Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
18.12.2018

СИФАТ, БИЛИМ ВА МАЛАКА ТИББИЁТНИНГ АСОСИЙ УСТУНЛАРИДИР

Мақсуда ВОРИСОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Суқрот «Барча касблар одамлардан, фақат учта касб худодандир: булар — муаллим, қози ва шифокордир», деган эди.

Тиббиёт — кенг қамровли, жуда масъулиятли соҳа. Тиббиётда ислоҳот қиламиз, деб энг қийин даврларда ҳам (очарчилик, турли эпидемия, уруш даври) муваффақиятли ишлаб турган тизимни издан чиқардик. Ўрнига тушунарсиз бир тузилма яратилдики, у на давлат топшириқларини бажара олади, на халқ манфаатдор бўлади. Шунинг учун бирор ўзгариш киритишдан аввал чуқур ўйлаб, хориж тажрибасини шунчаки кўчирма қилмасдан, аҳоли талаблари, мавжуд имкониятлар, врачлар ва ҳамшираларнинг реал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда (раҳбариятга бериладиган чиройли ҳисобот учун эмас) халқни рози қиладиган тизим яратилиши керак.

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 7 ноябрь куни имзоланган ўта муҳим — Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор мамлакатимизда ана шундай соғлиқни сақлаш тизимини яратишга асос бўлади. Қарорда хизматни ташкил қилиш, уни молиялаштириш, кадрлар тайёрлаш каби бир қатор муаммолар ечими кўрсатилган.

Дунёда, менинг билишимча, текин нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар қандай моддий буюм ёки хизмат ўз нархига эга. Фақат унинг ҳақи ким томонидан тўланишига қараб, пулли ёки бепул, деб биламиз. Узоқ йиллар давомида халқ таълими ва тиббиёт тўлиқ давлат таъминотида бўлгани сабабли аҳоли уни текин деб қабул қилишга ўрганиб қолди. Лекин маориф ҳам тиббиёт ҳам доимий маблағ талаб қиладиган тизим бўлгани, айниқса, сўнгги йилларда бу маблағ йил са­йин кўпроқ талаб қилинаётгани сабабли ҳар икки соҳада пулли хизматлар жорий қилиниши ўринли, деб ўйлайман.

Мисол учун, Президент қарорида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмига кирмайдиган хизматлар, текширувлар пуллик асосда ташкил этилишига рухсат берилмоқда. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ҳозирда қишлоқ туманларидаги поликлиника ва ҚВПларда лаборатор текширувлар ҳажми анча чекланган. Беморлар зарур текширув учун туман маркази ёки шаҳарларга бориб, пулли текширувдан ўтишга мажбур бўлмоқда. Қарор асосида эса бундай текширувларни шу жойнинг ўзида пулли асосда ташкил этиш мумкин бўлади. Бу эса беморнинг ҳам маблағини, ҳам вақтини тежайди.

Тиббиётда аҳолининг ғашини келтирадиган яна бир ҳолат — турли ҳужжатларнинг кўплиги ва врачларнинг асосий вақти уларни тўлдиришга сарфланишидир. Маълумки, тиббий ходимнинг иш вақти қатъий ўлчанган ва ҳар бир бемор учун маълум вақт белгиланган. Лекин уларга қўшимча асосланмаган ҳолда бир қанча юмуш юкланиши иш сифати пасайиши, бажараётган вазифасидан безишига сабаб бўлмоқда.

 Қарорда ана шу ҳолатни бутунлай тугатиш, тиббиёт ходими вақтини асосан беморларга сарфлаши учун имкон яратиш мақсадида ҳужжатлар электрон кўринишга ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, мажбурий меҳнатга жалб қилиниши тажрибали ходимларнинг ишдан бўшаб кетиши, ёш мутахассисларнинг бирламчи тиббиёт ­муассасаларига келиш хоҳиши бутунлай сўнишига сабаб бўлди. Натижада бирламчи бўғимда минглаб врачлар ўрни бўш турибди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларининг врачлар билан таъминланиши Сирдарё ва Сурхондарёда 50 фоиздан кам, Жиззах, Хоразм, Тошкент вилоятларида эса 60 фоизга етмайди. 4 нафар врач ишлаши лозим бўлган муассасада бир врач ишласа, қандай сифатни талаб қилиш мумкин, бу врачнинг кучи, вақти қанчага етади?..

Соғлиқни сақлаш тизимида иш ўринларининг асоссиз қисқартирилиши шу даражага етганки, 30 ўриндан кам бўлган болалар шифохонасида тунги навбатчи врач штати йўқ. Шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам иш ўрни қисқартирилгани сабабли шошилинч операция ҳолатларида қабулхона врачи ва ҳамшираси жалб қилинади, қабулхона эса тиббий ходимсиз қолади. Туман марказий поликлиникаларида тор доира врачлари ҳам кескин камайтирилди. Масалан, болалар ўртасида касалликларнинг кўп қисмини ЛОР касалликлари ташкил қилишига қарамай, бу йўналиш мутахассиси, ревматологлар ва бошқа кўплаб аҳоли учун зарур бўлган мутахассисликларнинг иш ўринлари қисқартирилди.

Қарорда ана шу муҳим масалаларни ҳал қилиш йўллари белгилангани яқин йилларда тиббиёт мавқеи қайта тикланишига умид беради. Бунинг учун амбулатор хизмат, яъни поликлиника ҳамда ҚВПларда молиялаштириш аҳоли жон бошига нисбатан олиб борилади ва муассаса ўзига бириктирилган инсонларнинг саломатлигини яхшилашдан мафаатдор бўлади. Чунки аҳоли қанчалик соғлом бўлса, оғир касалликларнинг олди олинса, ногиронлик ҳолатларига йўл қўйилмаса, моддий маблағлар муассаса ихтиёрида қолади ҳамда ривожланиш учун сарфланади.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш йўлида қабул қилинган ҳужжатлар талабларини тўлиқ бажариш соҳада хизмат қилаётган мутахассисларнинг виждоний бурчи бўлиши керак, деб ўйлайман.



DB query error.
Please try later.