09.10.2018

БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИ ҲАҚИДА

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан «Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони» ижтимоий лойиҳаси доирасида ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг «Бу ерларда ҳаёт бошқача», Исажон Султоннинг «Ҳазрати Хизр изидан», Луқмон Бўрихоннинг «Титраётган тоғ» ҳамда Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Осмон оғуши» номли асарлари чоп этилди. Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

— Ушбу асарларда турли соҳаларда ўз касбининг моҳир устаси, замон билан ҳамнафас, оддий инсонларнинг ҳаёти рангли бўёқларда тасвирланади, — дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров. — Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Осмон оғуши» асарида Жиззах дашти биёбонларида орзуларга берилган болакайнинг юксак қалби қаламга олинади. Ҳаёт машаққатини, турмуш ташвишларини мардонавор енгиб ўтган бола учувчи бўлиб етишади. У ўз мақсадига эришгунча қанчадан-қанча машаққатларга учрайди.

— Исажон Султоннинг «Ҳазрати Хизр изидан» номли китобида ўзимизнинг замонимизда, биз ҳар куни кўриб турадиган одамлар тасвирланади, — дейди ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Сувон Мели. — «Генетик» романида ўзлигини, ўзбек халқининг дунё тамаддунининг асосчиси эканлигини бутун дунёга уқтираётган қаҳрамон ўзимизнинг замондошимиз, юртдошимиз. Асар қаҳрамони дунё яратилишини билишнинг ягона сабаби, кимнинг халқи қадимий эканлиги бу генетикага боғлиқ, деб ҳисоблайди ва бу тахминини исботлайди. Одам ўзини, ўз юртини севса, қаҳрамонга айланади — мана шундай ишлар қилади. Ватанини билмаганга билдириш, танимаганга танитиш ҳам қаҳрамонлик.

Йўл қурган жаннати, дейдилар. Йўллардан қанча кўп одам юрса, савоби шунча кўп, дейишади. Луқмон Бўрихоннинг «Титраётган тоғ» асарида «Тошкент — Қумқўрғон» темир йўл қурилишида соҳа ходимларининг меҳнат фаолияти, ҳаёти, яшаш тарзи, касбга садоқати моҳирона қаламга олинган.

— Қўчқор Норқобилнинг «Бу ерларда ҳаёт бошқача» китоби жонажон Ўзбекистонимиз ва унда яшаётган одамлар ҳақида — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Узоқ Жўрақулов. — Китобда «Ўқ томир» деган киноқисса ҳам бор. Бу асарни бемалол Ватан, чегара ҳимоячилари ҳақида битилган асарларнинг энг яхшиси деб айтиш мумкин. Дунёда туйғулар, муқаддас нарсалар кўп, лекин энг буюк туйғу, энг улуғ туйғу — бу Ватан туйғусидир. Чегарачилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи бу асар ўқувчиларни ўзига сеҳрлаб олади, деб ўйлайман.

Умуман тўрттала китобда ҳам, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.