Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.09.2018

«ЧИН ДЕВОРИДАН БОЛҚОНЛАРГА ҚАДАР УЗАНГАН ТУРК ДУНЁСИ»

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор:

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитидаги нутқи жаҳон ОАВ томонидан қизғин шарҳланмоқда.

Президентимиз саммитдаги нутқида Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳрини 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди. Ҳақиқатан ҳам, дунёдаги ягона музей-шаҳар мақомидаги ва ўрта асрлардаги туркий цивилизациянинг ноёб маданий ва меъморий обидаси бўлган Ўзбекистон инжуси Хива шаҳри бундай юксак эътирофга лойиқдир.

Туркия Республикасининг собиқ Бош вазири марҳум Турғут Ўзолнинг 1990-йиллар бошида машҳур бўлган таъбири билан айтганда, «Чин деворидан Болқонларга қадар узанган турк дунёси»... ҳақиқатан ҳам уч қитъага ёйилган — Беринг бўғозидан Ўрта Ер денгизига қадар ёйилган муаззам географияда яшовчи 250 миллиондан ортиқ туркий тилларда сўзлашувчи аҳолини ва 6 мустақил туркий давлатлар — Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Россия Федерацияси, Хитой, Молдавия каби давлатлардаги мухтор жумҳуриятлар ва вилоятларни ўзида мужассам этган турк дунёсининг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва эътибори кундан-кунга ошиб бормоқда.

Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатларнинг давлат бошлиқлари 1990-йилларнинг бошидаёқ тили, дили, маданияти ва диний эътиқодлари умумий бўлган қардош халқларнинг тенг ҳуқуқли ҳамжамияти тамал тошини қўйган эдилар.

2009 йилда Озарбайжон Республикасининг Нахичевань шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси давлат раҳбарлари бу дўстлик ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида мазкур халқаро ташкилот — Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш хусусида келишиб олдилар. Бу халқаро ташкилотнинг мақсади аъзо мамлакатлар ўртасида азалий қардошликни мустаҳкамлаш баробарида дунё ва минтақавий муаммолар бўйича сиёсий маслаҳатлашувларни кучайтириш, иқтисодий ва техникавий ҳамкорликни, илм-фан, санъат ва маданият соҳасида ҳамда Туркий дунёнинг моддий ва маънавий маданиятини асраш ва янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни юқори савияга кўтаришдир. Бу вазифаларни амалга ошириш учун халқаро ташкилот қошида Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Оқсоқоллар кенгаши, котибият каби ижро органлари тузилган эди ҳамда ташкилот котибиятининг Истанбул шаҳрида фаолият кўрсатиши белгиланганди.

Ўтган давр мобайнида кенгаш йиғилишлари 2010 йилда Истанбулда, 2011 йилда Олматада, 2012 йилда Бишкекда, 2013 йилда Озарбайжоннинг Гебеле шаҳрида, 2013 йилда Туркиянинг Бодрум шаҳрида, 2015 йилда Остонада ташкил этилганди. Бу йиғилишларда Туркий дунёнинг интеграцияси ва ҳамжиҳат тараққиёти билан боғлиқ бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилинганди. 2012 йилги Бишкек учрашувида таълим, илм-фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик, 2013 йилги Гебеле шаҳридаги учрашувда алоқа ва коммуникациялар, 2014 йилги Бодрумдаги саммитда туризмни ривожлантириш, 2015 йилдаги Остона учрашувида оммавий ахборот воситалари ва ахборотлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган ва муҳим ҳаётий қарорлар чиқарилган эди.

2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди. Унда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси Бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашди.

...Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Истанбулдаги офисида яқин орада Ўзбекистон Республикаси байроғи ҳам ҳилпирашини, мамлакатимизни кенгашга аъзо бўлиб кириши муждасини берганди ва бу хабар турк дунёсида катта мамнуният билан қабул қилинган эди. Кенгашнинг Чўлпонота шаҳридаги олтинчи саммитида Президентимиз таъкидлаганидек: Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз...

Давлатимиз раҳбарининг иштирокчи давлатлар вакиллари ва халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган Туркий кенгаш йиғилишидаги дастурий нутқида туркий халқларни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслиги қайд этиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари алоҳида эътироф этганидек: мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда... Президентимиз Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёдга ошганини маълум қилди.

Ўзбекистон Президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласига эътибор қаратди. Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Қадимий Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталарида жойлашган туркий тилли мамлакатлардаги бой маданий мерос туризмни ривожлантириш бўйича улкан имконият эканлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши Президентимиз томонидан алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ёш авлодни илм-маърифат асосида тарбиялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан алоқаларни изчил ривожлантираётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлади.

Президентимиз саммитдаги нутқида Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳрини 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди. Ҳақиқатан ҳам, дунёдаги ягона музей-шаҳар мақомидаги ва ўрта асрлардаги туркий цивилизациянинг ноёб маданий ва меъморий обидаси бўлган Ўзбекистон инжуси Хива шаҳри бундай юксак эътирофга лойиқдир.

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳридаги тарихий саммитдан кейинги кунларда дунё ва минтақа матбуоти ва таҳлилчилар бу учрашувда Ўзбекистон раҳбарининг иштирокини минтақа ҳамда дунёдаги барқарорлик ва ҳамкорликка қўшилган катта ҳисса сифатида шарҳламоқда.

Туркиянинг «Ҳурриет», «Миллиет» газеталари, Россиянинг «Спутник», Озарбайжоннинг «Day.az» нашрларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги саммитида сўзлаган нутқига бағишланган бир қатор таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистонимизнинг қардош халқлар билан азалий дўстлик алоқаларини янада юқори поғонага кўтариш стратегияси минтақа ва жаҳонда тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистоннинг қардош, қўшни давлатлар ва узоқ-яқиндаги дунё мамлакатлари билан дўстона алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайди.



DB query error.
Please try later.