13.12.2018

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Чингиз Айтматов кўчасида буюк адиб ва жамоат арбоби хотирасига атаб ўрнатилган ёдгорликбарельеф очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қирғизистондан келган делегация вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири ўринбосари Бақтбек Секимов ва бошқалар буюк маърифатпарвар адиб нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо эканини таъкидлади. Президентимизнинг 2018 йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» номли хотира китоби, адиб асарлари тўплами чоп этилди. Асарлари асосида янги спектакллар саҳналаштирилди.

Бугун эса Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номи берилиб, унинг ёдгорлиги ўрнатилди. Қисқа фурсатда улуғ адиб номи билан аталувчи мазкур кўчада ободонлаштириш ва янги барельефни ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Унинг атрофидаги пиёдалар йўлаклари кенгайтирилиб, ободонлаштирилди.

Бугун Тошкент шаҳрида катта байрам. Ўзбек ва қирғиз халқи ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилган Чингиз Айтматовга ўрнатилган ёдгорлик очилмоқда, — дейди Қирғиз миллий ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нурманбек Тинчликбек. — Адиб минтақамиз тинчлиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда фидокорона меҳнат қилди. Ўзбекистондек жаннатмонанд диёрда буюк адибимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида яратилаётган ҳужжатли фильмлар, ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштирилаётгани, Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номи берилгани бизни жуда қувонтиради. Унинг серқирра ижоди икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Адибнинг қарийб барча асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Унинг «Жамила», «Сарвқомат дилбарим», «Бўтакўз», «Биринчи муаллим», «Момо ер», «Сомон йўли», «Алвидо, Гулсари» каби кўплаб асарлари китобхонларнинг юксак эътирофига сазовор бўлган.

Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номи берилиб, унга ёдгорлик ўрнатилиши бежизга эмас, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур. — Мақсад атоқли адибнинг ҳаёт йўли ёшларимиз учун юксак ибрат намунаси бўлсин. Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз ҳаётида ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Унинг эзгулик ғоялари, миллий ва умумбашарий қадриятларга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда кўплаб нусхада нашр этилмоқда. Ҳар бир асар бизни ҳамиша огоҳликка чорлаб, қалбимизни, руҳимизни пок сақлашга даъват этади. Агар мен туйғуларимда бироз ғариблашишни сезсам, албатта Чингиз Айтматов асарларини ўқийман.

Тадбирда адиб ёдгорлиги пойига гул қўйилиб, буюк сиймо хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Унинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти хусусида сўз юритилди.

Шу куни Ўзбек миллий академик драма театрида Чингиз Айтматов хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Х.Султонов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ва бошқалар атоқли адибнинг бой ижоди, ибратли ҳаёт йўли ва ижтимоий фаолияти, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, дунё халқлари маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди.

Қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон Фанлар академияси академиги унвонлари соҳиби асарлари таъсирчанлиги, ўзига хослиги, муҳим воқеа-ҳодисалар асосида ёзилганлиги билан ажралиб туради. Адиб асарларида ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятлар, воқеалар ёритилишида чуқур таҳлил, муҳаббат, эзгулик, гўзаллик намоён бўлади.

Икки қардош халқ вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур тадбир Чингиз Айтматовга чексиз ҳурмат ва эҳтиром намунасидир. Адиб нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо эди.

Президентимизнинг қарори нафақат қирғиз халқининг буюк ёзувчисига, балки бутун адабиёт аҳлига кўрсатилган ҳурматнинг намунасидир, — дейди филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев. — Мазкур қарор ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо, буюк адиб, ижодкорга юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида қардош қирғиз халқи билан яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда, адабиёт, маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки бутун дунёнинг буюк шахси, ўз сўзи, ўрни, қадр-қиммати юксак инсон эди. Унинг кўплаб асарлари бутун дунёда китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.

Қарорда таъкидланганидек, ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган «ўзбек иши», «пахта иши» каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди.

Давлатимиз томонидан «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.

Атоқли ёзувчи шахси, ҳаёти ва ижоди ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунаси ҳисобланади.

Ўтмишини унутган, ҳиссиз, ҳамма нарсага лоқайд, итоат-у буйруқни бажаришдан бошқа нарсани билмайдиган, туйғу, нозик ҳиссиётлари сўнган манқурт образи тасвири адиб ижодининг муҳим қирраларидан бири бўлган, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Ч.Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, юз миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган. Шу маълумотнинг ўзиёқ адиб асарларининг нечоғли ўқишли эканини англатади.

Адиб хотирасига бағишланган илмий конференциялар, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилаётгани адиб тимсолида бутун қирғиз халқига кўрсатилаётган ҳурматнинг ифодасидир.

Тадбирда «Икки элнинг суюкли фарзанди» номли ҳужжатли фильм ва адиб асарлари асосида саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар янгради.

 

Абдулазиз МУСАЕВ,

Барно МЕЛИҚУЛОВА,

ЎзА мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: