02.10.2018

ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ ИНСОНЛАР ҲАЁТИДА АКС ЭТИШИ КЕРАК

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Зангиота туманида «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий ­фаоллик сари» лойиҳаси доирасида форум ўтказди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлар, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент вилоят партия кенгаши ­фаоллари, соғлиқни сақлаш бош­қармаси, «Соғлом авлод учун» ­халқаро хайрия фонди ходимлари, мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида тумандаги «Мевазор», «Гулзор», «Боғзор» маҳаллалар аҳолиси учун тиббий-ижтимоий акция ўтказилди. Унда оналар ва уларнинг фарзандлари вилоятнинг малакали шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Аҳоли билан мулоқот қи­лиш мобайнида ҳамон ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борлигига гувоҳ бўляпмиз, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан ­Асатова. — Хусусан, форумни ташкил этишдан олдин ҳам биз мазкур ҳудудда бўлдик. Маҳаллада истиқомат қилаётган опа-сингилларимизнинг турмуш шароити, ҳаёт тарзи ҳамда қизиқишларини ўргандик. Уларнинг кўпчилиги бугунги ислоҳотлардан рози экани, ҳар бир янгиликдан, ўзгаришлардан бохабар бўлиб туришини билдирди. Аёллар «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллада амалга оширилаётган ишлардан мамнунлигини айтишди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида эҳтиёжманд хотин-қизларга ўз ишини бошлашида имтиёзли кредит олиш тартиби, бизнес режа тузиш борасида йўл-йўриқлар кўрсатгандик. Бугун улардан бирига тикув машинаси совға қилишни режалаштирганмиз.

Бизни тинглаб турган маҳалла раиси Ҳабиба Бакирова маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўлқинланиб гапирди.

— Рост, барчамиз маҳалламизда амалга оширилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишларидан мамнунмиз, — деди у. — Ҳудудимизда 5 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2,5 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Тўғри, маҳалламизда ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар бор. Масалан, тоза ичимлик суви қувурлари эскирган, аҳоли етарли даражада газ билан таъминланмаганди. Аммо буларнинг бари «Обод қишлоқ» дастури доирасида ўз ечимини топмоқда. Замонавий маҳалла маркази қуриб, фойдаланишга топширилиши арафасида, мактабимиз ҳам қайта таъмирланди.

Биласизми, маҳалламизда шу вақтга қадар болалар боғчаси йўқ эди. Айримлар фарзандларини туман марказидаги мактабгача таълим муассасаларига олиб борар, бунга имкони етмаганлар уйда ўзлари қарашарди. Натижада кўпгина хотин-қизларда ишлаш имкони бўлмасди. 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси биноси лойиҳаси тасдиқланиб, бугун унинг пойдевори қўйилди. Муассаса қурилиши билан маҳалламиз аёлларининг ҳам бандлиги таъминланади. Қисқа қилиб айтганда, аҳоли бугунги кунидан, амалга оширилаётган ислоҳотлардан рози. Муҳими, улар буни ўз ҳаёти мисолида ҳис этмоқда.

— Асосийси, аёлларимиз оиласига, жамиятимизга наф келтириш иштиёқи билан ёнмоқда, — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова. — Биз уларга яқиндан кўмак бериб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишимиз зарур. Иш бошлаш ниятидаги хотин-қизларга йўл-йўриқ кўрсатиш, касаначилик, оилавий бизнесга жалб қилиш ҳам яхши самара беради, деб ўйлайман.

Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Қачон одамнинг фарзандларига, оиласига, жамиятга кўпроқ нафи тегади? Қачонки, соғлом бўлса. Бунинг учун вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш, ўз соғлиғи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш лозим. Бу борада бугунгидек тадбирларнинг аҳамияти катта. Тиббий кўрикка жалб этилган шифокорлар билан бирма-бир суҳбатлашдим. Баъзи опа-сингилларимиз ўз дардини била туриб беэътиборлик қилгани, бунинг оқибатида касаллик зўрайганини айтишди. Демак, ҳудудларда касалликни вақтида аниқлаш мақсадида тарғибот, тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз зарур.

Шу куни 203 нафар аёлларимиз мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилди. Бир аёлда саратон касаллигининг дастлабки аломатлари аниқланди ва тегишли тавсиялар берилди. 8 нафар хотин-қизга бепул даволаниши учун йўлланмалар ажратилди.

Шундан сўнг тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда аҳоли билан мулоқот давом эттирилди. Унда тумандаги барча корхона ва ташкилот вакиллари акция иштирокчиларини ўйлантираётган муаммоларни ўз йўналиши бўйича ўрганди. Жумладан, туман бандликка кўмаклашиш марказига 40 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва 14 нафар опа-сингилларимизга ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди. Банк ходимларига 20 дан ортиқ мурожаат бўлди, шундан 4 нафарига кредит олишларида кўмак беришга келишиб олинди.

— Бугун 175 ташкилот ва корхонадаги 1468 бўш иш ўрни билан хотин-қизларимизни таништиряпмиз, — деди туман банд­ликка кўмаклашиш маркази ходими Марям Хайматова. — Фуқаронинг яшаш манзили, мутахассислиги ёки қўлидан келадиган ҳунар турига қараб ишга йўналтиряпмиз. Уларнинг аксарияти биз таклиф этаётган иш ўринларидан қониқишяпти.

Форум доирасида ногиронлиги бўлган инсонлар ҳолидан ҳам хабар олинди.

— Озгина эътибор ҳам кишига катта мадад бўлади, — деди Елена Харламова. — Маҳалладошлар, турли ташкилот вакиллари ҳолимдан хабар олиб туришади. Улардан миннатдорман. Бир неча йилдан буён мустақил ҳаракатлана олмайман. Кўчаларни айланишни яхши кўраман. Бунинг учун ногиронлик аравачаси олиш лозим, аммо бунга имконим йўқ эди. Бугун партия ходимлари ёрдамида ҳомийлар томонидан ногиронлик аравачаси беришди. Жуда хурсанд бўлдим. Энди бемалол кўчаларни сайр қиламан.

Шу куни партия ходимлари ва мутахассислар «Гулзор» маҳалласида истиқомат қилаётган иккинчи гуруҳ ногирони Мухлиса Мардонова ва «Боғзор» маҳалласида яшаётган Муқаддам Икромова хонадонида ҳам бўлишди. Уларга, партиянинг эсдалик сов­ғалари топширилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.