13.11.2018

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ШАРТЛИ РАВИШДА МАЪҚУЛЛАНДИ

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Мажлис кун тартибига киритилган масалалар аввалроқ Ўзбекистон ХДП йиғилишларида ҳам атрофлича муҳокама қилинган.

Хусусан, «Уруғчилик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилган. Ушбу лойиҳа Президентнинг шу йил 27 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги консуллик муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи асосий ҳужжат, яъни Консуллик устави 22 йил аввал қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида миллий қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, шунингдек, ҳозирги кунда шаклланган амалиёт, хорижий тажриба ва халқ­аро ҳуқуқ меъёрлари мазкур ҳужжат такомиллаштирилишини тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатаси томонидан мазкур устав янги таҳрирда тайёрланди. Унда консуллик фаолиятини амалга ошириш, консуллик мансабдор шахслари орқали чет элдаги фуқароларимиз ҳамда юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларининг ҳуқуқий-ташкилий асослари белгилаб берилмоқда. Консуллик муассасалари ҳуқуқий мақоми ва тоифаларининг аниқ ифодалангани вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

 

Зулайхо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги халқаро стан­дартлар янгиликлар қилишга, доимо изланишга ундамоқда. Айни вақтда бу қонунчилик меъёрларини такомиллаштириб бориш, янги ҳуқуқий асослар яратишни талаб этади. Мазкур жараён уруғчилик соҳасини ҳам четлаб ўтмаслиги керак. Инсон қандай маҳсулотларни истеъмол қилиши унинг ҳаёт тарзига бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода мазкур қонун ло­йиҳаси муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Соҳани ривожлантириш, сифатли ва ҳосилдор маҳсулотлар уруғларини етиштириш ишларини кенгайтириш, уларни халқаро бозорда илгари суришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари янада кенг қамраб олиниши керак. Бунда янгиланган талаб ва таклифлар пухта ўрганилиши лозим.

Лойиҳада уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини яхшилаш ҳамда уруғлик экспорти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳам кўзда тутилмоқда. Фракциямиз фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида уруғчиликнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий инновацион лойиҳаларни жорий этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, уруғчилик генофондини сақлаш, уруғлик етиштирадиган ва уни қайта ишлайдиган корхоналар тармоғининг самарадорлигини ошириш ҳам бевосита лойиҳа асосида жадаллашади. Қонун лойиҳасига кўра, уруғларни реализация қилиш ҳамда экспорт кўламини кенгайтириш эса иқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшади.

«Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳа­қида»ги қонун лойиҳалари ҳам депутатлар диққат марказида бўлди.

 

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ўсимликлар карантини соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликнинг самарасизлиги боис ушбу меъёрларни қайта кўриб чиқишга эҳтиёж сезилди. Ҳозирги пайтда ўсимликлар карантини инспекторлари зарарланган ҳудудларни аниқлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинлари майдонлари ва аҳоли томорқаларида назорат ўтказиб келмоқда. Камчилик аниқланган тақдирда ер эгаларига ўсимликларни зарарсизлантириш учун мажбурий амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб бермоқда.

Президентимизнинг «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қароридан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиляпти. Хусусан, карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария ёки бошқа хил қоидаларини бузган фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилмоқда. Хориждан келтирилиб, карантин текширувидан ва тегишли ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни ташиб чиқиб кетиш бўйича ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Фракциямиз ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат назоратини кучайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Шунингдек, ўсимликларнинг карантини бўйича чора-тадбирларни тизимли амалга ошириш тубдан ислоҳ қилинади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, ўсимликлар карантини ва фитосанитария талаблари бажарилишини тўлиқ таъминлашга ёрдам беради.

Фракция йиғилишида яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Хусусан, «Суд, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси ­Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Лойиҳа мақсадининг тўлиқ очиб берилмагани ва моддалардаги бўшлиқларни тўлдириш кераклиги таъкидланди. Шу боис мазкур қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан шартли равишда маъ­қулланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.