13.09.2018

МЕҲРИБОНЛИК УЙИНИНГ СУЮКЛИ ОНАЖОНИ

Байрам арафасида интернет саҳифаларини кўздан кечириб, мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига биноан мукофотланганлар рўйхатида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонига сазовор бўлган Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи директори Дилбар Орзиева номини кўриб, қувониб кетдим.

Уни байрам билан табриклаш, болаларни ширинликлар билан сийлаш ниятида Меҳрибонлик уйига кириб борар эканман, катта тайёргарлик устидан чиқдим. Яқинлашишим билан болалардан бири: «Ойимиз мукофот олдилар, уларга табрик тайёрлаяпмиз», деса, яна бири «Улар ҳозир Тошкентдалар, кутиб олишга тайёрланяпмиз», деди. Бу болалар опани беғубор қалблари билан чин дилдан қанчалик яхши кўришларини бутун вужудим билан ҳис қилдим.

Ўтган йили «Саодат» журналига Дилбар Орзиева ҳақида материал тай­ёрлаган эдим. Бир неча марта Меҳрибонлик уйида бўлиб, болалар ва тарбиячилар билан суҳбатлашгандим. Бу ердаги тозалик, озодалик, саранжом-саришталик, ишчи-ходимлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззат, хушмуомалаликдан кўнглим яйраганди. Суҳбат давомида Дилбар Орзиева шундай деди:

— Республикамиздаги ўнлаб Меҳрибонлик уйларида ҳар йили юзлаб йигит-қизлар вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Мени ана шу ўғил-қизларимиз тақдири кўп ўйлантиради. Давлатимизнинг бундай кўнгли ўксик фарзандларимизга кўрсатаётган ғамхўрлиги чек-чегарасиз. Бироқ уларнинг кейинги тақдири билан тизимли ишлар олиб борилмаяпти. Буни ўзим раҳбарлик қилаётган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари мисолида яхши биламан.

Ўсмир ёшдаги қизларимизни оилага тайёрлаш мақсадида қайнона-келин муносабатлари, келинларнинг бурч ва вазифалари ҳақида гапирганимда, улардан бирининг «Ойижон, «детдом» қизларини ким ҳам келин қиларди?», деган гапи юрагимга тиғдек санчилганди. Ҳақиқатан ҳам, қизларимиз қанчалик одоб-ахлоқли, таълим-тарбияли бўлишмасин, уларни ҳамма ҳам келин қилишни истамайди. Бу жуда оғриқли масала бўлиб, қизларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади.

Қарабсизки, уларнинг таълим-тарбияси йўлида йиллар мобайнида қилган барча саъй-ҳаракатларимиз пучга чиқади. Давлатимиз томонидан қанча сарф-харажатлар қилиниб, не-не умидларда тарбияланган айрим қизларимиз жамият учун фойда келтирадиган инсонлар эмас, балки эгри йўлга кириб кетиши ачинарли ҳолдир.

Менимча, қизларимиз ёшлигидан жамиятимиздаги бамаъни, зиёли, обрў-эътиборли аёлларга бириктириб қўйилса, улар мунтазам равишда қизлар билан боғланиб, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаб боришса, хайрли иш бўларди. Шунда эътиборли аёллар тарбиясида бўлган қизларга яхши оилалардан совчилар кўпроқ келишига ишонаман. Жамиятимизда мана шундай арзимасдек туюлса-да, бироқ эътибор берилмаса катта муаммолар келтириб чиқарадиган ҳолатлар бор. Биз бу ҳолатларни қалб билан англаб, уларни бартараф этиш учун фидойилик билан ҳаракат қилмоғимиз керак.

Мазкур оғриқли фикрлар ва ўринли таклифлар мени ҳам ўйлантириб қўйди. Яратган Эгам кўнгли ярим норасидаларни мана шундай қалби уйғоқ инсон билан сийлаганига шукроналар келтирдим. Негаки, иймони соф, нияти тоза инсон яхшилик, эзгулик йўлида елиб-югуришдан чарчамайди ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш йўлида ҳаммани сафарбар эта олади. Бундай инсонларнинг машаққатли меҳнати қадр-қиммат топаётганлиги, юксак мукофотлар билан тақдирланаётгани кишини қувонтиради.

 

Салима ХОЛДОРОВА,

журналист.



DB query error.
Please try later.