳид Раҳмонбердиевдан оласиз. Шунинг учун бундан буён режани бажармаган фермер билан тузилган шартнома бекор қилинади. Чунки ҳозир ерга талабгорлар кўпайди. Бунинг устига, бу фермерлар такрорий экин экиш учун туман «Оқолтиндон» акциядорлик жамиятидан катта миқдорда шоли уруғлиги олган, лекин экмаган...

Биз фермерлар ҳисобидан қаздирилган зовур, ўрнатилган насосларнинг харажати қандай қопланиши билан қизиқдик.

– Ўрнатилган насос фермернинг хусусий мулки, унга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, ечиб олиб кетаверсин, – деди туман ҳокими қисқа қилиб...

– Фермерларнинг кўпчилиги ғалла топшириш бўйича бу йилги шартномавий режани ошиғи билан бажарган, – дейди «Робот» сув ­истеъмолчилари уюшмаси раиси Жаҳонгир Умрзоқов. – Нима учун уларнинг ҳам ерлари олиниб, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, бизга номаълум бўлган Ҳаким Абдуллаев деган кишига берилди, шунга ҳайронман. Бу ерда фермерларга нисбатан ноҳақлик бўлаяпти, деб ўйлайман. Ҳар бир фермернинг орқасида 5-10 тадан ишчиси, 5-6 тадан бола-чақаси бор, улар энди нима қилади?

«Оқолтиндон» акциядорлик жамиятидан олинган уруғлик шоли масаласига келадиган бўлсак, Даврон Абдуллаев деган фермер 9 нафар фермер томонидан берилган ишонч­нома бўйича олган шоли уруғини ўзлаштириб юборган. Ҳозир бу иш бўйича тергов-суриштирув ишлари бошланган...

Биз кечки пайт шу масала бўйича туман қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Мирзоҳид Раҳмонбердиевга учрашдик.

– 9 нафар фермернинг аксарият ер майдони Сирдарё соҳилларига тўғри келади, – деди у. – Шунинг учун бу ҳудудлар хоҳлаймизми-йўқми, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфига ўтади. Иккинчидан, булардан ташқари, режани бажармаган 50 дан зиёд фермер хўжалиги билан ҳокимлик ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш бўйича иш олиб борилаяпти, далолатнома тузилаяпти.

Лекин бу фермерларни кўкрагидан итариб, кўчада қолдириш, дегани эмас. Уларни тушунаман, шунча меҳнат қилган, ўз чўнтагидан насос ўрнатиб, сув чиқарган, зовур қазган. Ҳоким билан маслаҳатлашиб, бу масалани ҳал қиламиз...

2018 йилнинг июнь ойида ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин, яъни шоли экиш учун ер сўраб келган Ҳакимбой Абдуллаевга «Робот» СИУ ҳудудидан 17 гектар ер ажратилган. У етиштирилган ҳосилдан тўлов бериш шарти билан фермерлар ёрдамида аҳолидан қарз кўтарган.

Шунга қарамай, унга 427 гектарга (такрорий экин сифатида шоли экишга энг қулай жойлар) ғалла экиш учун қарор чиқарилган. Савол туғилади: қарз-қавола қилиб, автомашина, уй-жойларини сотиб, топган-тутганини ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга сарфлаган, насос ўрнатиб сув чиқарган, ҳатто ғалла топшириш режасини ошиғи билан бажарган фермерларнинг айби нимада? Қайси фермер йиллар давомида ерга меҳр бериб, мелиоратив ҳолатни яхшилаб, оғзим ошга етди, деганда, четдан келиб, ҳокимдан ерга эгалик қилиш ваколатини олган кишига қўшқўллаб тут­қазади?

Давлатимиз раҳбари томонидан фермерларга ҳар томонлама ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича талаб кучайиб бораётган, қарорлар чиқарилаётган бир пайтда Сайхунобод туман ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган бундай сиёсатни, тўғриси, тушунмадик.

Одамлар адолатсизликка учраса, турли идораларга ариза-шикоятлар кўпаяди, сарсонгарчилик кучаяди. Яна бир савол хаёлга келади: агар туман ҳокимияти режани бажармаган барча фермерларни тўплаб, нима учун айнан 9 нафар фермер билан тузилган шартномани бекор қилганини тушунтирса, эҳтимол оворагарчилик бунчалик даражада бўлмасмиди... Ҳозиргача фермерлар саволларига етарлича жавоб тополмадик. Ўйлаймизки, бу саволга тегишли мутасадди идоралар адолатли жавоб беради.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.