15.11.2018

Самарқанд шаҳри: ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР, БАРДАВОМ БУНЁДКОРЛИКЛАР

Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов билан суҳбат

— Самарқанд шаҳрини ривожлантиришни 2025 йилгача бўлган бош режасининг ишлаб чиқилиши ва шу асосда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларининг бошлаб юборилиши бу кўҳна замин қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Суҳбатимизни туризмни ривожлантириш, туристлар учун талаб даражасида шарт-шароит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлардан бошласак.

— Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Амир Темурнинг Дилкушо боғида бўлганида беҳад ҳайратга тушиб, ўз таассуротларини қуйидагича баён этган экан: «Подшоҳ саройида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди...»

Аслида Клавихо бежиз ажабланмаган. Амир Темур даврида юртимизда урф бўлган фавворалар ҳали дунёнинг бошқа минтақалари учун нотаниш эди. Соҳибқирон ўз боғларида турли мармар ва гуллар билан сайқал берилган фавворасимон ҳовузлар бунёд эттирган. Уларга махсус мослама (сопол қувур)лардан сув тушиб, ариқчалар орқали ташқарига отилиб турган. Бундай гўзал манзаралар ўша давр мусаввирлари яратган асарларда ҳам муҳрланган. Фавворалар Алишер Навоий асарлари ва «Бобурнома»га ишланган миниатюраларда ҳам акс эттирилган.

Қадимий кентнинг кўҳна обидалари қаршисида ҳар қандай сайёҳ ҳайратланади. Негаки, кўҳна Самарқанднинг тарихий обидалари ўз ҳолига қайтди. Шаҳарда қайта тиклаш, ободонлаштириш ишлари авж олдирилди. Кўпгина осори-атиқалар қисқа вақтда таъмирланди. Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида олиб борилган қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларидан сўнг дунё донишлари томонидан «Инсоният тафаккурининг шоҳ асари», дея эътироф этилган мазкур зиёратгоҳнинг сўнмас шуҳрати қайта тиклади.

— Маълумотларга қараганда, ҳар бир хорижлик турист ташрифи давомида Самарқанд шаҳрига ўртача 1000 АҚШ доллари миқдорида даромад келтирар экан.

— Самарқандда туризм тез суръатлари билан ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда «Ипак йўли» ҳалқаро туризм университети ташкил этилди. Мазкур замонавий таълим даргоҳи соҳанинг ҳар томонлама равнақ топишига хизмат қилади. Айни пайтда вилоятда фаолият кўрсатаётган меҳмонхоналар, туристик фирмалар ва экотуристик йўналишларнинг барчасига халқаро талабларга жавоб берадиган кадрлар керак.

Самарқанд шаҳрининг тарихий ёдгорликларини таъмирлаш, реставрация қилиш, ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда шаҳарда 450 га яқин туристик намойиш иншоотлари (ҳунармандлар устахоналари, сувенир дўконлар, кўнгилочар хиёбонлар, аквапарк ва сув аттракционлари, чашна (дегустация) заллари, сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган асосий 23 зиёрат туризми (маданий-мерос, тарихий ва диний), 5 йирик тадбирлар ўтказиш имконига эга манзиллар мавжуд.

Самарқанддаги Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Бибихоним мадрасаси, Афросиёб тарихи, Ўлкашунослик вилоят тарихи музейлари, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби маданий обидаларни кўришга, зиёрат қилишга интилувчи сайёҳлар сони йил сайин ошиб бораяпти. Шунингдек, Ал-Мотурудий, Шоҳи Зинда мажмуалари, Ҳазрати Хизр масжиди, Хўжа Абду Дарун, Хўжа Исҳоқи Вали, Хўжа Дониёр, Ислом Каримов мақбаралари жаҳон сайёҳларининг эътибор марказида турибди.

Айрим хорижликлар биздаги гастрономик туризмни хуш кўришади. Уларни «Қовун сайли», «Нон сайли», «Палов сайли» сингари анъаналаримиз, Наврўз томошалари ўзига жалб этади. Маданий-маърифий, археологик, саноат туризмининг мухлислари ҳам кўп.

Самарқанд шаҳрида жами 110 жойлаштириш воситалари мавжуд бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида 4616 нафар меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. 129 туроператорлар фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари, туристларга хизмат кўрсатувчи 118 нафар гид, 62 нафар экскурсовод, 586 нафар ҳунарманд, 18 туристик транспорт фирмалари, 3 фольклор ансамбллари мавжуд.

2018 йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида Самарқандга 1 миллион 560 мингга яқин маҳаллий ва 239 мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Хорижий сайёҳларнинг асосий қисми Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Италия, Испания, Туркия, Малайзия, Индонезия, Сингапур, АҚШ , Исроил ҳамда МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари улушига тўғри келади. Шаҳарда туристлар оқимининг сезиларли даражада кўпайиши ҳисобга олиниб, жорий йилда 12 янги инвестицион лойиҳани барпо этиш ишлари бошланган.

Самарқандга ташриф буюрувчи туристларнинг оқими ҳар йили ўртача 10-15 фоизга ўсиб бормоқда. Қанчалик яхши шароит яратилса, хизматлар уларни қониқтирса, шаҳарга чет элдан келадиган сайёҳларнинг сони янада кўпайишини инобатга олган ҳолда, мавжуд меҳмонхоналар ва туристик фирмаларда халқаро андазаларга жавоб берадиган сервис хизматлари кўрсатиш чоралари кўрилаётир. Қолаверса, соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш, сайёҳларни қизиқтирадиган туристик объектлар, маршрутлар рекламасини кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида меҳмонларга замонавий сервис хизматларини кўрсатувчи махсус факультет ташкил этилди. Самарқанд давлат чет тиллар институтида гид-таржимонлар тайёрланмоқда.

— Самарқандни Шарқ гавҳарига қиёслашади, дунё халқларининг маданият чорраҳаси, дея эътироф этишади.

— Бу файзли маконда азалдан илм-фан, ҳунармандчилик ривожланган. Ўзида қадимийлик ва замонавийликни шу даражада уйғунлаштирдики, уни бир бор кўриш, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш учун қанчадан-қанча хорижлик сайёҳлар ошиқиб қолишди.

Самарқанд азалдан Конигилда ишлаб чиқарилган қоғозлари, бетакрор ҳунармандчилиги, бутун дунёга донғи кетган нонлари ҳамда қадимий мусиқа ва санъати билан ҳам машҳур бўлган. Айни пайтда ҳам бу соҳалардаги анъаналар шаҳар ва шаҳар атрофларида давом этмоқда.

Шаҳар яқинидаги Кўҳак тепалигида, Обираҳмат ариғи бўйида буюк олим Мирзо Улуғбек томонидан барпо этилган улкан расадхонанинг ўз замонасидаги аҳамияти ҳозир ҳам дунё астрономлари томонидан эътироф этилмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 8 олий ўқув юрти, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим, мусиқа ва спорт мактаблари, 3 театр фаолият кўрсатмоқда.

Самарқанд мафтункор фавворалари билан ҳам тилга туша бошлади. Хусусан, Йўлбарслар хиёбони ҳамда Темир йўл вокзали боғидаги шундай иншоотлардан оқшом маҳали махсус рангли нурлар, Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳасидаги, Руҳобод ва Кўксарой майдонларидаги фавворалардан мусиқа садолари таралиб туради.

Самарқандда яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиали иш бошлади. Бу шаҳримизнинг ҳақиқий маданият чорраҳаси, илм-фан маскани эканлигини яна бир бор исботлайди.

— Самарқанд мамлакатимизнинг саноати ривожланган шаҳарларидан бири...

— Бугун «JV MAN avto», «Дака Текс», «Сам Антеп Гилам», «Pulsar Group Brewery», «Siyob saxоvati» каби кўплаб қўшма корхоналар, «СамАвто», «Самарқандкимё» акционерлик жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Автомобиль заводлари конвейрларидан чиқаётган «Isuzu» русумли автобуслар, юк ва маиший хизмат машиналари хорижга ҳам экспорт қилиняпти.

Ҳақиқатан ҳам бугунги осойишталик, бетимсол бунёдкорлик ишлари, онгу шууримиздаги ўзгаришлар, турмушимиз фаровонлигию насибамиз бутунлиги — буларнинг барча-барчаси истиқлол инъом этган буюк неъматлардир. Буни тобора яшнаб, яшариб, ўтмиши, бугуни ва келажаги уйғунлашиб бораётган табаррук замин — Самарқанд мисолида кўриб, тараққиётимиз бардавом эканлигига яна бир бор амин бўламиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдурасул САТТОРОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: