25.10.2018

ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Ўтган ҳафтада мамлакатимизда бўлиб ўтган бу тарихий воқеа ҳали кўп муҳокама қилинади, фикр-мулоҳазалар билдирилади.

ЎзбекистонРоссия биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумида илм-фан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш бўйича юзлаб битимлар имзоланди. Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериги ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида эркин савдо тартиби амал қилмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиз ўсган.

Россия Федерацияси Президентининг ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларда музокаралар олиб борди. Унда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етади. Яқин йиллардаги савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбарлари ташриф доирасида умумий қиймати 25 миллиард доллар бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳужжатлар имзоланганини мамнуният билан қайд этди.

Икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтган «Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар» мавзуидаги биринчи Таълим форуми натижалари юқори баҳоланди. Унда таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик, жумладан, мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш тўғрисида 100 дан ортиқ келишув имзолангани қайд этилди.

Ўзбекистон — Россия ўртасидаги алоқалар сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-техникавий, маданий ва гуманитар соҳаларда йилдан-йилга чуқурлашиб бормоқда. Мазкур муносабатларда янги саҳифани 2017 йил апрель ойида Президентимизнинг Россияга амалга оширган давлат ташрифи очиб берганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур ташриф пайтида 16 миллиард доллардан ортиқ 55 шартнома имзоланган эди.

Давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган парламентлараро алоқалар ҳам Россия парламенти билан жадал ривожланмоқда. Олий Мажлисда Ўзбекистон — Россия дўстлик гуруҳи, Россия парламентида эса Россия — Ўзбекистон дўстлик гуруҳи тузилган. Мазкур тузилмалар ҳозирги кунда парламентлараро муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Парламентимиз аъзолари Россияда парламентаризм масалаларига бағишланган тадбирларда мунтазам иштирок этмоқда. Шунингдек, депутатлардан иборат делегация МДҲнинг Парламентлараро Ассамблея сессияларида кузатувчи сифатида қатнашмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон — Россия муносабатларида савдо-иқтисодий алоқалар асосий ўринда туради. Мамлакатимизда Россия инвестициялари иштирокида тузилган 960 дан зиёд корхона, Россияда эса Ўзбекистон сармоядорлари иштирокида ташкил этилган қарийб 570 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 64 етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган. Олдин асосан нефть ва газ соҳаларида ҳамкорлик қилган бўлсак, ҳозирги кунда деярли барча соҳаларда ҳамкорлик олиб борилмоқда. Президентимизнинг ўтган йилги ташрифларининг асосий хусусиятларидан бири, бу — биринчи марта Россиянинг маъмурий ҳудудлари билан вилоятларимиз ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Кейинги ойларда мамлакатимиз ҳудудлари Россиянинг 28 маъмурий ҳудуди билан шериклик муносабатларини боғлади. Ҳозирги кунда вилоятларимиз Россиянинг Татаристон, Челябинск, Екатеринбург, Ростов-Дон сингари ҳудудлари билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда.

Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электр техникаси саноати, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Мазкур форум, ишонамизки, барча соҳадаги икки томонлама муносабатларимизда тубдан янги саҳифа очади, имзоланган шартномалар асосида эришиладиган натижалар албатта ҳаммамизни қувонтиради.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: