02.10.2018

ЮЗ ФОИЗЛИК МАҲАЛЛИЙ ХОМ АШЁДАН 5 ТУРДАГИ ДОРИ-ДАРМОН ВОСИТАСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Nobel Pharmsanoat» фармацевтика корхонаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров ва бошқалар бугунги кунда мамлакатимизда фармацевтика соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда чет эл инвестицияларининг ҳиссаси, хусусан, «Nobel Ilac» компанияси томонидан «Nobel Pharmsanoat» корхонасига киритилган инвестиция самаралари ҳақида сўз юритишди.

«Nobel Ilac» фирмасининг мамлакатимизга киритган умумий инвестициялари миқдори 40 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиб, республика Давлат инвес­тиция дастуридан ўрин олган қисми 14,5 миллион АҚШ долларига тенгдир.

«Nobel Pharmsanoat» Туркияда 1964 йилдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда айни вақтда дунёнинг 22 мамлакатида шўъба ҳамда ваколатхоналарига эга бўлган, 50 дан ортиқ мамлакатга юқори сифатли дори-дармон маҳсулотларини экспорт қилаётган «Nobel Ilac» фирмасининг тўғридан-тўғри инвес­тициялари асосида барпо этилган замонавий фармацевтика корхонасидир. Ушбу корхона республикамизда 16 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида «Nobel Pharmsanoat»нинг янги дори-дармон ишлаб чиқариш фабрикаси қуриб битказилди, АҚШ, Германия, Хитой, Швейцария, Англия, Италия, Япония, Туркия, Корея, ва Ҳиндистондан янги замонавий ишлаб чиқариш лаборатория ускуналари келтирилди. Ушбу фабрикада ҳозирда 60 номдаги дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Шундан сўнг журналистлр учун «Nobel Pharmsanoat» корхонасига медиа-тур ташкил этилди.

— Корхонамиз халқаро ISO ва GMP сифат стандарти сертификатларига эга бўлиб, бугунги кунда 355 кишилик юқори малакали жамоага эга, — дейди корхона раҳбари Куршат Женк Четин. — Йилига 10 миллион қути маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга фабрикамизда 60 ном ва 110 кўринишга эга юқори сифатли ҳамда самарали дори-дармон маҳсулотлари, яъни таблетка, қопламали таблетка, капсула, суспензия кукуни, томчи ва спрей кўринишидаги дори-дармонлар ишлаб чиқармоқдамиз. Корхонамизда юз фоиз маҳаллий хом ашёдан 5 турдаги дори-дармон воситаси ишлаб чиқарилиб, шулардан 3 тури хорижга экспорт қилинмоқда. Ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар етакчи даволаш муассасаларида синовдан ўтказилган ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли сертификат ва лицензияларига эга. Шунингдек, айни вақтда алоҳида пенициллин ишлаб чиқариш линияси ҳам қуриб битказилиб, пенициллин ишлаб чиқариш бошланди.

Бундан ташқари, маҳсулотларимизни Ўзбекистон аҳолисига тақдим этиш билан бир қаторда Туркия, Қозоғистон, Грузия ва Афғонистонга экспорт қилмоқдамиз. Шунингдек, Германия ва Молдовага экспорт қилиш учун музокаралар давом этмоқда. Бугунгача 2 миллион 600 минг АҚШ долларидан ортиқроқ маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Медиа-турда «Heprot», «Tales», «Nikotinabc», «Albezol», «Ulufor 850» дори воситалари ва уларнинг ижобий таъсири ҳақида батафсил маълумот берилди. Мисол учун «Nikotinabc» таблеткаси сигарет, нос, чилим каби инсон ҳаётига салбий таъсир қилувчи воситалардан қутилишда кўмакчи вазифасини ўтайди. Бу таблеткани доимий қабул қилиш натижасида 25 кунда чекишдан халос бўлиш мумкин экан.

Медиа-тур давомида корхонанинг лаборатория ва ишлаб чиқариш бўлимлари билан танишилди.

 

Ноила МАРУПОВА



DB query error.
Please try later.