09.10.2018

ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ МУНОСАБАТЛАРИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНМОҚДА

Париж, 8 октябрь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 8 октябрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.

Икки давлат байроқлари билан безатилган «Орли» халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Франция Респуб­ли­касининг расмий шахслари кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Прези­денти Шавкат Мирзиёев Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу таш­килот Бош директори Одри Азуле билан учрашди.

Президентимиз Франция Республи­ка­си­га ташриф ЮНЕСКОда учрашувдан бошланганида чуқур рамзий маъно борлигини, Ўзбекистоннинг ушбу таш­килот билан ҳамкорлиги изчил ривож­ланиб бораётганини таъкидлади.

Одри Азуле давлатимиз раҳбарини ташриф билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди.

Мамлакатимиз ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сай­ланган. Томонлар Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини тиклаш ва чуқур ўрганиш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, маданият, таълим, фан ва бошқа соҳаларда турли лойиҳаларни биргаликда амалга оширмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари­даги тарихий-маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бухоро шаҳри ташкилотнинг «Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар» соврини билан тақ­дирланган.

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, Чотқол биосфе­раси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бойсун маданий мероси, Наврўз, Шашмақом, Катта ашула, аския, ош, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатидан жой олган. Усмон Қуръони ва Шарқшунослик институти қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКО­нинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига кири­тилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мумтоз мусиқий меросини асраб-авайлаш, ривожлан­тириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО шафели­гида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўтказиб келинаётган бўлса, жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати анжумани ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.

Таълим соҳасида ҳам истиқболли ҳамкорлик ўрнатилган. Ўзбекистон «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асоси­да жисмоний ва маънавий барка­мол шахсни тарбиялашга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқ­лари тўғрисидаги халқаро конвен­цияси ва Бош Ассамблеянинг «Маъри­фат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббу­сини илгари сурди.

ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафе­ли­гида тинчлик ва бағрикенглик мада­ниятини шакллантириш, экстремизм­нинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуни­кация технологиялари бўйича минтақа­вий марказ ҳамда Самарқанд «Ипак йўли» туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда «Ахборот техно­логиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзуида Осиё форумини ўтказиш борасида келишувга эри­шилди.

Бош директор Одри Азуле Ўзбекис­тоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авай­лаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Учрашувда Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги 2018-2021 йиллар­га мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Бу ҳужжат муносабатларни янги босқичга кўтариш, томонлар олдида турган вазифаларни биргаликда инновациялар орқали ҳал этиш ва барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО­нинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари Сенат Раисини Франция Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги билан табриклади. Ушбу сана муносабати билан юртимизда ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди.

Мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, улар­даги дўстлик гуруҳлари туфайли анча фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон билан Франция ўртаси­даги алоқалар парламентлараро муноса­батлар соҳасида ҳам жадал ривожлан­моқда. 2008 йилда Ўзбекистон Республи­каси Олий Мажлиси Сенатида парла­ментлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган, 2010 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон — Франция» дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 2008 йилда Олий Мажлис­нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Франция инсон ҳуқуқ­лари ҳимоячиси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.

Франция билан кенг кўламли муноса­батлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама амалий алоқаларни қамраб олган. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Парламентлараро алоқаларни аниқ йўналишлар бўйича, жумладан, қўшма тадбирлар ва ўзаро ташрифларни мун­тазам ташкил этиш, тажриба алмашиш орқали ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида турли соҳа­ларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкид­ланди.

Франция Сенати Раиси мамлакати­мизда иқтисодиётни тубдан модерниза­ция қилиш, аҳоли фаровонлигини юксал­тириш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга ошири­лаётган кенг кўламли ислоҳот ва янги­ланишларни юксак баҳолади. Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асос­ланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкид­лади.

Давлатимиз раҳбарининг Францияга илк расмий ташрифи узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳам­корлик, жумладан, мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди.

Жерар Ларше Франция Сенати Ўзбекистон билан дўстлик ришталари, ҳар томонлама самарали шерикликни мустаҳкамлаш йўлида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва уларга тизимли тус беришга тайёр эканини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Франция Сенати биносини кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Унда «Тоталь», «Тоталь Эрен», «Орано», «Фивс Штейн», «Ранжис Семмарис», «Винчи», «Суэц», «Сад», «Идемия», «Мерсие», «Талес Аления Спейс», Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги каби Европа ва жаҳон бозорида етакчи компаниялар ва молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекстонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, улар фаолиятини рағбат­лантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, бизнесни ривожлантириш йўлидаги турли тўсиқларга барҳам берилгани, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли даражада қисқартирилгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев хорижий инвестор­лар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвестициялар бўйича кенгаш тузиш тўғрисида қарор қабул қилингани, унинг вазифаси инвесторлар фикрини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон инвестиция муҳитини изчил яхшилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат эканини таъкидлаб, франциялик сармоядорларни Кенгаш ишида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Франциялик тадбиркорлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбе­кис­тонда амалга оширилаётган иқтисо­дий ислоҳотларни юқори баҳолаб, валюта тизимининг либераллаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратганини таъкидлади. Бундай қулайлик ва енгил­ликлар Ўзбекистон иқтисодиётига қи­зиқишни кучайтирди. Давлатимиз раҳ­бари ташрифи арафасида умумий қий­мати 5 миллиард еврога яқин инвес­тиция ло­йиҳалари бўйича келишувлар имзолангани бундан далолат беради.

Ўзбекистон ва Франция молиявий ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртаси­даги шерикликни янада ривож­лантириш, ўзаро товар етказиш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг Франция Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.