25.09.2018

ХИРМОНИМИЗНИНГ БАРАКАСИНИ БЕРСИН

Қўлда терилган ҳар килограмм пахта учун биринчи босқич — контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизга бажарилгунга қадар 650 сўмдан, 60 фоиздан 80 фоизга қадар 850 сўмдан ва учинчи босқичда 1000 сўмдан ҳақ тўланади.

Бу хушхабар ҳақида куни кеча ОАВ ­орқали эълон қилинган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мурожаатида айтилганди.

Шунингдек, мурожаатда жорий йилда шартномадан ортиқча топширган ҳар бир килограмм пахта учун 15 фоиз устама ҳақ олиш белгиланган.

Серҳосил ерларимиз, қадрдон пахтазор пайкалларимиз айни кунларда яна теримчиларга маҳтал. Муҳим жиҳатлардан бири теримчиларнинг пахтани тоза ҳамда бир чаноқ қилмасдан теришига эътибор қаратиш лозим. Бунинг натижасида ҳосилдорликни 5-7 центнерга оширишга эришиш мумкинлигини унутмаслик керак.

Бугун Наманган вилоятида фаолият юритаётган 3058 фермер хўжалигининг қай бирига борманг, қизғин йиғим терим устидан чиқасиз. 65650 гектар майдонда кутилганидан зиёд ҳосил етиштирилди. 192500 тонналик хирмонни тезроқ тиклаш эзгу ния­тимизга айланган.

Вилоятимизда катта карвон ҳисобланган Поп, Мингбулоқ, Наманган, Уйчи туманларида йиллик режани уддалаган фермер хўжаликлари сони кун сайин ортиб бормоқда.

Бироқ ҳали пахтазордаги ҳосил чўғига нисбатан теримчилар сони оз. Кунига 100-120 килограммдан пахта териб, оиласига 70-80 минг сўмдан даромад билан кираётган опа-сингилларимиз, пахта териш завқини юрагидан туядиган азамат ака-укаларимиз бор. Куз об-ҳавоси қимматбаҳо неъматни қор-ёмғирда қолиши эҳтимолини тобора кучайтирмоқда. Шундан келиб чиқиб, пахта теримини виждон ишига айлантиришга даъват этмоқдамиз.

Бугун вақтинча ишсиз кишилар, айниқса, хотин-қизлар учун оила даромадини мустаҳкамлаш учун катта имконият бор. Сиз пахта теримида қатнашиб, даромад кўриш баробарида мамлакатимиз хирмонига хисса қўшган бўласиз.

 

Баҳодир КАРИМОВ,

Наманган вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.