15.11.2018

МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ КИШИНИНГ ФАРЗАНДИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ОЛИШ ИМКОНИГА ЭГА БЎЛИШИ МУҲИМ МАСАЛА

Шерзод СОДИҚОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

Таълим тизимини чуқур ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилаётгани бор гап. Олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки таълим жорий этилди, кириш синовларида тўплаган натижалари энг юқори баллнинг 30 фоизи (68,0 балл)дан кам бўлмаган, ўқиш истагини билдирган абитуриентлар амалдаги тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган миқдорда тўлов тўлаш шарти билан ўқишга қабул қилиниши белгиланди. Яратилаётган имкониятлар диққатга сазовор, албатта.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ҳукумат томонидан олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари жорий этилди. Бу ҳам партиямиз электорати ҳисобланмиш ногиронлиги бўлган шахсларга катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Бугунги кунда юртимизда барча соҳа учун замонавий кадрлар лозимлиги кундек равшан.

Ҳар йили республикамизда мактаб, ўрта-махсус таълим муассасаларини қарийб 600 минг нафар ўқувчи тамомлаётган бўлса, шундан атиги 10 фоизи, яъни 60-70 минг нафари талабалар сафига қабул қилиниши бироз кўнгилни хира қилади.

Бу кўрсатгични ЮНЕСКО маълумотлари билан таққослайдиган бўлсак, талабалар сонининг мамлакатимизда ўсиш даражаси бошқа давлатлар билан таққослаганимизда, анча паст эканини кўриш мумкин. Масалан, Хитой ва Ҳиндистон давлатларида талабалар сони кейинги 15 йил ичида икки баробарга ошди.

Шунга кўра, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 20 июнда қабул қилинган Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим, деб ҳисоблайман.

Қарорга кўра, кириш синовларида тўплаган натижалари энг юқори баллнинг 30 фоизи (68,0 балл)дан кам бўлмаган, асосий квоталар доирасида ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга қабул қилинмай қолган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади. Абитуриент Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларини бажаргандан сўнг, олий таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади, деб белгилаб қўйилган.

Бунда, биринчи ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори таълим йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб, Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Менинг таклифим ана шу масала билан боғлиқ. Абитуриент етим, чин етим, ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари бўлса ёки кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган тақдирда, унга ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ эмас, балки 5 баробар миқдорида тўлов тўлаш шарти билан, имтиёзли таълим кредитидан фойдаланиш орқали ўқишга кириш ҳуқуқи берилиши тарафдориман.

Ёки юқорида кўрсатилган қатлам вакиллари фарзандлари учун давлат гранти асосида сиртқи таълим олиш имконияти яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу таклифларнинг асослари қуйидагича:

Биринчидан, бугунги кундаги белгиланган 10 баробар миқдоридаги тўлов-контракт суммаси ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам вакиллари учун жуда катта маблағ ҳисобланади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, республикамизда 5,8 млн. киши расман иш билан банд, Молия вазири ўринбосари Д.Султоновнинг таъкидлашича, юртимиздаги 800 мингга яқин ишчи 500 минг сўм атрофида минимал ойлик маош олади. Йилига 6 млн. маош оладиган ишчилар фарзандлари учун 10 баробор миқдоридаги, яъни 80-100 млн. сўмлик тўловни тўлай олмаслиги аниқ.

Иккинчидан, кам таъминланган оила вакиллари фарзандлари ҳам бекор юрмайди, бемалол ўқишга кириб, келажакда оиласи ва юрт равнақи учун хизмат қилади.

Учинчидан, қизлар учун яхши имконият яратилади. Қизлар биринчи ва иккинчи йиллари талаба бўла олмаса, одатда, уларни турмушга узатиш ҳоллари кўп учрайди. Оқибатда улар аксарият ҳолларда бир умр олий маълумотсиз бўлиб қолади.

Тўртинчидан, аҳоли қатламлари ўртасидаги иқтисодий тафовут қисқаришига қўшимча асос яратилади.

Яратилаётган имкониятлардан барча ёшларимиз фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши долзарб аҳамиятга эга, деб ўйлайман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: