27.11.2018

16 НАФАР ПАРТИЯДОШИМИЗ «ЎЗБЕКИСТОН ОВОЗИ»ГА ЙИЛЛИК ОБУНА БЎЛДИ

Тарихий ўзгариш ва оламшумул ривожланишлар даврида яшаяпмиз. Бу жараёнларда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Сиёсий партия ташкилоти, аъзолари учун эса, албатта, партия матбуоти алоҳида аҳамиятга эга. Шундай экан, сафдошларимиз, фаоллар ва депутатларимиз биринчи навбатда партиямиз нашрларига обуна бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу борада Музработ туман тиббиёт бирлашмаси кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.

— Бугун нафақат туман ва шаҳар марказлари, балки чекка манзилларда ҳам хайрли ишлар амалга ошириляпти, — дейди Музработ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси, ЎзХДП аъзоси Рустам Одинаев. — Вилоят марказидан 50-55 километр олисда жойлашган ҳудудда қисқа давр­да қатор тиббиёт муассасалари капитал таъмирланди. 14 та қишлоқ врачлик пункти ўрнида битта қишлоқ врачлик пункти ҳамда олтита қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилинди. Уларга Россия, Хитой ва бош­қа хорижий мамлакатлардан замонавий асбоб-ускуналар келтирилди. Яқин-яқингача автотранспорт воситаларига эҳтиёж сезиларди. Бугунги кунда эса 10 та тез тиббий ёрдам машинасидан фойдаланаяпмиз.

— Электоратимиз вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш бугуннинг устувор вазифаси, — деди тиббиёт бирлашмасидаги ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти етакчиси Азамат Бекбобоев. — Туманимиздаги тиббиёт ходимларининг 300 нафардан ортиғини ЎзХДП аъзолари ташкил қилади. Ўтган йили эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган 170 нафарга яқин кишига ногиронлик аравачалари, тиббий жиҳозлар, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқлар олиб берилди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида эса 100 нафардан ортиқ электорат вакилларига 220 миллион сўмлик совғалар улашилди. Кейинги икки йилда 300 га яқин бепул йўлланмалар берилди.

Тиббиёт соҳасидаги бу ислоҳотлар, янгиликлар «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарида мунтазам равишда ёритиб келинмоқда. Партиямиз нашрлари бизга яқин кўмакчи ва маслакдош бўлмоқда. Газеталардаги танқидий-таҳлилий чиқишлар, партиядошларимизнинг ташаббуслари ва турли мавзулардаги мақолалар манзур бўлаяпти. Шуларни инобатга олган ҳолда, 16 нафар партиядошимиз яқинда севимли нашримиз — «Ўзбекистон овози»га йиллик обуна бўлди. 4 нафар сафдошимиз эса «Голос Узбекистана» газетасига обуна бўлмоқчи. Ташаббусимизни қўллаб-қувватловчилар кўпайишига ишонаман...

— Ҳудудда 2 минг 246 нафар аъзони бирлаштирган 42 та бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Музработ туман кенгаши раиси Панжи Норматов. — Шу йилнинг ўзида яна ўнта бошланғич партия ташкилоти ташкил қилиниб, 200 га яқин фаол ва ташаббускор йигит-қизлар сафимизга қўшилди. Бошланғич ташкилотларимизда ҳам обуна ташкил этиш ниятидамиз.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.