11.12.2018

ТАРАҚҚИЁТ ВА АДОЛАТ ДАСТУРИ

Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллик байрами ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ана шу тарихий санага бағишланган тантанали маросимда маърузаси ҳам тарихий маъруза бўлди. Чунки унда халқимиз ҳаёти, фарзандларимиз келажаги, юртимиз тараққиётига бевосита дахлдор бўлган ғоят муҳим фикр ва ғоялар, қимматли ташаббуслар илгари сурилди.

Бу маъруза байрам тадбирларининг энг ёрқин воқеаси сифатида жамоатчилигимизда жуда катта қизиқиш уйғотди Амалга оширилган ишлар ва қилинажак улкан вазифалар ҳар биримизнинг қалбимизда бугунги ислоҳотларга нисбатан ишончимизни янада мустаҳкамлади, кўнгилда эзгу режаларни уйғотди.

Маърузада келтирилган мисоллар орқали Конституциямиз ҳақиқатан ҳам жамиятимиз, унинг ҳар бир аъзоси ҳуқуқи ва манфаатини кафолатлайдиган Бош қомус эканини чин дилдан ҳис қилдик.

Албатта, ўтган 26 йил давомида Асосий қонунимиз умуминсоний ва миллий қадриятларга асослангани, юксак демократик ғояларни ўзида мужассам этгани ҳақида кўп эшитганмиз, бу мавзуда қанча-қанча мақолалар, китоб ва рисолаларни ўқиганмиз. Лекин менинг шахсий фикрим шуки, Президентимизнинг маърузаси Конституциямизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама теран, пухта, ҳаётий мисоллар асосида чуқур таҳлил қилиб ёритиб берилгани билан алоҳида қимматга эга. Шунинг учун ҳам ушбу маърузани эшитганимдан сўнг Конституциямиз асосида юртимизда бугун олиб борилаётган ислоҳотлар кўз ўнгимда янгича маъно-мазмун ва қиёфада намоён бўлди.

Бу маъруза аввало адолат руҳи билан йўғрилгани билан эътиборга сазовор. Унинг бутун мазмунида хал­қимиз учун адолатли, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, мамлакатимиз тараққиётини янги, янада юксак босқичга кўтариш бош ғоя сифатида яққол сезилиб турибди. Айни чоғда бу улуғ мақсад йўлидаги ҳаракатлар ҳам аниқ белгилаб берилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги икки йилда, тарихан ниҳоятда қисқа муддатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар қилинди. Бир пайтлар бу ҳақда нафақат амалий ҳаракатлар олиб бориш, ҳатто гапиришнинг ўзи ҳам оғир масала эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу ислоҳотлар тарихий аҳамиятга эга бўлиб, қанчалик улкан жасорат, ақл-идрок, маънавий-интеллектуал салоҳият, машаққатли изланишлар, мустаҳкам ирода ва донишмандликни талаб этаётганини англатади.

 Маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳамма соҳаларда чуқур ўйланган дастурлар, «йўл хариталари» амалга оширилмоқда. Президентимиз уларнинг барча-барчасига Асосий қонунимиз асос бўлаётганини таъкидлаб, «Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсади» эканига эътибор қаратди. Яъни, барча ­ислоҳотларимиз замирида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, адолат ва қонун устуворлиги мужассам бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузаси ҳам мамлакатимиз учун яна бир ўзига хос тараққиёт ва адолат дастури бўлиб хизмат қилади, десак, адашмаймиз..

Фан-таълим соҳаси вакили сифатида, айниқса, маърузада ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, илм олиш, таълим-тарбия, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида билдирилган фикрлар менда катта қизиқиш уйғотди. «Биз «тарбия гўдакликдан бошланади» деган ҳикматли сўзга амал қилиб, таълим-тарбия соҳасидаги ўзгаришларни унинг энг қуйи босқичи – мактабгача таълим тизимидан бошладик», деб қайд этилади маърузада. Яъни, Ўзбекистонда барча соҳалар қатори таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳам биринчи навбатда одамларнинг, ҳаётнинг энг муҳим талаблари эътибор марказига қўйилмоқда. Барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам инсонпарварлашув – гуманизм жараёнлари кучаймоқда. Давлат-хусусий шериклик муносабатларининг кенг жорий этилаётгани таълимнинг барча босқичларида хилма-хилликни, муқобилликни, соғлом рақобат бўлишини таъминланмоқда. Сўнгги икки йилда юртимизда болалар боғчалари сони 1 минг 400 тага ортиб, 6 минг 367 тага етди. Уларда юқорида зикр этилган тамойиллар, замонавий тарбия ва ўқитиш услублари жорий этилаётгани ғоят муҳимдир.

Маърузада мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Сўнгги икки йилда 5 та олий таълим муассасаси ҳамда 12 та нуфузли хорижий олий ўқув юртининг филиаллари ташкил этилди. Қанча-қанча университет ва институтларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Уларда меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатини рағбатлантириш борасида туб бурилишлар юз бермоқда. Энг муҳими, жамиятимизда ўқитувчига, илм-фан соҳаси вакилларига ҳурмат-эътибор бир неча баробар юқори кўтарилди.

Шахсан ўзим фаолият олиб бораётган Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали мисолида ҳам бу борада кўплаб ўзгаришлар юз берганини таъкидлашни истардим. Ўтган 20 йил мобайнида ўзининг биносига эга бўлмасдан келган филиалимиз Президентимизнинг таълим соҳасига кўрсатаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бу йил пойтахтимизнинг марказий қисмида замонавий биносига эга бўлди. Россия томонидан ушбу бинони таъмирлаш ва жиҳозлаш учун зарур ресурс ва маблағлар ажратилмоқда. 2018 йил октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти В.Путиннинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида икки давлат олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро форумда иштирок этиш учун келган университет ректори, профессор В.И. Гришин ҳамда Россия Фан ва олий таълим вазири М.М. Котюков, қолаверса, россиялик ҳамкасбларимиз филиалимизда яратилган замонавий шарт-шароитларни кўриб, бундай имкониятлар фақат давлат раҳбари томонидан таълим тизимига катта эътибор бериладиган мамлакатдагина бўлади, деб, биздаги ўзгаришларни эътироф этишди.

Маълумки, Президентимиз ўзининг ҳар бир чиқишида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратади. Конституция кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида ҳам давлатимиз раҳбари ёшлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. «Биз ёшларимизда тадбиркорлик ташаббусини ривожлантира олсак, уларга маблағлардан тўғри фойдаланишни ўргатсак, нафақат иқтисодий, балки кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этган бўламиз», деб таъкидлади.

Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида уларнинг муносиб иш жойларига эга бўлиши, айниқса, муҳим аҳамиятга эгадир. Шунинг учун маърузада аҳолини иш билан бандлигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Биз бир нарсани тўғри тушунишимиз керак, — деб қайд этди давлатимиз раҳбари, — битта ишсиз одам – ўнта муаммо дегани. Бу муаммолар ишсиз одамнинг ўзига, оиласи ва маҳалласига, жамиятга келтирадиган зарарини ҳисобласак, масаланинг нақадар жиддий экани янада ойдинлашади».

Таъкидлаш керакки, ана шу қисқагина сатрларда «ишсизлик» тушунчасининг ижтимоий моҳияти аниқ ифода этиб берилди. Шу билан бирга, бу муаммо бир кишининг эмас, бутун мамлакат, халқнинг муаммоси экани, бир жамиятда яшаётган инсонлар бир юрт фуқаролари сифатида ўзаро ижтимоий мажбуриятлар билан боғлангани қайд этилмоқда. Бинобарин, битта одамнинг ишсизлиги ҳам жамият томонидан жиддий муаммо сифатида қабул қилиниб, ўз вақтида ҳал этилиши керак. Акс ҳолда, бундан келгусида жамиятнинг ўзи зарар кўради.

Маърузада мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умумэътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш борасидаги вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилгани жамиятимизда ижтимоий адолат тамойилларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахсларни, эҳтиёжманд ва ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни арзон уйлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Яъни, мамлакатимизда юқорида қайд этилган янги, замонавий ижтимоий ҳимоя модели шаклланмоқда. Жорий йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахслар, эҳтиёжманд ва ночор оилалар арзон уйлар билан таъминлангани ана шу модель самарали ишлаб, ўз натижасини бераётганини кўрсатади. Бундан ташқари, 30 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларга умумий қиймати 3,6 миллиард сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилган. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанган ва бу мақсадлар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарф­ланган.

Маъруза мазмун-моҳиятидан кўриниб турибдики, бугунги Ўзбе­кис­тонимиз буюк мақсадлар сари дадил одимламоқда. Белгилаётган режаларимиз ҳам улкан. Уларни бажариш учун катта имкониятлар борлигидан эса қувонч ва ғуруримиз янада ортади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузаси шу жиҳатдан ғоят беқиёс аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳам бу маърузани чуқур ўрганиб, унинг маъно-мазмунини халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш биз – илмий зиёлилар ва олимларнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: