11.12.2018

ЖАВОБГАРЛИКНИ КУЧАЙТИРИШ ЗАРУРАТИ

Айрим қонун лойиҳалари айнан шу жиҳатдан бир-бирига ўхшайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси навбатдаги йиғилиши «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси билан бошланди. Лойиҳада ер ости табиий ресурсларини ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатларига нисбатан жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

 

Аксаули ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ер ости бойликлар қайта тикланмайди, жуда узоқ йиллар давомида табиий равишда шаклланади. Демак, улардан фойдаланишда тартиб-қоидага амал қилиш талаб этилади. Бу борада меъёрлар белгиланган бўлишига қарамай, қонунбузарлик кузатилмоқда. Масалан, жисмоний шахслар томонидан таркибида олтин мавжуд маъданларни рухсатсиз қазиш, кончилик ишларини бехатар олиб бориш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда. Оқибати ўлим билан тугашига, металнинг ноқонуний айланишига ва фойдали қазилмаларни ўзбошимчалик билан қазиб олишга қарши жавобгарликни кучайтириш зарурати юзага келди.

Айниқса, сувдан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик доимий диққат марказида бўлган масалалардан ҳисобланади. Зотан, ер юзида чучук сувлар камайиб, тақчиллик кузатилмоқда. Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса бу борадаги ҳушёрликни ошириб, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтиради, деб ўйлайман. Лойиҳада минерал ва термал сувларгина эмас, умумий ер ости сувларидан самарали, оқилона фойдаланиш назарда тутилмоқда.

Ўйлаймизки, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалардан сўнг ер ости бойликларини рухсатсиз қазиб олиш ҳолатлари камаяди.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ҳам депутатлар диққат марказида бўлди. Таъкидландики, қонун лойиҳаси Президентнинг тегишли қарорлари асосида ишлаб чиқилган.

 

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Таҳлиллар вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилмаслик каби ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Лойиҳа айрим ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.

Масалан, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик ва ғайриқонуний равишда ишдан бўшатганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш, яъни жарима миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 50 дан 100 бараваригача ёки озодликдан маҳрум этиш муддатини 3 йилдан 5 йилгача этиб белгилаш назарда тутилмоқда. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш учун ҳам жарима миқдорини ошириш кўзда тутилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳасида ҳам анча долзарб масалалар ўрин олган. Хусусан, интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, соҳадаги миллий қонун ҳужжатларини халқ­аро ҳужжатларга мувофиқлаштириш режалаштирилган.

 

Шуҳрат МАМАЖАНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йил 30 ноябрь куни интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистоннинг бир қатор халқаро ҳужжатларга қўшилишини кўзда тутувчи қонунлар қабул қилинган эди. Булар «Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конвенция, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномаси ва Ижролар ва фонограммалар бўйича шартномасидир. Албатта, мазкур халқаро ҳужжатлар талабларига риоя этилиши қонунчилигимизга айрим ўзгартиришлар киритишни тақозо этади.

Маълумотларга кўра, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларнинг бузилгани бўйича геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига 2017 йилда 140 га яқин, жорий йилнинг 11 ойида 150 ортиқ мурожаат бўлган. Прокуратура органлари томонидан 750 га яқин ана шундай ҳолатлар аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, соҳага алоқадор қонун талабларини, жавобгарликни кучайтириш талаб этилади.

Шу жиҳатдан мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайман. Бироқ айрим масалаларга жиддийроқ эътибор қаратиш лозим. Қонун лойиҳасининг тушунтириш хати ва концепциясида қонун ижодкорлиги талаб ва қоидаларига риоя этилмаган. Масалан, статистика, ўрганишлар таҳлили ва мавжуд ҳолат ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ваҳоланки, аслида бу жиҳатлар инобатга олиниши, қонун лойиҳасининг ҳаётий зарурати, шаффофлиги, киритилаётган меъёрлар ва ўзгаришларнинг мақсади аниқ акс эттирилиши зарур. Халқаро шартномалар талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқни қўллаш миллий амалиётини такомиллаштириш шунчаки кўргазма учун бўлиши керак эмас. Бу ўринда асосий мақсад муаллифлик ва турдош ҳуқуқларнинг муҳофазасини кучайтириш бўлмоғи лозим.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: