18.09.2018

АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР ЖАҲОН БОЗОРИДА

Миришкор туманида аччиқ қалампирни экспортга жўнатиш бошланди. Натижалар қандай?

Гапнинг очиғи бошида Қашқа воҳасида бу янги экинни ҳамма ҳам бирдай қабул қилмади. Кимдир «фойдаси бўлармикан?» деса, бошқаси «пахтадан айирмасин, ўзиям, ўтини ҳам нақд фойда», деди. Яна биров «шунча меҳнат қилиб, эртага маҳсулотни сота оламизми?» деган мулоҳазани билдирган эди. Негаки, ўзимиз билган пахта, ғалла, картошка, сабзи, пиёз ва бошқа сабзавотларни ўстириш қон-қонимизга сингиб кетган.

Қарши даштининг улкан тумани – Миришкорда аччиқ қалампир экилаётган баҳор пайтида бўлган эдим. Энди ҳосилини йиғиштиришни ҳам кўришга аҳд қилдим. Менга ЎзХДП туман кенгаши раиси Ўткиржон Усмонов ҳамроҳлик қилди. Борсак, маҳсулот экспортга жўнатилаётган экан...

 

— Биз фақат маҳаллий навларнигина эмас, Туркия давлатидан келтирилган аччиқ қалампирнинг «қора акула» хилини ҳам ўстирганмиз. Ҳосилдорлиги гектаридан 6 тоннадан ошарди, — деди Фарғонанинг Боғдод туманидан келган деҳқон Умиджон Турғунов. — Аммо Ҳиндистондан келтирилган, қалампирнинг ҳосилдорлиги жуда баланд экан. Мана, пишиб етилди, териш-узиш бошланди. Яна бир гап — миришкорликлар жуда меҳнаткаш, уқувли экан, бу янги экин парваришини яхши билиб олишди. Биз қўлимиздан келгунича тажрибамизни уларга ўргатдик...

Ўткиржон билан Гулистон қишлоғи яқинидаги ўсимлик мавжланиб ётган янги далага келдик. Шунчалик битибдики, қалампирнинг бўйи 1,5 метрдан кам эмас. Қалампир майдони 150 гектар. Ҳосили беҳисоб. Шу пайт дала бошига Миришкор тумани ҳокими келиб қолди.

Равшан КОМИЛОВ, Миришкор тумани ҳокими, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди:

— Тўғриси, туманимиз деҳқонлари роса меҳнаткаш, миришкор. Кейинги икки йил ичида ғалла ва пахтадан мўл ҳосил олинаётгани бунинг исботи. Аммо аччиқ қалампир экишни таклиф қилишганда, анча мулоҳазага борганмиз, ахир, чўлда бу экин ҳеч қачон ўсмаган. Лекин яхши ният қилдик. Фарғона вилоятидан мутахассисларни таклиф этдик. Астойидил меҳнат қилинди. Туманимиз аҳлининг 10 000 дан зиёди ана шу янги экинни ўстиришда қатнашди. 80 гектар ерда иссиқхона ташкил қилиб, қалампир ниҳолларини ҳам ўзимиз ўстириб, вилоят бўйича тарқатган эдик. Қаранг, қанчалик ҳосил мўл.

Шуҳрат ХУРРАМОВ, тадбиркор, «Биг агро» МЧЖ раҳбари:

— Савол бераяпсизу, мен барчасининг жавоби ана шу ҳосил тўла далаларда, деб ўйлаб турибман. Ҳа, 2000 гектар ерга ўзимиз қалампир экдик. Яна Қашқадарё вилоятидаги 1 минг гектар майдондаги ниҳолларнинг ўсишини назорат қилиш, деҳқонларга кўмаклашиш ҳам зиммамизда. Айта оламанки ўша майдонларда ҳам ҳосил мўл. Аввало, Ҳиндистондан келтирилган қалампирнинг 2 хилини ўстирдик. Демак, «живало» навининг аччиқлиги 40 балл, «таян» хилиники – 70-100 баллгача ўлчанади. Ҳар бирининг талабгори, истеъмолчиси бор. Биз Қатар, Саудия Арабистони, Қувайт, Польша, Чехия, Германия, Россия ва бошқа давлатлардаги харидор ва ҳамкорларимизга маҳсулотни жўнатамиз. Бошқача айтганда, жаҳон бозорига кириб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Битимлар тузилган. Айтмоқчи, баҳорда 100 гектар ерга экилган эртаги салатбоп карамни май ойида четга экспорт қилгандик. Ҳозир карамнинг «айзберг», «пекин» ва бошқа навларини экканмиз. Икки ойдан кейин четга чиқарамиз. Жами 2,5 минг тонна карам экспорт қиламиз, деган мўлжалимиз бор. Энди, асосий экинимиз аччиқ қалампирга келсак, ҳосил 35-40 минг тоннадан кам бўлмайди. Маҳсулотни харид қилиш учун келган ҳамкорлар билан суҳбатлашиб кўринг...

Фотиҳ ЗАРИП ўғли, туркиялик тадбиркор:

— Аввало юртингизга биринчи бор келишим. Халқингизнинг меҳмондўстлиги, очиқ чеҳра билан муомила қилиши, кўнглимдан жой олди. Бухор ва Самарқанд шаҳарларини зиёрат қилдик. Тошкентни кўриб ҳайратга тушдик, ниҳоятда кўркам ва замонавий шаҳар экан. Биз тижорат аҳлининг вақтимиз ўлчоғлиқ. Юртингизда Ҳиндистон қалампирининг яхши хиллари ўстирилаётганини эшитиб келдик. Туркияда қалампирнинг аччиқроқ хилига талаб катта. Шунинг учун 3-4 минг тонна маҳсулот харид қилмоқчимиз. Мана, шу далада мўл ҳосилни ўз кўзимиз билан кўрдик.

Игор ИЛЬИЧЕВ, россиялик тадбиркор:

 — Очиғини айтсам, бизнинг бозорларимизда Тайванд давлатидан келтирилаётган қалампир кўп сотилаяпти. Аммо нега Ўзбекистондан харид қилмас эканмиз? Ахир, масофа яқин, нархини келишиб оламиз. Ниятимиз — юртимиздаги савдо шохобчаларига янги узилган маҳсулотни етказиш. Бу — бозорларимиз талабини ўрганиш ҳам бўлади...

Дала бошида қалампирни четга жўнатиш тартиби намойиш қилинди. Маълум бўлишича, 100 грамм кўк ёки тўла пишган қизил қалампир жойланган пластмасса идиш 3 килолик махсус яшикка жойланар, ёнига 10-15 кунгача эримайдиган муз бўлаклари солинар, кейин тезкор юк машиналарда Россия давлатига етказилар экан. Истаса, харидор маҳсулотни самалётда ҳам олиб кетади.

Менга тумандаги автохўжаликнинг катта ҳовлисини кўрсатишди. Катта майдонга қизил гилам тўшалгандай эди гўё... Қип-қизил бўлиб пишган қалампир доналарини саралаётган, қуритишга ёяётган миришкорлик Шалола Чориева, Гулнора Тўйчиева, Гулшан Панжиева ва бошқа қизлар билан суҳбатлашдим. Улар кўчатларни экишдан тортиб, ҳосилни йиғиб олишгача иштирок этишаяпти.

Вилоят бўйича бу йил 4 минг гектардан ошиқ, Миришкор туманида 2 минг гектар ерда қимматбаҳо қалампир ўсимлиги ўстирилди ва бугун ҳосил хорижий давлатларга жўнатилмоқда. Маҳсулот Миришкор туманида етиштирилган қалампирлар ортилган замонавий юк машиналари бирин-кетин йўлга чиқди...

Шу куни тумандаги айрим янгиликлар билан ҳам танишдим. Замонавий бозор, ҳусусий боғча ишга тушгани ҳақида илгари хабар бергандик. Энди Миришкор кичик шаҳарчасида истироҳат боғи яратиш режаси тузилибди. Шартномадаги 47 минг тонна ўрнига 60 минг тонадан ошириб дон етказиб берган деҳқонлар бугун далаларда мўл пахта ҳосили етиштиришди. Ҳозир терим ташвишлари бошланган. Мен «Хўжаев Норбек» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси, халқ депутатлари Миришкор туман кенгашидаги ЎзХДП груҳи аъзоси Султон Хўжаевни учратдим. Депутатимиз шундай деди:

— Икки йилдан буён донимиз ҳам, пахтамиз ҳам мўл. Буларнинг ҳаммаси катта ташкилотчилик, ҳамжиҳатлик, заҳматли меҳнат туфайли. Миришкорликлар учун қалампир ҳам энди бегона эмас!

Бу ва бошқа фикрларни эшитиб, қалампир ўсган майдонларни айланиб, ўйладим: узоқ йиллар бу далаларга асосан пахта экиб келдик. Бундан бошқа нарса ўсмайди, деб ўйладикми ёки пахтадан фойда кўп дедикми, ҳар ҳолда бошқа кўп экинлар, хусусан, қалампир экиш ҳам хаёлимизга келмаган. Мана, биринчи ҳосилни кўриб турибмиз. Унинг соф фойдаси ҳақида йил якунида гаплашамиз.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.