15.11.2018

«БИР ЎЛКАКИ, ТУПРОҒИДА ОЛТИН ГУЛЛАЙДИ»

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири номи билан аталган, Маликчўл мўъжизаси ҳисобланадиган обод ва муҳташам Навоий шаҳрида, вилоятида «Қизилқумцемент», «Электрокимё», «Навоийазот» сингари бели бақувват, мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига улкан ҳисса қўшаётган корхоналар кўп. Улар орасида Навоий кон-металлургия комбинати алоҳида нуфузга эга десак, асло муболаға бўлмайди.

 

Комбинатда олтин, уран, кумуш, фосфоритлар қазиб олинади, сульфат кислотаси, заргарлик, трикотаж ва тўқимачилик буюмлари, машинасозлик ҳамда маиший техника ашёлари ишлаб чиқарилади. Комбинат мутахассислари маъдан топиш учун қидирув-разведка ишларини олиб боради. Бу ерда маъданни қазиб олиш, қайта ишлашдан тортиб, уран оксиди ва чала оксиди, тоза, соф олтин олишгача бўлган замонавий технологияга асосланган тугал, тўла жараён амалга оширилади. Корхонанинг республикамизнинг турли вилоятларида кон бошқармалари ва улар ёнида бунёд этилган Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод, Зафаробод, Заркент, Маржонбулоқ, Красногорск каби шаҳарлар шодаси ҳамда бошқа саноат, маданий-маиший муасcасалари борлигидан комбинат фаолияти кўламининг қанчалар кенглигини англаш мумкин.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий шаҳри ва «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилиниши мамлакатимиз ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга Навоий шаҳри ва машҳур комбинатга бўлган катта эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Халқимиз — бунёдкор халқ. Бу олий фазилат аждодларимизнинг қон-қонидан бизларга ўтиб келган. Ўзбек қураман дейди, бузишни асло ўйламайди. Бунга Соҳибқирон Амир Темурнинг бунёдкорлиги яққол мисолдир. Унинг қурган шаҳарлари (Шоҳрухия, Байлақон; Самарқанд атрофида барпо этган Дамашқ, Шероз, Султония, Бағдод ва ҳ.к. шаҳарчалари), иморатлари, мадрасалари, боғлари оламга машҳур. Алишер Навоий ҳазратлари-чи? Улуғ шоирнинг бунёд этган мадраса ва масжидлари, иморатлари, боғлари тарихимизни безаб турибди. Бу анъана давом этмоқда, давом этаверади.

...1958 йил 22 сентябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати фармони билан Бухоро вилоятидаги Кармана (шаҳар типидаги посёлка) райони Навоий райони деб атала бошланди ва Навоий шаҳрига асос солинди. Ўзбекистон харитасида «Навоий» сўзи пайдо бўлди. Бу улуғ шоирга ҳурмат ва юксак эҳтиром белгиси эди. Айнан шу йили Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилди.

Бугун бу комбинат — ўхшаши йўқ, улкан индустрияга айланди. Шимолий кон бошқармаси, Марказий кон бошқармаси, Жанубий кон бошқармаси, 5-кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси... Бошқармалар кўп. Ҳар бири комбинатнинг қон томири, десак адашмаймиз. Ходимлар сони 60 мингдан ошиб кетди, 47 миллат вакиллари меҳнат қилади, уларнинг орасида фан докторлари ва фан номзодлари бор. Мустақиллик йиллари комбинатда 24 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилди.

Шуни айтиш керакки, кейинги пайтларда комбинатда замонавий технологиялар билан жиҳозланган бир неча корхона барпо қилинди. Чунончи, 3-гидрометаллургия заводида сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш технологияси муваффақиятли йўлга қўйилди, Марказий кон бошқармасида олтинни уюмда ишқорлаш цехи ва «Мурунтов» конида эмульсион портловчи моддалар заводи, Жанубий кон бошқармасида 4-гидрометаллургия заводи, «Мурунтов» конида эса қуввати бўйича жаҳонда ягона бўлган Тик-қия конвейери ишга туширилди. Саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг биринчи ўнталигига кирди. Ватанимиз улкан олтин конларига эга бўлибгина қолмасдан, балки энг тоза ва юксак сифатли олтин ишлаб чиқармоқда. «999.9»(!) пробали Қизилқум қуймалари жаҳон бозорларида озод Ўзбекистоннинг ишонч ёрлиғига айланмоқда. Мурунтов олтини — мустақил Ўзбекистоннинг фахри, ифтихоридир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарори билан тасдиқланган ва жорий этилган дастур бўйича, умумий қиймати 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ эвазига 27 та инвестициявий лойиҳа устида қизғин иш олиб борилмоқда. Хусусан, «Ауминзо-Амантой» кони негизида 5-гидрометаллургия заводи барпо этилади, «Мурунтов» кони бешинчи навбати ишга туширилади, «Кўкпатас» ва «Довгистов» конларида муҳим лойиҳалар амалга оширилади. Буларнинг бари сув келса симириб, тош келса кемириб, саҳронинг иссиғи демай, совуғи демай юксак шижоат намуналарини кўрсатаётган қадри баланд, ўт юракли кончиларимизнинг муборак тўйга катта меҳнат туҳфалари билан келаётганларини кўрсатиб турибди.

Навоий шаҳрида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари кишини ҳайратга солади. Фариштали шаҳарнинг буюк бунёдкор шоир ва мутафаккир номи билан аталиши ҳам бежиз эмас. Бу ерда инсон боласининг ақли етмайдиган бир илоҳий сир бордек... Шаҳар аҳолиси икки юз мингга яқинлашиб қолди, унда ўттиз саккиз миллат вакиллари яшайди, ўттиз маҳалла бор, 2 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатади. Ғарбий томон — саноат зонасида «Навоийазот», кон-металлургия комбинати жойлашган, яқинда бу ерда эркин иқтисодий зона бўлими иш бошлади. Тўртта ички саноат зоналари мавжуд. Шарқий томон — аҳоли яшайдиган жойлар, «Меъмор», «Мурувват» маҳаллаларида турар жойлар барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

— «Навоий-сити»ни лойиҳалаш, қуриш ишлари бошлаб юборилди, — дейди шаҳар ҳокими Муҳиддин Бозоров. — Бунинг учун 42 гектар ер ажратилди. Завод, комбинатларимиз, бошқа идоралар шу ерга кўчади. Кичик саноат зоналарига катта аҳамият бермоқдамиз. Саноат корхоналари сони 546 та. Қўшма корхоналар — 26 та. Ривожланиш кўрсаткичларимиз тобора яхшиланиб бормоқда. 9 ой учун бюджетга 569 233,10 миллион сўм туширилди. 10 ой давомида 66 лойиҳани ишга туширишга эришилди. Янги иш ўринлари яратиш асосий вазифалардан бири. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 4826 иш ўрни яратилди. Келаси йили 1405 иш ўрни барпо этиш режалаштирилган, ҳаёт доим режаларга ўзгартиришлар киритиб туради, иш ўринлари кўпайиб боради, албатта.

Шу йилнинг январь-сентябрь ойларида янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар 251 тага етди. Шундан кичик бизнесга қаратилгани 220 та, умуман, хўжалик юритувчи субъектлар сони 3184 тани ташкил этади.

Навоий шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 1180,7 млрд. сўм бўлган ўрта ва йирик лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди, уларни ишга тушириш асносида 2783 иш ўрни яратилиши белгилаб олинди. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига қиймати 107,1 млрд. сўмлик 77 лойиҳа ишга туширилиб, 693 та янги иш ўрни яратилди. Жараён қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги қарори асосида шаҳарда амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси билан қизиқдим. «Навоийазот» АЖ негизида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексини қуриш лойиҳаси (қиймати 1 702 451,0 минг АҚШ доллари бўлиб, бунинг ичида, корхонанинг ўз маблағлари, ҳуқуқий кафолат остида хориж инвестицияси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари мавжуд) прогноз бўйича 90,1 фоизга ижро этилган. Шунингдек, «Навоийазот» корхонасида яна поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш ҳамда азот кислотасини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари устида ҳам иш тўхтагани йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг улкан эътибори ва ғамхўрлиги натижасида мамлакатимизда халқ соғлиғини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимлари мутлақо янги тарзда ишлаб чиқилмоқда. Айтиш керакки, бу ўзининг ҳаётбахш самараларини бермоқда. Буни Навоий шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин.

Қурувчи тадбиркор Фахриддин Хирожев саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган «VAGUS» МЧЖ даволаш диагностика маркази, бир сменада 100-амбулатор қатновга ва 5 ўринли стационар (ётиб даволаниш)га мўлжалланган. «Асака» банки ажратган 2 миллиард сўм кредит асосида марказнинг янги биноси қурилгандан кейин яхши шароитлар вужудга келди. Ҳозир 50 ўринли стационар, катта ва кичик жарроҳлик заллари, 3 ўринли реанимация бўлими ишлаб турибди. Қандай шифокорлар ишлашини сўраб-суриштиргандим, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлдим. Терапевт, кардиолог, кардиоревматолог, гастреэнтролог, гинеколог, оттоларинголог, рентгенолог, неврапатолог... Яна кўп. Бундай мутахассис-врачларнинг кўплари, одатда, пойтахт шифохоналарида бўларди, энди вилоятларда ҳам ноёб шифо усулларидан фойдаланиб, даволаш жараёнлари олиб борилмоқда. Яна бир қувонарли жойи, марказ хорижий шифокорлар, хусусан, Ҳиндистон врачлари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини боғлашга, уларни таклиф қилиб, халқимиз соғлиғини сақлашда хорижий бой тажрибаларга суяниб, фаолият олиб боришга астойдил ҳаракат қилмоқда. Натижада ҳинд врачлари келиб муолажалар ўтказишмоқда.

2012 йил 9 октябрь кунидан бошлаб шаҳарда «ESHMUROD DENTА SHIFO MASKANI» масъулияти чекланган жамияти иш бошлади. Янги инновацион технологиялар олиб келинди. Шифо масканининг обрўйи эл-халқ ўртасида ортгандан ортиб бормоқда. Бу ерда Навоий вилоятидан бошқа Бухоро, Самарқанд вилоятлари, Тожикистон, Қозоғистон республикаларидан келган беморларни ҳам кўриш мумкин. Кам таъминланган, I-II гуруҳ ногиронларига имтиёзлар берилиши белгилаб қўйилган. Бўлимлар кўп. Жарроҳлик бўлими 12 нафар беморга мўлжалланган. Ҳозиргача саккиз юзга яқин бемор жарроҳлик йўли билан шифо топди. Келажакда шу ерда 100 ўринли жарроҳлик маркази очилиши кўзда тутилмоқда.

Навоий шаҳрида жойлашган вилоят кўп тармоқли марказий шифохонасида, бош врач Э.Аҳмедов бошчилигида жуда савобли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда шифохона томонидан Япониянинг машҳур «Жайка» компаниясидан 6 млн. долларга қимматбаҳо замонавий тиббий жиҳозлар сотиб олиб келинди. Уларнинг ичида энг сўнгги рақамли юқори сифатли рентген аппарати, ЭКГ ва яна бошқа зарур жиҳозлар бор. Ҳозир бу ерда мураккаб бўлган юрак муолажалари ҳам амалга оширилмоқда.

Шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Умрзоқ Муродуллаев билан шифохоналарни кўриб бўлгач, «Обод маҳалла» дастурига киритилган «Тинчлик» маҳалласига йўл олдик. Йўл-йўлакай қизғин бунёдкорлик манзаралари намоён бўлиб борарди. Ҳамма ҳаракатда, жим турган одам йўқ. Шаҳар гўё эрта-индин катта тўй бўладиган хонадонни эслатар, бу боққан кишига қандайдир кўтаринки руҳ бағишларди.

«Тинчлик» маҳалласида иш қизғин экан. Катта йўлнинг ёнига қулай йўлка қилинган, ёшлар меҳнат гузари(бу каттагина тикланаётган бино, ичида барча маиший хизмат хоналари бўлиши мўлжалланган) олдида бир неча оқсоқол суҳбатлашиб турган экан. Улар билан кўришдик. Барчасининг кайфияти яхши, юрт обод бўлмоқда ахир. Шундоқ ёнимизда барпо этилган амфитеатр диққатимизни ўзига тортди. Безак ишлари олиб борилмоқда экан. Бу ерда концертлар, кўнгилочар томошалар бўлади ҳали, байрам тантаналари ўтказилади. Дўконлар ишга тушиб кетибди. Аҳолини сув, электр билан таъминлаш, инфраструктурани йўлга қўйиш, ижтимоий объектларни таъмирдан чиқариш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Йўлнинг нариги томонида янги таъмирдан чиққан 9-мактабнинг муҳташам биноси қўр тўккан. Шу томонга юрамиз. 405 нафар ўқувчи билим олади бу мактабда, 38 ўқитувчи сабоқ беради.

— Мен сизни яна бир мактабга олиб бораман, — дейди Умрзоқ Муродуллаев. — Хурсанд бўласиз. Ажойиб мактаб!

Шаҳардаги 11-мактабга келганимизда бизларни мактаб директори ўринбосарлари Ислом Рўзиев ва Сайёра Неъматовалар кутиб олишди. Жуда катта мактаб экан. 1-11 синфларда 2312 нафар бола билим олади. 75 та синфга эга. 193 нафар ўқитувчи дарс беради. Уларнинг орасида 51 нафар халқ таълими аълочиси бор, география ўқитувчиси Р.Абдиев эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Мактабда тиббиёт, иқтисод, техника, ҳуқуқ йўналишлари бўйича таълим берилади. 2011 йилдан бери 5-8 синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган анъанавий республика билимлар беллашувида мактаб ўқувчилари ҳар йили фақат 1-ўринни эгаллаб келади! Ўқувчилар ичида фан олимпиадалари ғолиблари кўп. Ажойиб мактаб эканини шунда тушундим. Мактабнинг катта залида ўтган учрашувда эса бунга яна гувоҳ бўлдим. Зални тўлдирган ўғил-қизлар барчаси кўзлари ёниб, қизиқиш билан сўзларга қулоқ солишар, саволлар беришарди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан, Навоий шаҳридаги янгидан қурилган 19-умумтаълим мактаби (бу «Меъмор» маҳалласида) базасида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиётига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Олий ва 1-тоифали она тили ва адабиёт ҳамда бошланғич таълим ўқитувчилари танлов асосида ишга олинибди.

Мактаб директори Ж.Вафоқулов бундай деди:

— Бу қарор она тилимиз ва адабиётимизга бўлган катта эътиборнинг ёрқин намунаси, бизнинг мактабимиз учун эса катта шараф бўлди, айни пайтда катта масъулиятдир, буни юракдан ҳис этамиз. Мактабимизда 1060 нафар бола ўқийди. Уларга 67 ўқитувчи таълим-тарбия беради. Биринчи синф ўқувчиларидан танлаб олинган тил-адабиётга мойил болалардан ҳар бирида ўттизтадан иккита 2-синф ташкил этилди. Бу синфларда дарслар алоҳида дастур асосида ўтказилади.

Шаҳарда педагогика институти қошида ва кончилик институти қошида лицейлар ишлаб турибди. 6 та коллежда ҳам ўқув жараёнлари қизғин. 744 ўқувчи таълим оладиган тиббиёт коллежининг фаолияти алоҳида аҳамиятга молик. Яқинда шаҳарда юридик коллежи ҳам очилди.

Бир пайтлар кичкина разъезд бўлган чўлнинг пучмоғида, бугунги кунда эса бўстонга айланган шаҳарда икки олий ўқув юрти — педагогика ва кончилик институтлари (уларда жаъми ўн мингга яқин талаба сабоқ олади), мактаблар, лицейлар гуркираб ишлаб турибди. Учта — электромеханика, кон иши ва кимёвий металлургия факультетларига эга кончилик институтида ўтган учрашув, айниқса, қизиқарли бўлди. Адиблар келганини кўриб, залга йиғилган талабалар шу заминнинг болалари, уни ардоқлаб, оғирини енгил қиладиган, унинг учун хизматга шай турадиган, Навоий номини шарафлаган шаҳарнинг паҳлавон ва меҳрибон фарзандлари эди!

Қизилқум нега қизил, деб ўйланар эдим. Аслида, унинг бағрида яширинган асил маъданлар тупроққа ҳам ранг бериб турар экан. Одатда, келажак, хусусан, шаҳарнинг келажаги ҳақида сўрашни яхши кўрамиз. Аммо Навоийда буни бировдан сўраб ўтирмадим. Бу шаҳарда амалга оширилаётган тарихий ишлар унинг порлоқ келажагидан дарак бериб турибди.

Улуғ ўзбек шоири ва адиби Ойбек ўзининг 1934 йилда ёзган «Ўзбекистон» шеърида ғурур билан: «Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди» сатрини келтирган, устоз олтин тупроқли Ватанимизни ана шундай шарафлаган эди. Ҳар бир ўзбекнинг қалбида муҳрланган бу сўзлар айнан Навоий замини ҳақида айтилгандай туюлади.

 

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.



DB query error.
Please try later.