Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
25.10.2018

ҚЎШНИ РОЗИ, ХУДО РОЗИ. АФСУСКИ...

Муқаддас ҳадиси шарифларда қўшнининг ҳаққи тўғрисида шундай дейилади: «Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса, қарз бермоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик лозим».

Қаранг, қадим-қадимдан қўни-қўшнилар бир-бирини ҳурмат қилишга, аҳил бўлишга даъват этилган. Улар ушбу қадриятга амал қилишган. Аммо замонлар ўтиб, айрим қадриятларимизга, хусусан, қўни-қўшничилик удумларига ҳам путур етганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ёнма-ён яшаётган қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат сустлашиб бораётгани сезилмоқда. Бойроқ қўшни бошқаларни менсимаслиги сезилиб қолмоқда. Ҳатто қўшнидан сўрамай, розилигини олмай, баланд иморат қуриб, қўшни уйининг ҳовлисини қуёшдан тўсиб қўйиш ҳоллари учрамоқда. Бунинг оқибатида икки қўшни ўртасида низо пайдо бўлиб, йиллаб судлашмоқда.

Хуршид Тўлабоев пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги «Бешқайрағоч» маҳалласида, 3- Қурувчи тор кўча, 31-уйда яшайди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ассалом, Ўзбекистон» телеканалида 40 йилдан буён режиссёр бўлиб ишлайди. Маҳаллада ўзига яраша обрў-эътибори бор, қўни-қўшнилар билан аҳил.

Ўтган йили собиқ қўшниси — 3-Қурувчи тор кўча, 33-уйда яшовчи Бахтиёр Абдуллаев оиласи билан кўчиб кетгандан сўнг ҳовлини қўшни маҳаллада яшовчи Абдуфаттоҳ Иргашев турмуш ўртоғи Гулноза Иргашева номига сотиб олиб, расмийлаштиради. У оиласи билан хонадонга кўчиб келганидан кейин ҳовлини қайта қуриш учун 2018 йилнинг февраль ойида бир қанча ҳужжат билан Хуршиднинг уйига чиқади. Ҳовлидаги уйларни бузиб, янгидан икки қаватли уй қурилишини бошламоқчилигини айтиб, унга ДСЭНМ томонидан берилган хулоса ва архитектор чизиб берган лойиҳани кўрсатади. Чап томонидаги қўшниси, 35-уй эгаси Тоҳир Назаров янги иморат қурилишига рози эканини, у ҳам розилик қоғози ёзиб беришини сўрайди.

Хуршид Тўлабоев қўшнининг бу гапидан ҳайрон бўлади. Ҳовлининг ўртасидан икки қаватли иморат қуриладиган бўлса, унинг ҳовлисидаги лимон экилган иссиқхона, мевали дарахтларни қуёш нуридан тўсиб қўймайдими? У ана шу истиҳолани қўшнисига ётиқлик билан тушунтиради.

— Менинг тўртта ўғлим бор, — дейди Абдуфаттоҳ Иргашев бунга жавобан. — Ҳовли ўртасидан икки қават қилиб уй қурмасам, уларнинг қайси бирига етказаман?

— Иморатингизни 4 қават қилиб қурсангиз ҳам розиман, фақат шуни эл қатори кўча юзасидан қурсангиз, қўни-қўшнига ҳам зиёни тегмасди, ҳовли саҳни ҳам ёпилмасди, — дейди Хуршид Тўлабоев. — Бу лойиҳага мен розилик хати беролмайман...

— Майли, ўзингиз биласиз, — дейди Абдуфаттоҳ Иргашев ва индамай чиқиб кетади. Шундан кейин у уйнинг томини очиб, ҳовли саҳнидан икки қаватли уй қурилишини бошлайди. Хуршид Тўлабоевнинг ҳаловати бузилади, маҳалла фуқаролар йиғинига чиқади. Маҳалла оқсоқоли Ўткир Ҳайдаровга воқеани тушунтиради. У Хуршид Тўлабоевнинг гапини маъқуллайди, лекин Абдуфаттоҳ Иргашевга бирор нарса деб кўрсатма беришга ваколати йўқлигини айтади. 18 кишидан иборат маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари Абдуфаттоҳ Иргашевни кўпчилик олдида тартибга чақиришади. У бунга жавобан қўлидаги ҳужжатни рўкач қилиб, қурилишни давом эттиришини билдиради.

Тўғри, Абдуфаттоҳ Иргашев ҳовли саҳнидан икки қаватли уй қурилишини бошлаш учун Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати марказидан инсоляция хулосасини олган. Лекин хулоса якунида: «Ушбу хулоса қурилиш учун асос бўла олмайди», деган жумлалар ҳам бор. «Axm-loyiha-liniya» МЧЖ ҳовли эгасидан қўшниси бўлмиш Хуршид Тўлабоевнинг иморат қурилишига розилик хатини талаб қилмасдан ДСЭНМ томонидан берилган хулоса асосида қурилиш лойиҳасини тайёрлайди ва бу ҳужжат 2018 йил 16 мартда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан 46-тартиб рақами билан тасдиқланади...

Шундан кейин Хуршид Тўлабоев бу ҳақда Учтепа туман ҳокимлигига, Ўзбекистон Президенти порталига, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ва ҳоказо-ҳоказо жойларга шу масалада ёрдам сўраб шикоят хати ёзди. Масалани жойида кўриб чиқиш учун унинг уйига туман ҳокими, ҳоким ўринбосари, туман ички ишлар бўлими, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати бошлиғи келади. Ўша пайтда Абдуфаттоҳ Иргашев ҳовли саҳнидан аллақачон Хуршид Тўлабоевнинг боғ деворига тақаб ўра қаздирган, қурилиш ишлари бошлаб юборилган эди. Ҳоким ва унинг ҳамроҳлари Абдуфаттоҳ Иргашевнинг қўлидаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, уни тўғри деб топишади. Хуршид Тўлабоевга агар бу борада эътирози бўлса, судга бериши мумкинлигини билдиришади.

2018 йилнинг 19 июнь ва 25 июнь санаси билан Хуршид Тўлабоевнинг мурожаатига жавобан Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдусаттор Ҳасанов, Бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, шаҳар бош архитектори Нуриддин Сагатов имзоси билан берилган хатда қурилиш ишлари Тошкент шаҳар ДСЭНМнинг инсоляция хулосаси ва «Axm-loyiha-liniya» МЧЖ лойиҳасидан четланмаган ҳолда олиб борилаётгани, бу ҳақда далолатнома тузилгани билдирилган. Қўшимча қилиб «ушбу қурилиш ишларидан норози бўлган тақдирингизда тегишли суд органларига мурожаат этишингиз тавсия этилади», дейилган.

Хуршид Тўлабоев шаҳарсозлик қурилишида қонун устуворлигига риоя этилишини қатъий талаб қилиб, яна мутасадди ташкилотларга шикоят хати ёзади. Шундан кейин бу масала қайтадан ўрганиб чиқилиб, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Б.Холматов имзоси билан 2018 йил 13 август санаси билан қурилиш ишлари бораётган хонадон эгаси Гулноза Иргашовага: «...Сиздан, қўшни участкалардан кўриниш паналиги таъминлашингизни, акс ҳолда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирамиз» (Хатдан олинган иқтибос матни шундайлигича берилмоқда, Н.Д.), деган хат берилади.

Бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, шаҳар бош архитектори Нуриддин Сагатов имзоси билан 2018 йилнинг 29 ва 30 август санаси билан Хуршид Тўлабоевга берилган жавоб хатида қурилиш олиб борилаётган хонадон эгаси Г.Иргашева қўшни ҳовлилардан кўриниш паналигини таъминлаш бўйича огоҳлантирилгани, хат ижроси таъминланмаса, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари бекор қилиниши ҳақида маълумот берилган. Аммо қурилиш давом эттирилган...

Масалага ойдинлик киритиш учун Бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, шаҳар бош архитектори Нуриддин Сагатовнинг қабулига кирдик. У қўлимизга 2018 йил 12 сентябрь санаси билан ёзилган Г.Иргашеванинг лойиҳага ўзгартириш киритиш ҳақидаги аризасини тутқазди. Кейин тегишли мутасаддилар ва қурилиш эгасини таклиф қилиб, бу масалани ҳал қилишини билдирди.

Бизнинг «Нега қўшни ҳовли эгасининг розилигисиз қурилиш ишларига рухсат берилди?», деган саволимизга ўзини «Архитектор Маҳмуджон Юсупов», деб таништирган йигит Тошкент шаҳар ДСЭНМнинг инсоляция хулосаси ва «Axm-loyiha-liniya» МЧЖ лойиҳаси тақдим этилган тақдирда қўшнининг розилигини олиш шарт эмас, деган фикрни билдирди.

Унинг бу гапидан ҳайрон қолдик. Чунки 2002 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси шаҳарсозлик кодексининг 3-моддасида: «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозликнинг асоси бўлиб, улар шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар ижро этиши учун мажбурийдир», дейилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2009 йил 23 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган «Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш»нинг изоҳида ҳар қандай бино қурилишида қўшни ҳовли эгалари билан келишилиши, турар-жой уйи ва хўжалик биноларининг қўшни участкалардан кўриниш паналигини таъминлаш, қўшнининг турар-жойига қуёш тушиш нормаларини таъминлаш белгиланган. Савол туғилади: архитектор Маҳмуджон Юсупов бундан бехабарми? Ёки унинг ўз қонун-қоидаси борми? Эҳтимол, уй-жой ёки бошқа маиший хизмат кўрсатиш бинолари қурилиб, маълум муддат ўтгач, бузиб ташланаётганига архитекторларнинг ўз вазифасига ана шундай масъулиятсизлиги сабаб бўлаётгандир?

 Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси 1- ва 3-қисмларига кўра, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозимлиги кўрсатилган.

Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан чиқаётганимизда шаҳарни режалаштириш ва қурилиш бўлими бошлиғи Шавкат Дўстмуҳамедовга дуч келиб қолдик. Салом-аликдан кейин юқоридаги саволимизга у ҳам: «Нима, қўшни розилик бермаса, одам ўз ҳовлисида қурилиш қилмаслиги керакми? Агар ДСЭНМнинг инсоляция хулосаси ва мутасадди ташкилот томонидан тақдим этилган лойиҳа тўғри бўлса, қўшнининг розилигини олиш шарт эмас. Прокуратурага чақиришса ҳам шу гапимда тураман. Яна қандай саволлар бор?», деди-ю, хайр-хўшни насия қилиб эшикдан ичкарига кириб кетди...

У шунчалик ишонч билан гапирдики, ё кўп нарсани билади, ёки ўзига ортиқчароқ ишонаётганга ўхшаб туюлди. Эҳтимол у манманлик замони ўтгани, бугун одамлар дардига, муаммоларига ҳурмат ва диққат-эътибор билан қараш талаб этилаётганидан бехабардир?

 Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан қониқарли жавоб ололмагач, Хуршид Тўлабоев 2018 йилнинг 8 сентябрида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилишда қонун устуворлигини таъминлашни сўраб, Учтепа туман прокуратураси ва Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судига мурожаат қилди.

2018 йилнинг 12 сентябрида Фуқаролик суди Хуршид Тўлабоевнинг даъво аризасини таъминлаш чораси сифатида 3-Қурувчи тор кўча, 33-уйда яшовчи Гулноза Иргашевага қарашли икки қаватли иморат қурилишини фуқаролик иши мазмунан кўрилгунга қадар вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқарди. Унга биноан Мажбурий ижро бюросининг Учтепа бўлими ижрочилари томонидан 2018 йилнинг 15 сентябридан қўшни уйдаги қурилиш тўхтатилди. Лекин икки қаватли уй девори тўлиқ кўтарилиб бўлган эди...

Данғиллама икки қаватли уйнинг юқори қисмидан ён ҳовлилар кафтдай кўриниб туриши табиий ҳол. Бундан ташқари, қўшниларнинг ҳовлисига қуёш нури кам тушади, шамол айланмайди...

Одамлар аризасига бефарқ қараш ҳолатлари ҳамон оз эмас. Матбуотда чиққан танқидий мақолаларга «ёзса-ёзибди-да...», деган кайфиятдаги муносабатлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бу каби иллатлар қонун устуворлигини таъминлашга, адолат қарор топишига тўсиқ бўлади.

Ушбу муаммони ўрганиш жараёнида бир хулосага келдик: жойлардаги тегишли идоралар фуқаролар аризасига эътиборли бўлиб, кўтарилган масалани диққат билан ўрганиб, вақтида адолатли ҳал этса, олам гулистон. Агар масъул ходим ўз вазифасини сидқидилдан бажармаса, лоқайдлик қилса, жонни бироз қийнаб, муаммони чуқурроқ ўрганмай хулоса чиқарса, одамлар йиллаб овора-ю сарсон бўлади, қонунга ишончи сусаяди, жамиятдан норози бўлади...

Масъул вазифаларни эгаллаб турганлар буни унутмаслиги керак, деб ўйлаймиз. Саводли, инсонпарвар, диёнатли одам ўз бурчига ҳам, одамларга ҳам хиёнат қилмайди. Бир савол кишини ўйга толдиради: Қайсидир амалдор ёки масъулнинг хатосини тузатиш учун судлар ишлайди, бош қотиради. Қилғиликни қилганлар кўпинча жазо олмай четда қолиб кетади. Бунинг оқибатида хатолар такрорланаверади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: