09.10.2018

ФРАНЦИЯ ФУҚАРОЛАРИ УЧУН ЎЗБЕКИСТОНГА ВИЗАСИЗ РЕЖИМ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Президентимиз раҳбарлигида юртимизнинг туристик брендини кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик имижини мустаҳкамлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Инфратузилма, транспорт-логистика, меҳмонхона, сервис хизматлари кўрсатиш сифат жиҳатидан яхшиланаётгани, туризмда янги тармоқлар жорий этилиши ҳисобига соҳани диверсификация қилиш борасидаги ишлар шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимлари тарифларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори асосида якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди. Куни кеча Президентимиз фармони билан Франция фуқаролари учун ҳам визасиз режим кучга кирди.

Бу бежиз эмас, албатта. Мазкур тартиб Ўзбекистон билан Франция ўртасида маданий, илмий ва таълим алмашинувини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида жорий қилинди.

Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритишдан аввал Франциянинг туризм салоҳияти, сайёҳликнинг ушбу мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтсак.

Франция 1990 йилдан буён ­дунёдаги энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган давлатлар рейтингининг энг юқори поғоналарида қайд этилади. Ушбу мамлакатнинг ўзига хос ландшафти, тарихий-меъморий обидалари кўплиги, мўътадил иқлими, транспорт ва сервис хизматларининг аъло сифати сайёҳларни ўзига жалб этади. Францияда мазкур тармоқда 1 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилади. Мамлакатда йилига 4 мингдан зиёд сайёҳлик тадбирлари ўтказилади. 2017 йил якунига кўра, Францияга 90 миллионга яқин сайёҳ келган ва туристлар энг кўп ташриф буюрадиган давлатлар рейтингида биринчиликни қўлга киритган.

Туризм Франция иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Сайёҳлик саноатининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши ўртача 7 фоизни ташкил қилади. Ҳатто мамлакатда инқироз қайд этилган 2012-2013 йилларда иқтисодиётни тиклаш ва инқирозга қарши туришда туризм сектори муҳим ўрин тутган. Ўша кезларда Франциянинг туризм баланси 7,5 миллиард евродан 12,8 миллиардга, яъни 70 фоизга ўсган. Халқ­аро туризмдан олинадиган даромад эса 39,1 миллиард евродан 41,8 миллиард еврога кўпайган.

Францияга йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳлар ташриф буюради. Мамлакат тоғ-чанғи курорт зоналари йил давомида хизмат кўрсатиш имкониятига эгалиги билан ажралиб туради. Ўз навбатида, меҳмонхоналарда чет элликларни қабул қилишда ҳар йили ўртача 2-3 фоиз ўсиш қайд этилади.

Шу боис мамлакатимизда ту­ризм­ни жадал ривожлантиришда Франция тажрибасини ўрганиш, ҳамкорликда қатор лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Мамлакатларимизнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги 2011 йил ­ноябрь ойида имзоланган ўзаро анг­лашув меморандуми асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра, томонлар Ўзбекистон ва Францияда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик компания­лари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш, туризмга инвестициялар жалб қилишда ҳамкорликни йўлга қўйиб келмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизга энг кўп сайёҳ Франциядан келади. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида франциялик сайёҳларнинг келиши икки баробар кўпайиб, 11 мингдан ортди.

Франциянинг туризм соҳаси вакиллари билан доимий мулоқот йўлга қўйилган. Юртимизда ўтказиладиган анъанавий «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида ушбу мамлакат вакиллари мунтазам иштирок этади. Шу кунга қадар «Мега-инфо-турлар» дастури доирасида Франциянинг 200 дан ортиқ сайёҳлик компанияси юртимизда бўлди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Франциянинг «Petit Fute» нашриёт уйи ўртасида «Petit Fute Mag» журналида мамлакатимиз ҳақида материаллар жойлаштириб бориш тўғрисида битим имзоланганини алоҳида қайд этиш керак.

Франциялик сайёҳларга Ўзбекис­тонга келиш учун визасиз режим жорий этилгани юртимизга ушбу мамлакат туристлари оқимининг кўпайиши, маданий мулоқот, Ўзбекистон туризм брендининг хорижда янада оммалашишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.