02.10.2018

ПАХТАКОРЛАРГА ИЖОДКОРЛАР МАДАДКОР БЎЛМОҚДА

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши қошида «Ҳорманг, пахтакорлар» тарғибот гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Унга «Ўзбекистон овози» газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири, таниқли шоир Носиржон Деҳқонов раҳбарлик қилмоқда.

 

Бугун вилоятда фаолият юритаётган 3058 фермер хўжалигининг қай бирига борманг, йиғим-терим ишлари авжида. 65650 гектар майдонда кутилганидан зиёд ҳосил етиштирилди. 194400 тонналик вилоят хирмонини ёғин-сочинга қолдирмай саранжомлаб олиш ниятида барча чора-тадбирлар кўрилган. Вилоятимизда катта карвон ҳисобланган Поп, Минг­булоқ, Наманган, Учқўрғон, Уйчи туманларида йиллик режани уддалаган фермер хўжаликлари сони кун сайин ортиб бормоқда.

Поп туманидаги «Ўрай» ҳамда «Шавкат-Шуҳрат-келажак» фермер хўжаликларида ўтказилган тар­ғибот тадбири теримда иштирок этаётган фермер хўжаликлари аъзолари-ю маҳаллалардан келган ҳашарчиларга ҳордиқ улашиб, кўтаринки кайфият бағишлади.

— Хўжаликларда пахта йиғим-терими мавсумига астойдил ҳозирлик кўрилганидан миннатдормиз, — дейди Тепақўрғон МФЙ мутахассиси Гўзал ­Парпиева. — Ҳашарчилар учун зарур шароитлар яратилгани терим суръати ва сифатини оширишга асос бўлмоқда. Маҳалламиздан 1060 нафар банд бўлмаган аҳоли вакиллари теримга жалб этилди. Ўйлайманки, хирмонга муносиб ҳисса қўшамиз.

Шу куни поплик шоирлар ­Салимхон Назиров, Мўйдинжон Маткаримовлар иштирокида фермер хўжалиги дала шийпонида тадбир ўтказилди. ЎзХДП вилоят кенгаши мафкура бўлими мудири Мўътабар Қозиева, Наманган шаҳар кенгаши ижрочи котиби Дилноза Ўринбоеванинг фикр-мулоҳазалари шоирлар мушоирасига айланди. Кунига 200-250 килодан пахта териб, ўрнак кўрсатаётган Фарида Яқубохунова, ­Холида Пўлатова, Зарифа Раҳматуллаева, Чарос Қурбонова сингари ҳашарчиларга вилоят партия кенгашининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мингбулоқ туманидаги «Бахтиёр Мамасолиевич» фермер хўжалигида пахта тераётганлар ҳузурида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Дилором Абдураҳимова ҳам иштирок этиб, Президентимизнинг Тожикистонга ҳамда Ҳиндистонга расмий ташрифи ва унинг сиёсий, иқтисодий, маънавий аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Уйчиликларни ҳам қўли-қўлига тегмайди. Улар жорий йил 20862 тонналик пахта хирмони бунёд этишга аҳд қилишган. 245 терим отрядига бўлинган 248 пахтачилик фермер хўжалиги далаларида иш қизғин. Шу кунгача 11000 тоннадан зиёд оқ олтин йиғиб олинди. Бу йиллик режанинг 55 фоизини ташкил этади. 6269 гектар ердаги пахтанинг 60 фоизида биринчи терим ҳосили турибди.

ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси Равшан Абдуллаев, ижодкорлар Дилбар Бону, Малика ­Бойхонова билан туманнинг «Бирлашган-Деҳқонобод» ММТП ҳудудидаги пахта ва ғалла уруғчилигига ихтисослаштирилган «Бахтиёр» кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлдик.

Шерзод Мадраҳимов раҳбарлик қилаётган мазкур фермер хўжалиги тасарруфида жами 84,5 гектар экин ери мавжуд. Жорий йилда 36,4 гектарда буғдой ундириб, ҳар гектаридан 42 центнердан 153 тонна қаҳрабо дон етиштиришга муваффақ бўлган. Хўжаликда 21 яшикда асалари парваришланади. 30 сотихли ­иссиқхонада етиштирилаётган лимон, мандарин, апельсин кўчатлари баравж. Лимон мевасидан ҳам даромад олина бошлаганига 3 йил бўлибди.

Биз фермер хўжалиги дала шийпонига борганимизда, туман ҳокими Муҳаммадаюбхон ­Апақов, 8-отряд раҳбари Абдуғафур ­Ортиқов ҳам шу ерда экан. Улар билан бирга шийпоннинг ўнг томонидаги пайкалда пахта тераётган ҳашарчилар томон бордик. 220 нафар теримчи-ҳашарчи пахталарини тарозидан ўтказиш учун ошиқарди. Улар билан «Ҳорма, бор бўл»дан кейиноқ шийпонгача суҳбатлашиб келдик.

— «Ўзбекистон овози» газетаси таҳририятидан китоблар, вилоят кенгашидан совға-саломлар билан ижодкор тарғиботчилар келишибди. Бугунги тушлик шеър­хонлик билан янада гаштли кечадиган бўлди, — деди туман ҳокими.

Ҳокимнинг бу хабари барчага кўтаринки кайфият бағишлади. «Боғ» маҳалласидан келиб ҳашарда қатнашаётган Маҳлиё Абдул­азизова «Мен ҳам шеърлар машқ қилиб тураман, майлими, Ватан ҳақидаги бир шеъримни ўқиб берсам», деди.

Шийпонда мушоира бошланди.

Илғор теримчиларга «Ўзбе­кис­тон овози» газетаси таҳририя­тидан махсус юборилган китоб­лар, вилоят, туман партия кенгашларининг эсдалик совғалари топширилди.

Тушлик соатларида олиб борилаётган тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

 

Носиржон АББОС



DB query error.
Please try later.