Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
18.09.2018

ИМКОНИЯТ ВА ИМТИЁЗЛАР, ҲАЛ ЭТИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН МУАММОЛАР

Президентимизнинг 2017 йилнинг 1 декабрида қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратилиши белгиланган эди. Жорий йилда ногиронлиги бўлган мингдан ортиқ шахслар талаба бўлишди. Бу йил илк бор қўлланилган ушбу амалиёт камчиликлардан ҳоли эмас, албатта.

Ўзбекиситон Ногиронлар жамиятида бўлиб ўтган учрашув ҳам айни шу мавзуга қаратилди. Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев, бўлим мудири Боймурод Юсупов, Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрож Дархонов ва бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Фарҳод АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси ўринбосари:

Бу йил ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган 2 фоизли давлат гранти квоталари асосида кўплаб жисмоний имконияти чекланган шахслар имтиёзли равишда талаба бўлишди. Биргина Тошкент давлат юридик университетига 12 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар ўқишга кирди. Бироқ тест имтиҳонларини топшириш жараёнида турли кўнгилсиз ҳолатлар кузатилгани ҳам бор гап. Яъни ногиронлиги бўлган болалар табиатан жуда тортинчоқ, атрофдагилардан ўзини олиб қочадиган бўлади. Уларни юзлаб абитуриентлар орасида эмин-эркин ҳаракат қилолмасликлари ҳам ҳақиқат. Кўпчилигининг хаёлида ҳамма унга қараб тургандек, ачинаётгандек туюлади.

Биздаги маълумотларга кўра, тест топшириш вақтида бир абитуриент ҳушидан кетиб қолган. То у ўзига келиб олгунча ярим соатлар вақт кетган. Шундан кейин кузатувчилар тест ечишни давом эттириш кераклиги, вақт ўтаётганини маълум қилишган. Ваҳоланки, тиббий жиҳатдан бу мумкин эмас. Ҳушидан кетган ногиронлиги бўлган шахс ярим соатдан кейин яна тест ишлашда давом этса, бу унинг бош миясидаги катакчаларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Чунки тиббий жиҳатдан олиб қаралганда, у камида 3 соат давомида ётиши, ақлий иш билан шуғулланмаслиги керак.

 

Ойбек ИСОҚОВ, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси:

— Шу ўринда яна бир мисол. Ногиронлиги бўлган шахслар орасида ДЦП билан хасталанганлар ҳам бор. Улар қўллари қалтираши оқибатида тест катакчаларини нотўғри белгилаб қўйишлари мумкин. Худди шундай кар-соқовлар ҳам оддий абитуриентлар билан бир хил имкониятга эга эмас. Демак, касалликнинг ҳолатига қараб, кимларгадир шахсий ёрдамчи ёки алоҳида сурдо таржимонлар ажратилиши керак.

Буйрак хасталиги — эпилесияга чалинганларга узоқ ўтириш мумкин эмас, ҳар соатда ташқарига чиқиб туриши керак. Чунки улар пешоб тутиб туролмайди. Тест имтиҳонлари эса 3-4 соат давом этадиган жараён.

Бу каби нохуш ҳолатларнинг рўй беришида бевосита тиббий меҳнат эксперт комиссияларининг ҳам айби бор, деб ўйлайман. Яъни шунчаки ногиронликни тасдиқлаб муҳр босиш эмас, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, тавсиялар кўрсатиб ўтилиши зарур.

Биргина қарорда ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини қамраб олиш мумкин эмас. Шунинг учун алоҳида қонунчилик меъёрларига эга ҳуқуқий хужжат яратиш керак. Ногиронларнинг таълим олиш кафолатлари билан боғлиқ қонун қабул қилиш вақти келди, деб ўйлайман. Мазкур хужжат орқали муаммоларнинг ечими бўйича аниқ амалиёт кўрсатиб ўтилади.

 

Комилжон АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси:

— Тан олиш керакки, бу йил жуда катта ўзгаришлар бўлди. Узоқ йиллардан бери кутилган квоталар эвазига кўплаб ногиронлиги бўлган ёшлар талабалар сафидан жой олди. Ижтимоий тенглик, адолат юзага келди.

Аммо айрим жиҳатлар ҳақида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Яъни бу йилги тажриба илк бор қўлланилаётгани оқибатида турли камчиликлар ҳам кузатилди. Оддий ҳужжат топширишдан тортиб, олий ўқув юртида таълим олишгача бўлган жараёнда ечимини кутаётган муаммолар бор.

Масалан, кўпчилик хужжат топширишда қийинчиликка учради. Ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдо таржимонлар, аудио-видео маълумотлар, кириб чиқиш, навбат кутиш учун қулайликлар тўлиқ таъминланмади. Ўйлашимча, қабул жараёнида жисмоний имконияти чекланган абитуриентлар билан ишловчи мутахассислар гуруҳини ташкил қилиш лозим. Масалан, кўзи ожиз одам ариза ёзолмайди, кар-соқовлар ҳужжатни қабул қилувчи шахснинг саволларига жавоб беролмайди.

Мана шунга ўхшаш ўзига хос, алоҳида эътибор ва тартиб талаб этувчи саволлар борки, уларнинг ечими бўйича ҳукумат қарори талаб этилади. Айтайлик, тест вақтида дори-дармонларни олиб киришга ҳам рухсат берилмаяпти. Ваҳоланки, улар орасида нафаси сиқадигани, юрагида нуқсони борлари ҳам бор.

 

Абдулла АБДУХАЛИЛОВ, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти аъзоси, социология фалсафа фанлари доктори:

— Ўйлашимизча, ажратилаётган квота масаласи кечки ва сиртқи таълимга ҳам жорий этилиши керак. Айни пайтда бу жуда муҳим. Сабаби олий ўқув юртлари ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган. Адабиётлар, ўқув қўлланмалари ҳам етишмайди. Сиртқи ёки кечки таълимда улар учун қатор енгилликлар юзага келади. Ногиронлиги бор шахсга йилда икки марта бир ойдан ёки ҳафтасига бир марта таълим муассасасига бориш ҳар томонлама маъқул. Боиси кунига дарсга қатнаш учун катта жисмоний куч талаб қилинади. Уйда ёки масофадан туриб ўқиш имконияти чекланган одам учун имтиёз беради. Чунки у ҳам барча қатори таълим олишга, олий маълумот эгаси бўлиб, билимларини ошириб боришга ҳақли. Бунинг учун эса аввало имконият яратилиши лозим.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.