20.09.2018

КАТТАҚЎРҒОН ТУМАНИДА ЎЗГАРИШЛАР КАТТА

Бугунги кунда Каттақўрғон туманидаги 11 ишлаб чиқариш корхонаси томонидан тайёрланган маҳсулотларга хорижлик шериклар харидор бўлмоқда. Мазкур корхоналар томонидан йил бошидан буён 4 миллион 988 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Эътиборлиси, ушбу корхоналардан тўрттасининг жорий йил май ойидан фаолият кўрсата бошлагани ва уларнинг экспортдаги улуши 3 миллион 500 минг АҚШ долларни ташкил этаётганидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида туманда аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури ва бошқа манбаларга кўра 5300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1300 нафардан ортиқ ишсиз фуқаро ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди, демакдир. Ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор ишлар бажарилган. Жумладан, 2018 йилнинг ўтган даврида 16 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадаллар тўлаб берилди. 70 нафар фуқаро маиший техникалар билан таъминланди. 25 нафар фуқарога уй-жойини таъмирлаш учун моддий ёрдам кўрсатилди. 6 нафар беморга мураккаб тиббий амалиёт кўрсатилиши учун ҳомийлик ёрдами ташкил этилди.

Бу рақамларни биз атайин келтирдик. Ушбу маълумотлар ортида юзлаб каттақўрғонликларнинг қувонч ва орзулари ушалаётганини кўрамиз. Минглаб иш ўринлари туфайли оилалар мустаҳкамланганини, турмуш шароитлари яхшиланганини англаймиз.

— Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизим — «Обод қишлоқ» дастури бўйича бошланган ишлар туманимиз аҳолисининг кайфиятини кўтариб, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда, уларни бунёдкорликка чорламоқда, — дейди туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов. — Биринчи галда муаммолари кўп, шароити оғир қишлоқларни танлаб, уларни намунали масканга айлантиришни мақсад қилиб олганмиз. Бунда ҳудуд бўйича тегишли соҳа мутахассислари, аҳоли таклифлари, фикр-мулоҳазалари эътиборга олиняпти. Туманимизда дастлаб Каттаминг ва Қоракўлча қишлоқларидаги мавжуд ижтимоий соҳа объектлари реконструкция қилинди. Тиббиёт муассасалари замонавий лаборатория ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорларимиз Каттаминг ва Қоракўлчада аҳолига ўнга яқин сервис хизмат тизими ташкил этадиган бўлишди. Ҳаммом ва бошқа турдаги маиший хизмат тизимини бунёд этишда ҳам улар фаол иштирок этиш истагини билдиришди. Бундай ҳаракатлари билан улар замонавий гўшага айланаётган қишлоқларда ўз бизнесларини йўлга қўйишади, янги иш ўринлари яратишади.

Дастур доирасида ушбу ҳудудларда амалга оширилиши назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан Каттаминг қишлоғига 7424,83 миллион сўм, Қоракўлча қишлоғига 9136 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Мазкур ҳудудда яшайдиган аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида қилинадиган ишлар режаси ҳам дастурда алоҳида кўрсатилган. Аввало, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан қурилиш материаллари тайёрлаш ҳажми оширилади, шу билан бирга улар сифатига эътибор қаратилади. Цемент, металл прокати, ғишт, том ёпғич материаллари, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лак-бўёқ каби қурилиш материаллари ва жиҳозлари қишлоқларнинг ўзида ташкил этиладиган махсус дўконлар орқали аҳолига етказиб берилади. Ҳар икки қишлоқ атрофларини ободонлаштириш, замонавий спорт майдончалари қуриш ишлари ҳам эътибордан четда қолмайди.

Каттаминг қишлоғида 475 хонадонда 2715 нафар, Қоракўлчада 521 хонадонда 3762 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қабул қилинган дастурга кўра, Каттаминг қишлоғида 215 ва Қоракўлчада 278 уй-жойларнинг таъмирланиши белгиланган эди. Бу жараёнда уларнинг ташқи кўринишининг замонавийлигига, ён-атрофларини ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор бериладиган бўлди. 14 километрлик асосий ва ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, янги йўлаклар қуриш, йўлларни ёритиш учун чироқлар ўрнатиш, электр ва газ таъминотини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби юмушларни қисқа муддатларда сифатли амалга ошириш режалаштирилди.

 Шунингдек, қишлоқлар ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш ва битта янги бекат барпо этиш зарурлиги ҳисобга олинди. Бу муаммонинг қисқа муддатда ҳал этилиши аҳоли учун яна бир қулайликдир.

Мавжуд муаммоларни аниқлаш асосида ҳар икки қишлоқда ҳам ишга жиддий киришилди. Жадаллик билан бошланган бунёдкорликларда маҳаллалар оқсоқоллари, фаоллари бош-қош бўлишаяпти. Айни пайтгача бўлажак обод қишлоқларда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзида ижобий ўзгаришларни таъминлашга қаратилган вазифаларнинг бир қисми амалда бажарилди. Каттаминг қишлоғидаги боғча, мактаб, оилавий поликлиника бинолари капитал таъмирланмоқда. Қоракўлчада бир боғча давлат дастури асосида, яна икки боғча хусусий шерикчиликда барпо этиляпти.

Аҳолининг уюшқоқлиги, аҳиллиги натижасида қисқа вақтда қишлоқлар қиёфаси замонавийлашди, уларда янги иш ўринлари яратилди, аҳолининг кам таъминланган қатламини, ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратилди. Бундай ҳаракатлар асло тўхтаб қолмайди. Туман ҳокимлиги томонидан келгуси йилдан бошлаб йилига учтадан қишлоқда ана шундай бунёдкорлик ишлари олиб борилади.

— Каттақўрғонда ўзгаришлар катта, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, тумандаги 20-умумтаълим мактаби директори, ЎзХДП фаоли Зайнаб Бердиева. — Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди Дастурида бандлик ва янги иш ўринлари ташкил этишда фаоллик кўрсатиш, жойларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ташаббуси илгари сурилади. Шу жиҳатдан олиб қараганда аҳоли зич жойлашган ҳудудларда саноатни, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш эвазига янги иш ўринлари яратилиши мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳаракатлар партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади, албатта.



Туман марказидаги «Кумуш тола» хусусий корхонаси ўтган йили модернизация қилинди. Бугунги кунда бу корхонада 100 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.

— Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармони қабул қилингач, мамлакатимизда ушбу соҳага эътибор ҳар қачонгидан кучайди, — дейди туман мактабгача таълим бўлими раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Фарида Ҳамдамова. — Ҳозирги кунда туманимизда 44 мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Жорий йилнинг ўзида тумандаги 11 филиалга юридик мақом берилди. Ўтган йили МТМлардаги болалар 4274 нафарни ташкил этар эди. Ҳозирда 201 асосий, 28 қисқа муддатли гуруҳларда 5170 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Каттамингдаги 100 ўринли 4-мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бунинг учун 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Тўғриси, 1983 йилда қурилган бу боғчамизнинг аҳволи анча ночор эди. Болажонлар таълим-тарбияси учун шарт-шароитлар йўқ ҳисоби эди. Тадбиркор Одилжон Қаноатов ўз маблағи ҳисобидан Қоракўлча қишлоғида 50 ўринли замонавий МТМ барпо этишга киришди. Шу қишлоқ фуқароси, меҳнат фахрийси Раҳим Эшонқулов ҳам ўзига тегишли бўлган ерда янги нодавлат таълим муассасаси учун пойдевор қўйди.

«Обод қишлоқ» дастури асосида обод бўлаётган Каттаминг маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Шарипов маҳалланинг бугунги қайноқ ҳаёти ҳақида шундай фикр юритади:

— Бугун бутун Каттаминг қишлоғи катта қурилиш майдонига айланган. Қишлоқдошларимиз ўз уйи ва атрофини ободонлаштиришда фаоллик кўрсатмоқда. Қишлоқларига эътибор қаратилганидан, энди аввалгидек эски, пастқам уйларда эмас, замонавий уйларда ҳаёт кечириш даври келганини англаб, кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшилмоқда. Қишлоқдаги мактаб, шифохона, боғчанинг мукаммал таъмирланаётганидан, йўлларнинг текисланаётгани, электр, газ таъминотидаги ўзгаришлардан ҳар бир фуқаронинг кайфияти кўтарилган. Асосийси, барча-барчанинг онгу-шуурида ўзгариш сезиляпти.

Машғулоти асосан деҳқончиликдан иборат қишлоқ аҳли энди фақат пахта етиштириш, ғалла экиш билангина чекланиб қолмайди. Улар энди саноатни ривожлантириш, сервис хизматини кўнгилдагидек йўлга қўйишга интилишмоқда.

Қишлоғимизда пойабзал устахонаси, интернет кафе ва пайнет, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, ошхона, сартарошхона, мини маркет, хўжалик моллари дўкони, дорихона, ветаптека ва ҳаммом қурилиши ниҳоясига етай деб қолди. Бунинг натижасида 31 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланади. Қисқа вақтда маҳалла ҳудудида 12 иссиқхона барпо этилди.

Ҳудудимизда 20 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оила мавжуд. Ногиронлиги бўлган инсонлар 73 нафар. «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш доирасида ана шундай эҳтиёжманд оилаларга биринчи галда ёрдам қўли чўзилаяпти.

Бугунги қишлоғимиз кечагисига ўхшамайди. Эрта-индин эса у яна ҳам чирой очади. Чунки жонажон гўшамизда бошланган бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Каттақўрғонда ана шундай ҳавас қиларли даражадаги ишлар амалга оширилмоқда. Кўпни кўрган оқсоқоллар қимматли маслаҳатларини дариғ тутишмаяпти. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси туман бўлимлари ва бошқа нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлар, ёшлар ташкилоти кўпгина муаммоларга биргаликда ечим излашаяпти.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.