01.10.2018

НУРОНИЙЛАРИМИЗ — БОШИМИЗДАГИ ТОЖУ ДАВЛАТИМИЗ

Маълумки, 1990 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида қабул қилинган махсус резолюцияга асосан 1-октябрь жаҳонда Халқаро қариялар куни сифатида нишонланадиган бўлди. Мана, 28 йилдирки, ушбу сана бутун жаҳонда қарияларни алоҳида улуғлаш куни сифатида тарихга кирди.

Аммо БМТнинг юқоридаги қароридан минг йиллар муқаддам ҳам бизнинг халқимиз қарияларни қадрлаш ва эъзозлашда дунёга ўрнак бўлган. Ота-онани улуғлаш, кексалар ҳурмат-иззатини жойига қўйиш бизнинг элда азал-азалдан авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган қадриятларимиз сирасига кирган. «Қариси бор уйнинг париси бор», «Ота рози — худо рози», «Онадан улуғ зот йўқ», «Ота ўтирган уйнинг томига чиқма», каби ўгит ва мақоллар бежиз айтилмаган, албатта. Фарзандлар у ёки бу ишни бошлашдан олдин ёки сафарга отланганда ҳам қарияларнинг, ота-онанинг фотиҳасини олиши анъанага айланган. Иморатнинг биринчи ғиштини ҳам кексаларимиз ва устозларимиз қўйиб беришган. Қарияларимиз ҳар бир хонадоннинг тўрида, иззат-икромда эканлиги билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Бундай улуғ қадриятларимиз, айниқса, Истиқлол йилларида янгича мазмун касб этмоқда. Кексаларни қадрлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида кўп хайрли ишлар қилинди. Айниқса, сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фахрийларига яратилаётган имкониятлар ва кўрсатилаётган иззат-икромга бутун дунё ҳавас билан қарамоқда, ҳамда ибратли ташаббус сифатида эътироф этмоқда. Масалан, 72 нафар қария, асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари биттадан кузатувчиси иштирокида давлат ҳисобидан Ҳаж сафарига эсон-омон бориб келиш шарафига муяссар бўлди. Юзлаб қарияларимизнинг асосий қисми текин ва қолганлари имтиёзли тарзда замонавий уй-жойлар билан таъминланди. Уруш фахрийларига шахсий автомобиль сотиб олишларида катта имтиёзлар ва қулайликлар яратилди. Фахрийларнинг саломатлиги ҳақида давлатимиз алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда. Республикамизда кексалар ва фахрийларга 36 ихтисослашган махсус санаторий хизмат кўрсатмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун ҳар йилига, бошқа тоифа пенсионерларига эса икки йилда бир марта санаторий учун йўлланмалар тақдим этилмоқда, ёхуд санаторий хизматидан фойдаланиш зарурати бўлмаган ҳолларда эса уларга йўлланма қийматини нақд пулда тўлаш ижтимоий ёрдам тамоилига киритилди.

Қарияларга кўрсатиладиган ғамхўрликлар ҳақида гап кетганда, сўнги икки йилда Республикада 122 «Нуронийлар маскани» қурилиб, фойдаланишга топширилганини алоҳида таъкидлаш керак. Уларнинг аксарияти қарияларимиз яйраб-яшнаб дам оладиган, бўш вақтини ўз тенгдошлари билан учрашиб, суҳбат қурадиган, шоҳмот, шашка ўйнаб, хордиқ чиқарадиган масканларга айланиб қолди. Уруш қатнашчиларига энди зарурат туғилганда мамлакатнинг исталган шифо масканида ётиб даволаниш имконияти яратилди. Шу билан бирга, қарияларимиз орзу қилиб келган Кисловодск шаҳридаги «Ўзбекистон» санаторийсида улар энди бепул даволанадиган бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан қарияларнинг уй-жой шароитини яхшилаш, моддий-маданий имкониятларини юқори даражага кўтариш мақсадида давлатимиз томонидан алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Ўтган 2017 йилда уруш қатнашчиларини уй-жой билан таъминлаш узил-кесил ҳал қилинди. Улардан 717 минг нафари янги турар-жой ­биноларига кўчиб ўтди ёки эски уйлари капитал таъмирдан чиқарилди, зарур уй-жой жиҳозлари билан таъминланди. Уруш қатнашчиларини 15 турдаги танқис озиқ-овқат билан таъминлаш масаласига ҳам давлатимиз алоҳида эътибор қаратмоқда. Бир сўз билан айтганда, қарияларимизни эъзозлаб, бошимизга кўтариш, уларга муносиб турмуш тарзини яратиб бериш борасида давлатимиз томонидан кенг кўламли дас­тур амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида нуронийлар мамлакатимиздаги барча хайр­ли ишларга бош-қош бўлишмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Мўъта­бар кексаларимиз, ота-она-ю боболаримиз бошимиздаги тожу давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик, уларни қанча қадрлаб, қанча эъзозласак ҳеч қачон кам бўлмаймиз» деган кўрсатмалари ­«Нуроний» жамғармаси фаолияти учун асосий дастурил­амал сифатида қабул қилинган. Биз барча нуронийларимизни, устозларни байрам билан қутлаймиз ва уларга мус­таҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаймиз. Биз бугунги ютуқларимизда уларнинг бебаҳо хизматлари борлигини яхши биламиз. Уларга чин дилдан хизмат қилишни шарафли бурчимиз, деб ҳисоблаймиз.

 

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ,

«Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви раиси.



DB query error.
Please try later.