13.12.2018

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида Давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Мамлакатдаги минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш учун замонавий технологияларни жалб этган ҳолда иқтисодиётни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш борасида кенг кўламли дастурларни изчил амалга ошириш етакчи тармоқлар, шу жумладан, энергетика, нефть ва газ, кон-металлургия ва кимё саноатини ривожлантиришнинг жадал суръатларини сақлаш имконини бермоқда.

Ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш орқали, шу жумладан, атом энергетикасини ташкил этиш ҳисобидан республиканинг электр энергиясига нисбатан ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, таҳлил ва ўрганиш натижалари хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсати самарасизлиги ҳамда бу йўналишда методологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун етарли эътибор мавжуд эмаслигидан далолат бермоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги Маъмурий ислоҳотлар концепцияси вазифаларига мувофиқ, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда самарали давлат назоратини таъминлаш мақсадида:

1.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг минтақавий инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (кейинги ўринлардаСаноат хавфсизлиги давлат қўмитаси) ва унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва назорат қилиш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради.

3. Қуйидагилар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича ишни мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш борасида республикада ёқилғи-энергетика комплекси ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича стратегик режа ва дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида лицензиялаш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

саноат хавфсизлигини экспертизадан ва аккредитациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ объектлар хавфсизлигини экспертиза қилишни ташкил этиш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;

техника ва технологияларнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги соҳаларида фаолиятни амалга оширувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш.

4. Белгилансинки:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланади ва лавозимдан озод этилади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

5. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

фаолият йўналиши бўйича, шу жумладан, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган ишларни бажаришдан ва хизматлар кўрсатишдан тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия ҳомийлик маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини киритсин.

7. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ–3358-сон Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатига 1-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.

12. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 12 декабрь


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: