25.09.2018

ҲАР БИР ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАСИНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

Фарғонада «Ахборот майдонида босма нашрлар, электрон ОАВ ва ижтимоий тармоқлар мутаносиблиги» мавзусида ­илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда юртимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида фаолият юритаётган босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ­А.Кўчимов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари И.Носиров, «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ж.Тўхташев, «Ишонч» газетаси бош муҳаррири Ҳ.Эрматов ва бошқалар мамлакатимизда ­оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни демократик ва либерал ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Бугунги янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситалари зиммасига ҳам тез суръатларда ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимиз талабларига ҳар томонлама ­муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишда оммавий ахборот воситалари ҳам фаол қатнашаётир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда, айниқса, интернет журналистикаси жадал ривожланиб, ижтимоий тармоқлар ва электрон ОАВнинг ахборот маконидаги ўрни ва роли кенгайиб бормоқда. Босма нашрларда ҳам ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани «тўртинчи ҳокимият»нинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

— Дарҳақиқат, Ўзбекистон нафақат иқтисодиётда, балки жамиятимизнинг барча жабҳаларида эркинлик, ошкоралик, фикрлар хилма-хиллиги, плюрализм томон кун сайин дадил бормоқда, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ­Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов. — Юртимиз матбуотида ҳам жамиятга ҳамоҳанглик кузатилмоқда. Таҳлил, танқид, таклиф бош йўналиши бўлган мақолалар, кўрсатувлар босма ва электрон ОАВда кун сайин кўпаймоқда. Лекин интернетнинг шиддатли ривожи, ижтимоий тармоқлар мавқеи, босма нашрлар ички сиёсатида рўй берган ўзгаришлар биз, журналистларнинг ҳали бир-биримиздан ўрганадиган, маслаҳатлашадиган масалалар оз эмаслигини кўрсатмоқда.

Конференция ишида миллий журналистикамиз олдида турган долзарб вазифалар, ахборот майдонида ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни хусусида сўз юритилди. Шунингдек, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини янада тўла қондириши ва бу борада учраётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

— Бугунги шиддатли даврда дунёда ахборот учун кураш кучайиб кетди, — дейди «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов. — Ҳар бир ахборот воситаси ўз аудиторияси учун курашмоқда. Ахборот технологиялари тараққий этган Японияда, Жанубий Кореяда адади жуда катта бўлган нашрлар бор. Бизнинг нашрларимиз ҳам замон талабларига мослашиши зарур. Мавзу танлашга янгича ёндашувимиз, ёзиш услубимизни ўзгартиришимиз керак. Айниқса, босма нашрларда чуқур таҳлилга асосланган мақолалар салмоғини кўпайтириш кун тартибидаги муҳим масала. Бунга эса чуқур билим ва тинимсиз изланиш орқали эришилади.

Конференция иштирокчилари Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида бўлишди. Қаҳрамон шоир ҳайкали пойига гулдасталар қўйди. Шоирнинг мемориал музейида Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи муҳим манбалар билан танишди. Қувасой шаҳридаги «Водий тулпорлари» наслчилик мажмуасида амалга оширилаётган ишлар ҳам тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

 

М.СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.