Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
11.12.2018

ҲАҚИҚАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШ СУДЬЯНИНГ ДИЛИДА ҲАМ, ИШИДА ҲАМ БОШ МАҚСАД БЎЛМОҒИ КЕРАК

Давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглаб, хаёлимдан сўнги икки йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган беқиёс ислоҳотлар ва уларнинг бугунги самаралари ўтди.

Аввало, айтиш керакки, суд ­мустақиллигини таъминлаш, судларга бўлган эътибор, ҳуқуқий демократик давлат қурилишининг асосий шартларидан биридир. Судьяларнинг мустақиллиги, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш судья мақомини кўтаради, одил судловни амалга оширишга хизмат қилади. Бугун судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда кескин ижобий ўзгаришларга эришилди. Эндиликда судьялар ҳар беш йилда эмас, балки билими, ҳалоллиги, ватанпарварлигига қараб танланиб, муддатсиз даврга ишлаш ҳуқуқига эга бўлди. Улар тажрибасини орттириши учун қулай шароит яратилди. Бу каби ҳуқуқ ва ваколатлар судьяларнинг халқ олдидаги обрўсини, мавқеини кўтармоқда. Шу билан бирга, уларнинг давлатимиз, жамиятимиз ва фуқароларимиз олдидаги масъулиятини ҳам кучайтирмоқда.

Маърузада алоҳида таъкидланганидек, судья ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, кўрилаётган ҳар бир ишни қонуний ва адолатли ҳал этмоғи лозим. Чунки судья судланаётган шахсни айбли ёки айбсизлигини аниқлаш масаласини, ўзининг назарий ва амалиётдаги билими доирасида ҳал этиб, республика номидан қарор қабул қилади. Шунинг учун ҳам судья хатога йўл қўйиши асло мумкин эмас. Унинг қарори барқарор бўлмоғи лозим. Бунинг учун судьялар ўз билимини мунтазам ошириб бориши, ҳолол, ватанпарвар бўлиши, энг асосийси халқнинг хизматида эканлигини унутмаслиги лозим. Чунки фидойи ва адолатли судьяни халқнинг ўзи билиб олади ва унга ўзи баҳо беради. Судья учун энг «олий унвон» халқнинг розилигидир.

Маърузада, айрим судьялар томонидан ҳали ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилинаётгани айтиб ўтилди. Бу аччиқ ҳақиқат, бизни уялтирадиган, қаттиқ ўйлантирадиган ҳолат. Барчамиз ўзимизга тегишли хулосалар чиқариб, эндиликда вазифамизга янада жиддий ёндашиб, қабул қилинган ҳар бир қарор адолатли, бўлишини таъминлаш учун курашмоғимиз, қабул қилинган қарорлардан фуқаролар розилигига эришмоғимиз зарур. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, жиноят содир этилган вақтдан бошлаб, аниқланиши зарур бўлган ҳолатларнинг ҳар бири пухта ўрганилмоғи лозим. Бу борада терговчининг билим савияси, иш тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Терговчи ўрганилиши лозим бўлган ҳолатлар нималардан иборатлигини аниқ билмоғи лозим. Ўз вақтида қилинмаган ҳаракат, бажарилмаган вазифа, қонунга зид равишда тузилган процессуал ҳужжат ҳақиқий ҳолатни аниқлашга тўсқинлик қилиб, суд тергови жараёнини ҳам чигаллаштириб юборади. Мисол тариқасида менинг иш юритувимдаги бир жиноят ишини келтирай. Босқинчилик жинояти уч йил аввал содир этилган. Ҳодисанинг асосий гувоҳлари судга қадар вафот этган. Дастлабки тергов давомида уларни сўроқ қилиш вақтида энг зарур ва муҳим саволларга жавоб олинмаган, судда эса энди уни аниқлаш имкони йўқ. Лекин адолатни юзага чиқариш керак.

Бу тоифадаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида судьядан катта билим ва кўп йиллик тажриба талаб қилинади. Балки айнан ушбу тоифадаги ишлар бўйича баъзи ­судьялар томонидан қарор қабул қилишда хатога йўл қўйилиб, адолатсиз қарорлар қабул қилинаётган бўлиши мумкин. Унутмаслик керакки, кўрилаётган ҳар бир иш ортида инсон тақдири, соғлиги ва озодлиги туради. Судьялик лавозимига аввалига беш йил, кейин ўн йил, сўнг муддатсиз даврга тайинлаш тартиби, адолат қарор топтиришга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам бу соҳага кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган, соҳанинг ҳақиқий мутахассиси, фидойиси бўлган кучли судья­лар керак. Ана шундагина «адолат қўрғони» бунёд этилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат натижасида қанчалаб маҳбуслар озод қилиниб, оиласига, жамиятга қайтаётганини халқимиз кўриб турибди. Бу бағрикенглик замирида катта маъно-мақсад мужассам. Ҳаёт тажрибасидан маълумки, узоқ муддатли жазони ўтаган шахснинг онгида норозилик туйғулари пайдо бўлиши мумкин. Бу эса ўз ўрнида жамият учун хавф туғдиради. Ўзига нисбатан меҳр, инсонпарварлик ва одилликни кўрган шахс жамиятга қайишади, унда ватанпарварлик ҳиссиёти кучаяди. Эндиликда жиноят ишларини кўриб чиқиш даврида, шахсга қонунда белгиланганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш амалиёти анча кенгайтирилди. Юзлаб кишилар суд залидан озодликка чиқарилмоқда. Чунки қаттиқ жазо тарбия воситаси эмас. Мақсад адашганни тўғри йўлга қайтариш. Лекин авф этилган, кечирилган шахс­лар ҳам қонунни, давлатнинг мурувватини ардоқламоғи, қонунни ҳурмат қилишни ўрганмоғи лозим. Суд соҳасидаги ислоҳотлар, қонунларга киритилаётган ўзгартишлар, жазоларни енгиллаштириш, оқлов ҳукмлари чиқарилиши одамларнинг жамиятимизда ўз оиласи билан тинч ва осуда, бахт­ли ва хотиржам яшашлари учун яратилган имкониятлардир.

Президент маърузасида Конституция куни муносабати билан 136 нафар шахс авф этилгани айтилди. Бу бағрикенглик ифодасидир. Жаҳолатга қарши маърифатни амалдаги ижросидир.

Яна икки рақамга эътибор қаратайлик, жорий йилда судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Асоссиз айбланган 2 минг 449 нафар шахс суд залидан озод этилди. Президентимиз таъкидлади, бу қарорлар қанчалаб оилаларга қу­вонч олиб келди, одамларда одил судловга ишончни ошир­моқда.

Биз судьялар шаънига айтилган танқиддан янада ҳушёр тортишимиз керак. Хато-камчиликларимиз нималардан иборатлигини яхши билиб олишимиз муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини янада ошириш кераклигини ҳам қайта-қайта такрорламоқда. Қарийб бир йил давомида Президентимиз томонидан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятга қарши курашишни кучайтириш борасида бир неча қарор қабул қилинди. Уларнинг ижроси юзасидан олиб борилган ишлар натижасида ЖИБ Тошкент шаҳар суди томонидан ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га кўра, шаҳар ва туман судлари, судьялари халқга янада яқинлашиб, улар билан юзма-юз учрашиб, сайёр қабул ва учрашувлар ўтказиб, аҳолига ҳуқуқий ёрдам бериб, суд қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириб бермоқда.

Жиноят содир этган шахснинг ҳаракатлари суд томонидан жамоатчилик иштирокида биргаликда муҳокама қилиниши жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, суд мажлисларида жамоатчиликнинг иштироки сезиларли даражада кўпайди. Маҳалла фаоллари, ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси судланаётган шахсни кафолатга олиб, уларни жавобгарликдан озод этиш ёки енгил жазо тайинлашни сўрамоқда. Шу сабабли пойтахтимизда жиноят содир этиш ҳолатлари кескин камайди, кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига эришилди.

Маърузада судьялар масъулиятини оширадиган, ўз фаолиятига тан­қидий баҳо бериб, хулосалар чиқариб олишга ундайдиган кўплаб фикрлар айтилди, талаблар қўйилди. Президентимизнинг мақсади битта — ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, инсонни улуғлаш. Ана шу юксак эзгу мақсадлар амалга ошиши кўп жиҳатдан судлар мустақиллиги ва судьяларнинг ўз вазифасига содиқлигига боғлиқ. Бундан буёғига ишимизга халқимизнинг ўзи баҳо беради. Биз қачон муносиб баҳо оламиз? Фақат ва фақат қонунга бўйсунсак, ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар манфаатини ҳалол ва асосли ҳимоя қилсак, адолатли қарорлар чиқарсак.

 

Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,

Жиноят ишлари бўйича Мирза Улуғбек туман суди раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: