Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
18.09.2018

ОЛИЙ ТАЪЛИМНИНГ ОҒРИҚЛИ НУҚТАСИ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРНИ ТАНЛАШ МАСАЛАСИДИР

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор:

2018 йил 1-15 август кунлари мамлакатимиз олий ўқув юртларига кириш тестларининг янгича усулда, адолат тамойилларига асосан ва шаффоф ўтказилиши муносабати билан ўзбек жамиятининг диққат-эътибори қайта ва қайта олий ўқув юртлари ҳамда у ердаги аҳволга тортилди. Газеталар, порталлар, ижтимоий тармоқлардаги сон-саноқсиз мақолалар, фикрлар, тортишувларнинг негизидатаълим тизимини тубдан соғломлаштириш, коррупция, таниш-билишчилик, таъмагирликни илдизи билан қўпориб ташлаш, глобаллашиш даври ҳамда замон талабларига мос келадиган таълим тизимини барпо этиш ғояси ётибди. Бу йилдан эътиборан, ниҳоят, кириш синовларини адолатли ўтказишга эришилган экан, энди навбатдаги вазифа олий ўқув юртларидаги таълимнинг савиясини кўтариш, катта орзу-умидлар билан олий даргоҳ остонасини хатлаган ёшларга юксак даражада билим беришни таъминлашдир. Бинобарин, бу билимларни берадиган профессор-ўқитувчилар, уларнинг маънавий қиёфаси, интеллектуал ва билим савиясини яхшилаш муаммоси кун тартибига келиши тайин...

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 июнда қабул қилинган Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида ҳаққоний таъкидланганидек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида «талабанинг ўзлаштириш даражасипрофессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони» тамойили жорий этилиши белгилаб қўйилган. Бу олий таълим тизимида бундан буён мутлақо янгича кадрлар сиёсати юритилишини англатади. Шу сабабли бу хусусда узоқ ва яқин хорижда қандай усуллар ва ёндашувлар билан иш кўрилаётганини таҳлил қилиш ва юқоридаги қарорда олий таълим тизими олдига қўйилган вазифаларни бажаришда жаҳон тажрибасидан ўринли фойдаланиш зарурияти мавжуд.

...Ушбу мақолани ёзишга тайёрланар эканман диққатимни «Илм пулга сотиладимидеб номланган мақола ўзига тортди. http://ziyouz.uz/oila-va-jamiyat/ilm-pulga-sotiladimi/ Ундаги қуйидаги ўринларни айнан келтираман: «Ҳадиси шарифда, олимлар пайғамбарларнинг ворисидир, деб бежизга айтилмаган. Илм кишилари мол-дунёга майл қўйдими, шу аснода ўз вазифаларининг тескарисини бажара бошлайдилар. Яъни халқни гумроҳлик сари етаклашади». Шунингдек, муаллиф «Жаҳон адабиёти» журналида эълон қилинган «Кўланкадаги Россия» номли мақоладан иқтибос келтиради: «Агар институтларнинг ўқитувчиларига маош тўланмаса ҳам ҳечқиси йўқулар, барибир, ишга қатнайверадилар, чунки уларнинг таъмагирлик ва порахўрлик билан топадиган маблағларининг манбаи битмас-туганмасдир. Шуни ҳам айтиб қўяйки, менинг танқидий мулоҳазаларим, биринчи навбатда гуманитар факультетларга тааллуқли. Техникавий ва бошқа факультетларда вазият ўзгача бўлиши ҳам мумкин...

 

Мазкур мақолада порахўрлик, таъмагирлик тизимининг «қурилиши», иш жараёни асосли далиллар воситасида фош этилади: «Ҳозир абитуриентларнинг ота-оналари репетиторларга шунчаки машғулот ўтагани учун эмас, олий ўқув юртига киришига кафолати учун ҳақ тўлашга тайёрлар. Айни ана шу кафолат пулга арзийди. (Баъзи бир ўқув юртларида репетиторлик учун алоҳида пул олишади, институтга кириш учун алоҳида олишади, чунки бу репетитор кириш имтиҳонлари таркибига кирмай қолиши (мумкин), бундай ҳолларда репетитор ҳамкасабалари билан бўлишишга мажбур бўлади). Амалда ҳар бир факультетда «фаол» ўқитувчиларга институтга олиб кириши лозим бўлган абитуриентларнинг миқдори аввалдан белгилаб қўйилади» Демак, бу ҳали порахўрликка асосланган машина ғилдирагининг илк силжиши экан. Ундан сўнг эса «ҳар қайси сессия даврида совға-саломлар туҳфа этиш жараёни бошланади. Бунинг натижасида давлатнинг таълим тизимида учига чиққан порахўр ва бу жиноят учун деярли жазоланмайдиган ўқитувчилар гуруҳи пайдо бўлади, оқибатда икки пулга қиммат мутахассис ёшлар юзага келади. Бундай ёшлар кўланкадаги иқтисодиёт бобида биринчи сабоқларни олий ўқув юртида олади».

Юқоридагиларни бежизга келтирмадик. Боиси, бу қабилдаги «кўланкадаги тадбиркорлик» фақатгина Россия олий таълим тизимига хос эмас, балки айни вақтда собиқ иттифоқдош республикаларнинг аксарияти айнан ўша иллатни бошдан кечираётир».

Ушбу мақоладаги фикрлар, афсуски, ёзувчи ёки журналистнинг фантазияси эмас, бу олий таълим муассасаларида энг кўп дуч келинадиган ҳолат. Ҳақиқатан ҳам, «...таълим тизимида учига чиққан порахўр ва бу жинояти учун деярли жазоланмайдиган ўқитувчилар гуруҳи пайдо бўлгани» ҳам рост. Устига устак, бу учар домлалар илм-фандан узоқ, ўқитувчилик маҳорати йўқ ҳисоби, муомала маданияти ҳам ўзига яраша...

 Яна шуниси ачинарлики, бундай ўқитувчилар фаолиятига то ваколатли органлар нуқта қўймагунча олий таълим муассасаларида таралла-бедод қилиб юраверадилар. Уларни ўз вақтида танобини тортиб қўйиш, ишдан четлатишнинг ижтимоий-маъмурий механизми мавжуд эмас. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 1997 йил 11 март 133-сон қарори талабларига кўра профессор-ўқитувчи шартнома асосида ишга қабул қилинади, кейинчалик ҳар беш йилда у тегишли илмий кенгашларда танловдан ўтади. Бу тизим мавжуд экан, «учар» домлалар ўн минглаб ҳалол, билимли ва заҳматкаш профессор-ўқитувчилар қатори то пенсиягача ва ҳатто ундан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттираверади.

Тўғри, ҳозир ҳар бир олий ўқув юртида «Ўқитувчи талаба нигоҳида» номли анкета сўрови ўтказилади. Талабалар анкета савол­ларига жавоб бериш чоғида ўқитувчиларнинг билим савияси, дарсни қай тарзда ўтиши, маънавий-инсоний қиёфасига баҳо беришади ва албатта, таъмагирлик фактлари хусусида ҳам ўз муносабатини билдиради. Анкета якунларига кўра, агар шундай ҳолат аниқланса, олий таълим муассасаси қўли эгри домла билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинлиги бирор-бир қонуний ҳужжат билан белгилаб қўйилмаган...

Бундан ташқари, ҳар бир олий таълим даргоҳида вазирликнинг кўрсатмасига кўра «адолат қутиси» ўрнатилган. Талабалар назарида адолатсиз туюлган ҳар бир ҳаракат юзасидан хат ёзиб, мазкур қутига ташлаши мумкин. Ҳар ойда мазкур аноним хатлар илмий кенгашда кўриб чиқилади. Устидан шикоят тушган ўқитувчиларга эса ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш таклиф этилади. Шунга қарамай, бу чоралар таъмагирликка қарши самарали восита эмас.

Маълумки, профессор-ўқитувчиларни билими ва касбий маҳоратини қуйидаги уч ҳолда чуқур текшириш ва таҳлил этиш талаб этилади:

Биринчидан, улар ишга қабул қилинаётганда; Иккинчидан, вакант лавозимлар учун танловда қатнашаётганда; Учинчидан, юқорироқ лавозим ёки илмий унвонга (кафедра мудирлиги, деканлик, доцентлик ёки профессорликка) ўтаётганда.

Ҳозир амалда бўлган қоидаларга кўра, ишга кираётган ёки янги лавозим (унвон)га даъвогар шахс тавсифнома, очиқ дарс таҳлили, талабалардан олинган анкета сўровлари натижалари қатори ходимлар бўлими талаб этган шахсий ҳужжатларни тақдим этади ва аксар ҳолларда альтернативаси бўлмайдиган тан­ловлардан ўтиб кетаверади. Бу жараёнда, афсуски, олий таълим муассасаси ўқитувчиси учун сув ва ҳаводек лозим бўлган хислатлар — ўз фаолиятига ижодий ёндашиш, инновацион услублар, лидерлик қобилияти, педагогик маҳорат ва педагог сифатида бўлғуси фаолиятида энг керакли компонентлар – ҳалоллик, тўғрилик, объективлик хусусиятларига баҳо берилмайди ва ушбу хислатлар танловнинг асосига қўйилмайди.

Шу туфайли профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик фаолиятини баҳолаш, олий таълим муассасидаги ҳар қандай лавозимларга энг яхши, энг билимли, юксак педагогик маҳорат эгаси бўлган кадрларни танлаб олиш, уларни доимий равишда ўз билим ва маҳоратини ошириб бориш механизмини жорий қилиш муҳимдир. Бу талабларга жавоб бермайдиган ва бутун фаолиятини юқорида тилга олиб ўтилган «кўланкадаги тадбиркорлик»ка қаратган ходимларни эса тезда олий ўқув юртларидан четлатиш лозим бўлади. Аммо, юқорида айтилганидек, бундай типлар осонлик билан «жон бермайди», улар олий таълим муассасаларида ўз фаолиятини давом эттириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Шунинг учун мамлакатимиз олий таълим тизимида жаҳоннинг илғор олий ўқув юртларида амалда қўлланиб келаётган танлов тизимини жорий қилиш керак. Бу тизим уларни автоматик равишда олий таълим муассасаларидан четлаштиради, чунки бу хил «домла»ларнинг интеллектуал савияси бу тизимлар асосига қўйилган мантиқ ва талабларга бардош бера олмайди. Биз ҳозиргача турли соҳаларда Шарқу Ғарбдан олган моделларни ўзимизга мослаш билан уларнинг асосига қўйилган рационал мантиқни буздик ва бу моделларнинг иш бермагани сабаби ҳам шунда.

АҚШ, Австралия, Япония, Сингапур, Корея каби мамлакатларда университетларга профессор-ўқитувчиларни ишга олиш ёки танлов асосида лавозимга қабул қилишнинг қуйидаги тизими мавжуд. Балки биз ҳам шу усулни қўллаб кўришимиз керакдир:

Биринчдин, ассистент ёки катта ўқитувчи лавозимига (Assistant Professor) даъвогарлар 3-6 йил давомида ҳар йили шартнома асосида қайта ишга қабул қилинади (non-tenure track position) ва ундан қуйидаги ҳужжатлар, малакалар, хислат-хусусиятлар талаб қилинади:

олий маълумот ҳақидаги дипломнинг мавжудлиги; фалсафа доктори (PhD) ёки фан номзоди илмий даражасининг мавжудлиги; халқаро илмий алоқаларининг мавжудлиги ва билим дунёсида тан олинганлик; бакалавриат ва магистрлар билан ишлашда педагогик маҳоратини намоён этганлиги; ўқийдиган курслари (дарслари) учун услубий қўлланма (кўрсатма)ларни ярата олиш тажрибаси; докторантлар билан ишлай олиш кўникмаси; чет (инглиз) тилини билиши;

Assistant Professor, яъни ассис­тент ёки катта ўқитувчи лавозимига талабгорларнинг «Касбий ривожланиш режаси» (Professional Development Plan) мавжуд бўлиши ва у шартнома амал қилган давр мобайнида ўз билим ва малакаларини ошириб боргани сертификатланган бўлиши керак.

Бу тизимни жорий қилиш орқали «кўланкадаги тадбиркорлик» билан шуғулланадиган ўқитувчини олий таълим муассасаларидан четлатишнинг реал механизми яратилади. Ҳеч кимга сир эмас, бу категориядаги ўқитувчилар асосан ассистент, катта ўқитувчи лавозимларида ишлайдилар, уларнинг аксариятида илмий даража ҳам йўқ.

3-6 йиллик вақт оралиғида «чиғириқдан ўтган» ассистент ёки катта ўқитувчи бу лавозимда доимий ишлаш учун танловдан ўтиши керак ва у танловдан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

резюме; дипломлар, сертификатлар; илм-фанда эришилган муваффақиятларининг тавсифи; талабгор дарс берган фанларнинг рўйхати; қўлга киритган грантлари ҳақида маълумот; талабгорнинг муваффақиятларини тасдиқловчи камида учта экспертнинг хулосаси;

Ушбу талабларга жавоб берадиган номзод тегишли кенгашлардан танловлардан ўтади ва у билан энди доимий ишлаш учун (tenure track position) шартнома тузса бўлади. Аммо бу шартнома ҳам ҳар йили қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ушбу шартнома муддати тугаганидан кейин унинг фаолияти университет (факультет, кафедра) раҳбарияти томонидан ижобий баҳоланмаса, ўқитувчи кейинги танловда иштирок эта олмайди ва ишдан бўшаб кетади.

Иккинчидан, биздаги доцентга тўғри келувчи Associate Professor лавозимига даъвогар шахс халқ­аро аҳамиятга эга бўлган мавзуларда тадқиқотлар олиб борган, грантларда иштирок этган бўлиши ва ишлаб чиқаришга фойдаси тегадиган мавзуларда ишлаган бўлиши керак. Бу лавозимга ёш чегараси баъзи мамлакатларда 51 ёш қилиб белгиланган. Бу лавозимга ўтганидан 3 йилдан кейин унинг илмий-педагогик фаолиятини такроран баҳолаш жараёни амалга оширилади (Post-Tenure Performance Review) ва ундан муваффақиятли ўтган шахс билан муддатсиз шартнома имзоланади.

Учинчидан, биздаги профессор (Full Professor) лавозимига тенг келадиган мавқега келишни истаган даъвогар кучли лидерлик хусусиятларига эга ҳамда олий таълим муассасаларидаги илмий йўналишлардан бирининг етакчиси бўлиши, илмий жамоани бошқариши, талабалар, магистрлар, докторантлар ва ёш олимларни ўз устида ишлашга, ўз билим ва малакасини оширишга, университетнинг илмий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга руҳлантирадиган хислатларни ўзида мужассам этиши керак.

Бу лавозимга талабгорлар университет қошидаги «Тайинлов ва муддатсиз шартномаларни кўриб чиқувчи қўмита»га (Promotion and Tenure (P&T) Review Committee) 3-5 йиғма жилддан, 1000-2000 саҳифадан иборат ва охирги 5-8 йилдаги барча муваффақиятларини акс эттирувчи портфолиони тақдим этиши керак. Бундан ташқари профессор лавозимига талабгордан олдинги ишлаган фаолиятига берилган баҳони акс эттирувчи талабалар рейтинги, экспертлар рейтинги, талабгорнинг ўз фаолиятига берган баҳоси, талабалардан олинган сўровнома натижалари, битирувчиларнинг рей­тинги, раҳбариятнинг рейтинги, ўқитувчилик (лекторлик) маҳорати, олган мукофотлари, берган дарсларининг натижалари (талабаларни тест синовидан ўтказиш натижалари) ҳам талаб қилинади.

Қўмита талабгорнинг портфо­лиосини ижобий баҳолаганда у билан муддатсиз шартнома (tenure) тузилади, аммо у беш йил ўтиб, яна шу қўмитага ҳисоб бериши керак, агар натижалар ижобий баҳоланмаса, шартнома узайтирилмайди ва талабгор университетдан четлаштирилади.

Қисқаси, илғор мамлакатларнинг олий таълим муассасаларида бир марта илмий даража ёки унвон олиб умрбод унинг «соясида юриш» амалда мумкин эмас, чунки у ерларда «ё юқорига интил, ёки истеъфога чиқ» тамойили устувор, яъни профессор-ўқитувчи ўзининг доимий илмий ва педагогик савиясини ошириб бормаса, у билан тузилган шартнома дарҳол бекор қилинади.

Юқорида баён қилинганлар жаҳон университетларидаги про­фессор-ўқитувчи кадрларни танлашнинг асосига қўйилган ҳамда уларни доимий тарзда ўз устида ишлашга, билим ва кўникмаларини ва педагогик маҳоратини ошириб боришга, фан тараққиётига ва мамлакат иқтисодиётига ўзининг баҳоли қудрат ҳиссасини қўшишга ундовчи механизмларнинг энг оммалашган қисми, холос. Бугунги кунда олий таълим соҳасида Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари (Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳонконг ва Австралия...) Европа ва Америкадан ҳам ўзиб кетаётганлигини мутахассислар бу юртларда кўп жиҳатдан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг танлови ва селекцияси механизмининг яхши йўлга қўйганлиги билан изоҳламоқдалар. Уларнинг тажрибасини доимий ўрганиб бориш ва ижобий ўзлаштириш зарур. Мазкур механизмнинг бизда ҳам ишлаб кетиши учун у қатъийлик билан бир неча йил давомида жорий этилиши керак.

Хуллас, мамлакатимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг, уларни ишга қабул қилиш ва аттестациядан ўтказишнинг замонавий тизимини барпо этишимиз зарур ва олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти бу муаммони муваффақиятли ҳал қилиш билан бевосита боғлиқдир.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: