27.09.2018

ЖИНОЯТ СОДИР БЎЛДИ!..

Жанжал фожиали якунланди

23 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи Т.Қ. «Ҳа­йиткўл» МФЙ ҳудудида ўзаро жанжал оқибатида Ш.Ж.нинг бошига тош билан уриб, жароҳат етказиб, воқеа жойидан яширинган. Ш.Ж. эса касалхонага ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида Т.Қ. ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Қимматбаҳо буюмлар ўғриси қўлга олинди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида шу йил 28 август куни номаълум шахс ­Тақачи кўчасида яшовчи У.Б.нинг уйига очиқ қолган эшик орқали кириб, қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди. Кўрилган чоралар натижасида Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи Н.М. исмли аёл ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланган. Тергов давом этмоқда.

 

«Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнини ўғри тутма»

Шу йил 5 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида яшовчи Х.Я. исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, 4 сентябрь куни номаълум шахс унинг уйига очиқ қолган эшиги орқали кириб, хонасидан қимматбаҳо буюмларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи Г.М. исмли аёл содир этганликда гумон қилиниб, қўлга олинди. Тергов давом этмоқда.

 

Пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди

Сирдарё туманида шу йил 25 сентябрь куни номаълум ҳайдовчи давлат рақами аниқланмаган автомашинани «Тадбиркор» МФЙдан ўтувчи «Термиз-Тошкент» йўлида ҳайдаб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёда Р.Х.ни уриб юбориб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатмай, воқеа жойидан қочиб кетган.

Натижада Р.Х. олган жароҳати сабаб воқеа жойида ҳалок бўлган. Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган номаълум ҳайдовчини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, ушбу йўл-транспорт ҳодисасига гувоҳ бўлиб, ҳайдовчи ва автомашина ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишингизни ёки «102» телефон рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз бир жиноятни очишга ва ушбу шахс томонидан бошқа турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.

 

Маст ҳолда турмуш ўртоғига жароҳат етказди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги А.Қодирий кўчасида яшовчи И.М. маст ҳолда уйида оилавий жанжал кўтариб, турмуш ўртоғи Г.М.нинг кўкрак қисмига пичоқ билан уриб, жароҳат етказади Г.М. касалхонага ётқизилган. И.М. қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўз танишини пичоқлади

25 сентябрь куни Фарғона шаҳрида яшовчи А.Х. ўзаро жанжал оқибатида таниши А.И.нинг қорин қисмига пичоқ билан уриб, жароҳат етказган.

Натижада А.И. касалхонага ётқизилиб, А.Х. қўлга олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Нилуфар ТЎРАХАНОВА

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ходими.



DB query error.
Please try later.