01.10.2018

«СИЗГА ТАЪЗИМ, СИЗГА ЭҲТИРОМ»

Устоз, деганда кўпчиликнинг хаёлига аввало биринчи ўқитувчиси келади. Чунки ўша инсон қўлимизга қалам бериб, ота, она, Ватан сўзларини ёзишни ўргатган, яна ҳам аниқроқ айтсак, бизга дастлабки таълим-тарбияни берган, сўнгра ўқитувчиларимизнинг бири бизда адабиётга меҳр уйғотган, бошқаси тарихдан сабоқ берган, бошқа фанлар сирларини ҳам улардан ўрганганмиз. Шу боис, муаллимларимиздан қарздормиз, уларнинг ишончини оқлашни, устозларга доимо ҳурмат-иззат кўрсатишни бурчимиз, деб биламиз.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда шу каби фикрлар бот-бот такрорланди. Энг буюк аллома ва уламоларнинг ҳам устози бўлгани ва бу анъана то тириклик бор экан, яшашда давом этажаги таъкидланди.

 

Ҳайдар БОБОХОНОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Таълим соҳасини замон талаблари даражасига кўтариш, ўз мустақил фикри, дунёқарашига эга авлодни тарбиялаш ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнати билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум. Юртимизда уларнинг меҳнатини эъзозлаш, ташаббусларини рағбатлантириш масаласига устувор вазифа сифатида қаралади. Соҳа ходимлари куни ҳар йили кенг нишонланади, ўқитувчи ва мураббийлар давлатимизнинг юксак мукофотлар билан тақдирланади.

Бироқ бу йилги байрам ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтмоқда. Чунки қисқа вақт орасида Президентимизнинг бир нечта қарор ва фармонлари қабул қилиниб, ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларга турли имтиёзлар яратиш билан боғлиқ долзарб масалалар ҳал этилди. Ўйлаймизки, кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат фидойилик билан меҳнат қилаётган ўқитувчиларимизга янада куч-ғайрат беради. Биз партиямиз фаоллари, депутатлар ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз.

 

Моҳира АБДУВАҲОБОВА, Сергели туманидаги 7-мактаб ўқитувчиси, халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Тўғрисини айтсам, биринчи марта мана шундай йирик кўринишдаги байрам тадбирида иштирок этяпман. Очиғи, авваллари касб байрамимиз арафасида жамоадошларимиз билан ўзаро йиғилишиб, бирор-бир кафега бориб, нишонлардик. Бизни ҳурмат қилиб, бундай тадбирни ташкил этгани учун партия­миз раҳбариятига миннатдорлигимни билдираман.

Фаолиятимга келсак, сайловда ғолиб бўлишимга юз фоиз ишонмагандим. Шаффоф ва ҳаққоний ўтган овоз бериш жараёни боис депутатлик шарафига эришдим. Лекин ҳаммаси ана шундан кейин бошланди. Округимизда 11 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг хонадонларига бориб, ҳаёти билан яқиндан танишганимдан сўнг депутатлик жуда катта масъулият эканини ҳис қилдим. Айни пайтда одамлар билан юзма-юз ва якка тартибдаги мулоқотларни йўлга қўйдим. Чунки бу жараён менга доимий тарз­да ўз устимда ишлашга туртки бўляпти. Бирор бир масаланинг ечими юзасидан бош қотириш, таклиф тайёрлаш, мутасаддилар билан учрашиш давомида тажрибам ортмоқда. Менга ишонч билдирган сайловчилар билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлиб, улар ишончини оқлашга ҳаракат қиляпман.

 

Гавҳар ЗУХУРОВА, Олмазор туманидаги 243-мактаб директори, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Ўқитувчилик аслида мураккаб, масъулиятли касб саналади. Бироқ шогирдлар ютуғи, ота-оналарнинг раҳмати ҳамма қийинчиликларнинг роҳати, деб биламан. Кўп йиллардан буён ўқитувчилик касбида ишлаб келаман. Ҳаётимни сарҳисоб қилар эканман, ўтган йилларга эмас, фарзандларим ва ўз боламдек бўлиб қолган ўқувчиларимнинг ютуқлари билан умрим мазмунига баҳо бераман. Ана шунда бошим осмон қадар юксалади.

Тан олиш керакки, сўнгги йилларда ўқитувчилик касбини шарафлаш, ўқитувчиларни эъзозлаш тушунчаларига бироз путур етгандек эди. Минг шукурки, Президентимиз устоз тушунчасининг нақадар улуғ ва қутлуғ эканини яна бир бор халқимизнинг ёдига солди. Қадриятларимизни қайта жонлантирди. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан ўқитувчилар мавсумий мажбурий меҳнатга жалб қилинмайдиган, ойлик маошлари ошириладиган бўлди. Агар ўқитувчи мажбурий ишларга, турли мажлисларга жалб этилмаса, ўзининг кундалик вазифаси билан шуғулланади, ўз устида ишлайди, изланади. Давр талабига мос равишда билимини бойитиб боради. Бу эса бевосита миллат эртаси, мамлакат тақдири билан боғлиқ муҳим масаладир. Зеро, фақат пухта билим ва заковатга эга ўқитувчигина ўқувчини ўзига эргаштира олади, боланинг иқтидорини юзага чиқаради.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокирова, бир гуруҳ ўқитувчилар юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этишди. Ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган ишонч ва эътиборнинг масъулияти ҳақида тўхталишди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов сўзга чиқиб, улуғ касб эгаларини байрам билан табриклади. Машаққатли вазифаларини бажаришда омад тилаб, йиғилганларга партиянинг эсдалик совғаларини топширди. Шундан сўнг куй-қўшиқлар рақсларга уланди. Тадбир чинакам байрамона тус олди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.