Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
13.09.2018

БУРЧГА САДОҚАТ ВИЖДОНАН ИШЛАШНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, айниқса, матбуот саҳифаларида маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни бажармаётгани ҳақида танқидий фикрлар билдирила бошланди. Тўғри, катта-катта ваъда бериб, амалда муносиб иш қилмаётганлар ҳам бор.

Аммо, эл-юрт манфаати йўлида фидойи бўлиб хизмат қилаётган депутатларимиз оз эмас. 2014 йилда бўлиб ўтган сайловларда халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашига депутат этиб сайланган Муроджон Ҳайитовдан сайловчилар мамнун. «Одамларнинг ишончи — улуғ мукофот», «Рост гапирсак — барака топамиз», деган сўзлар унинг шиорига айланган.

Муроджон Ҳайитов ўз фаолиятини сайлов округидаги муаммоларни чуқур ўрганишдан бошлаган эди. Энг долзарб муаммолар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, босқичма-босқич дастурларга киритиб борди. Уч ярим йиллик фаолияти доирасида фуқаролардан тушган 350 га яқин муаммонинг 70 фоизини ижобий ечимига эришди. Қолгани бўйича мутахассислар кўмагида малакали тавсиялар берилган.

Депутат шу кунга қадар 12 масалани сессия, 18 масалани доимий комиссия муҳокамасига олиб чиқди. Шунингдек, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашни ўз назоратига олди. Ушбу масалалар орасида аҳолини иш билан таъминлаш, тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш ва тиббиёт муассасаларини янги техник ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, таълим сифатини ошириш, тадбиркорлик субъектларида савдо терминалларини мунтазам ишлашини таъминлаш каби долзарб масалалар ўзининг ижобий ечимини топа бошлади.

Туман Кенгаши депутати сифатида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилиш асосида ўз сайлов округида 750 га яқин фуқарони бепул тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳомийлар ёрдамида бепул дори-дармонлар, 60 нафарга яқин фуқарони иш билан таъминлашга эришди. Шунингдек, 46 нафар эҳтиёжманд оилаларга уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилишига кўмаклашди. Ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган 20 нафар фуқарога тижорат банкларидан кам фоизли кредитлар олишга ёрдам берди.

2018 йил халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг бўшаб қолган ўринларга ўтказилган сайловда энг кўп овоз билан 8-Наврўз сайлов округидан Сирдарё вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган Муроджон Ҳайитовнинг ваколат доираси янада кенгайди. Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорига асосан вилоят ҳамда туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда ўз фаолиятини ташкил эта бошлади.

Жорий йилда сайлов округи ҳудудида жойлашган Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик компаниясига қарашли «Сардоба темир йўл» агросаноат мажмуаси унитар корхонаси билан ҳамкорликда Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор» маҳалласида болалар учун футбол майдони ва болалар ўйингоҳи қурилиши бошланди. Туманнинг «Тинчлик» маҳалласида эски давлат санитария эпидемиология марказининг бўшаб қолган биносини болалар боғчасига айлантириш ташаббуси билан чиқди. Сектор раҳбари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, муаммони ижобий ечим топишига эришди. Ҳозир мазкур бинода таъмирлаш ишлари кетяпти.

Тумандаги «Боғистон» маҳалласида аҳолининг чорва моллари учун 6 гектар яйлов ажратиш масаласи депутатнинг аралашуви билан ҳал этилди. Бундан боғистонликлар жуда мамнун. Маҳалланинг 3 кўчасидан оқиб ўтувчи коллектор кўп йиллар давомида тозаланмасдан кўмилиб кетгани оқибатида, қишлоқнинг бир қисмида хонадонлар атрофини сув босиб, уйларга жиддий зарар келтираётганди. Депутат бу муаммонинг ҳам тезда ечимини топишга киришди. Сув хўжалиги вазирига мурожаати натижасида 0,6 километрлик масофадаги зовур тозаланиб, сизот сувлар сатҳи пасайтирилди.

«Узтрансгаз» акциядорлик жамияти бошқарувига юборган мурожаати асосида Мирзаобод тумани Наврўз шаҳарчасидаги Маърифат ва Истиқбол кўчаларига табиий газ келтирилди. Бобур кўчасида яшовчи аҳолини сифатли тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига қилинган мурожаат орқали ҳал этилди.

Депутат қуйи масъул ташкилот раҳбарларининг жавобидан қониқмаса, вилоят, республика миқёсидаги идораларга мурожаат этади. Масала ижобий ечимини топмагунча тинчимайди.

Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи Сайдулла Маматқуловнинг таъкидлашича, авваллари одамлар депутат деган сўзни эшитар, аммо ўзини кўрмас экан. Унинг ўғли Шариф Маматқулов юрак пароги билан туғилган. У ўғлини нафақага чиқариш учун 8 йил турли идораларга мурожаат қилган. Ҳеч уддасидан чиқолмагач, депутатдан ёрдам сўраган. Депутат бир ой ичида тегишли давлат органларига бир нечта сўров юбориб, унинг ўғлига ногиронлик белгиланишига эришди. Муроджон Ҳайитовнинг ҳокимликка қилган мурожаати билан 2018 йилнинг январь ойида 46 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилди. Шунингдек, қишлоқдан вилоят марказига қатновчи автобус йўқ эди. Ҳозирда иккита автобус қатнови депутатнинг саъй-ҳаракати билан йўлга қўйилди.

Муроджон Ҳайитов айни вақтда ўзини ўзи бошқариш органларининг мутасаддилари билан 2019 йилги давлат ва маҳаллий дастурларга таклифлар ишлаб чиқмоқда. Унинг амалий ишлари, депутатларга ишончни кучайтирмоқда, ҳудудда партиямиз нуфузининг ошишига хизмат қилмоқда.

 

Жамол АНДАҚУЛОВ,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши бўлим мудири.



DB query error.
Please try later.