25.10.2018

НАРХЛАР ИЛОЖСИЗЛИКДАН ОШИРИЛМОҚДА

Мамлакатимизда келаси ойдан бошлаб электр энергияси, табиий газ ва ёқилғи учун тарифлар ўзгариши кутиляпти

23 октябрь куни Молия вазирлиги Ғазначилигида вазирлик тизимидаги мутахассислар, журналистлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда нархлар ўзгаришининг сабаблари ва асосларини Бош вазир ўринбосари молия вазири Жамшид Қўчқоров изоҳлаб берган.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг 8 триллион сўм, жумладан, «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг 7,5 триллион сўм, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик жамиятининг 0,5 триллион сўм қарзидан кечилган. («Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг қарзлари: «Ўзбекэнерго» — 3 трлн., аҳолидан — 2,7 трлн., «Ўзкимёсаноат» АЖ — 1,4 трлн. сўм ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан 0,4 триллион сўм).

Табиий газнинг 1 минг кубометри истеъмолчиларга ўртача 289,7 минг сўмдан сотилмоқда. Истеъмолчига етказиб бериш харажати ҳисобга олинса, шунча табиий газни ишлаб чиқариш таннархи 612,8 минг сўм бўлади. Бундан келиб чиқадики, сотилаётган газнинг ҳар минг кубометридан зарар 323,1 минг сўмни ташкил этмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили ўрта ҳисобда 64 млрд. квт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади (шундан 83 фоизи табиий газ воситасида олинади, яъни электр энергия ишлаб чиқариш анча қимматга тушади). 1 квт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш таннархи 193,2 сўмни ташкил этади, сотиш нархи эса 228,6 сўм (қўшилган қиймат солиғи чиқариб ташланса, 190,5 сўм). Демак, бир квт/соат электр энергиясини истеъмолчиларга сотишдан 2,7 сўм зарар кўрилади.

АИ-80 маркали автобензиннинг 1 литри учун ўрнатилган нарх ҳозир 3800 сўм. Лекин уни ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиб бериш жараёнида кўрилаётган зарар 1414 сўмни ташкил этади. Шу тарзда дизель ёнилғисининг (белгиланган нарх 4 600 сўм) ҳар литридан зарар 1 416 сўм бўлиб чиқмоқда. Бу ерда таннархга таъсир этадиган омил маҳаллий хомашёнинг етишмаслиги ҳамда нефть маҳсулотларини импорт қилиш заруратидир. Айни шу импорт нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш харажатларининг 75 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Нарх белгилашнинг нотўғри шаклланган тизими ёқилғи-энергетика комплекси корхоналари фаолиятига, мамлакат энергетика хавфсизлигига таҳдид солаётгани айтилмоқда. Бундай вазият давом этиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши табиий.

Муаммоли ҳолатдан чиқиб кетиш учун тарифларни босқичма-босқич ошириш ҳаёт талаби экани тушунтириляпти.

Электр энергияси, табиий газ ва ёқилғи учун тарифлар қуйидаги тартибда ўзгариши кутилмоқда: 1 кубометр табиий газ учун 320 сўм (АҚШ долларида ҳисобланганда — 3,9 цент), ўсиш — 10 фоиз, 1 квт/соат электр энергияси учун 250 сўм (3 цент), ўсиш — 9,4 фоиз. АИ-80 маркали 1 литр бензин 4 000 сўм (48 цент), АИ-91 маркали бензин 4 500 сўм (54 цент), дизель ёнилғиси 4 800 сўм (58 цент).

Тарифлар ўсишининг аҳолига салбий таъсирини камайтириш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар кўзда тутилгани маълум қилинган. Жумладан, аҳоли учун иссиқлик таъминоти тарифлари ошишини ўртача 10 фоиз даражада сақлаб қолиш режалаштирилган.

Шунингдек, нефт маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкалари 90 фоизга пасайтирилади (масалан, 1 литр АИ-80 бензини учун акциз солиғи ставкаси амалдаги 321,4 сўмдан 32,1 сўмгача, табиий газ учун эса амалдаги 25 фоиздан 15 фоизгача).

Автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станциялар (АГТКС) учун етказиб бериладиган табиий газ нархи 1 кубометрига 800 сўм этиб ўрнатилади. Амалда бўлган ҳар бир кубометрига 500 сўмдан тўланадиган махсус инвестициявий устама бекор қилинади. Яъни, АГТКС учун етказиладиган газ нархи 789 сўмдан 800 сўмга ёки атиги 11 сўмга (1,4 фоиз) ошади, дейилмоқда.

Яна бир янгилик шуки, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тажриба бошланади: аҳоли учун газ ва электр энергиясидан фойдаланиш меъёрлари ўрнатилади. Меъёрдан ортиқ ишлатганлар 20 фоиз қимматроқ тўлашади. МДҲ давлатларида аллақачон бундай меъёрлар ўрнатилган.

Тафсилотлар ва кутилаётган ўзгаришлар асосан шулардан иборат. Тарифларни ошириш сиёсати етилган зарурат экани ҳамда жиддий асосларга таянган ҳолда амалга оширилаётгани таъкидланди.

 

Тўлқин Тўрахонов

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.