04.09.2018

ОДАМЛАРНИ РОЗИ ҚИЛИШ

Бугунги сиёсатимизнинг бош мақсади

Фазлиддин ТЕМИРОВ, халқ депутатлари Қизилтепа туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

Президентимиз вилоятимизга тарихий ташрифи чоғида Қизилтепа туманида цемент заводи қуриш таклифини билдирган эди.

Қисқа фурсатда тадбиркор томонидан ушбу лойиҳа устида иш олиб борилиб, объект истиқлолимизнинг қутлуғ тантаналари арафасида фойдаланишга топширилди.

«Оқолтин капитал сервис» масъулияти чекланган жамияти негизида янги лойиҳа амалга оширилди. Қизилтепа туманидаги «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур янги корхонанинг йиллик қуввати 150 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 33 миллиард 100 миллион сўм бўлиб, 22 миллиард 700 миллион сўм ташаббускорнинг ўз маблағи ҳамда 10 миллиард 400 минг сўм тижорат банки кредит маблағлари ҳисобига тўғри келади.

Маҳаллий ва хориж технологик ускуналарига эга янги қувват суткасига 600 тонна сифатли М-400 маркали ва портландцемент ишлаб чиқаришни бошлади. Натижада 120 янги иш ўрни яратилди. Қувонарлиси, мана шунча оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб, уларнинг рўзғорига барака кирди.

Бундай истиқболли саноат корхоналарининг ишга тушиши аввало, энг муҳим масалалардан бири бўлган бандлик муаммосини ҳал этади. Қолаверса, ички бозорда қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни қаноатлантириб, нарх-навонинг пасайишига замин яратади.

 

Марям НИЁЗОВА, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП аъзоси, Каттақўрғон туманидаги «Кумуш тола» хусусий корхонаси раҳбари:

Баҳорда 5200 қути ипак қурти парваришладик. Бу билан 4 мингдан ортиқ оиланинг бандлиги таъминланди. Пиллачиларга мавсум бошланишидан аввал аванс пуллари берилди. Улар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Мавсум ниҳоясида пиллачилар топширган пилласининг ҳар килограмми учун 20 минг сўмдан иш ҳақи олишди. Бу бир пиллачи ўрта ҳисобда 1 миллион сўмдан зиёд даромад олганини англатади. Режадан ортиқ пилла топширувчилар даромади эса янада ошди.

Корхонанинг модернизация дастури асосида техник жиҳатдан янгиланиши ишлаб чиқариш қувватини икки бараварга ошириш имкониятини яратди. Ушбу дастур доирасида, 2017 йилнинг декабрь ойида Хитой давлатидан 124 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, ипак йигириш линияси ўрнатилди. Бу туманимизда саноатнинг ривожланиши, иш ўринларининг ортишида муҳим қадам бўлди.

 Аввал корхонамизда 60 нафар ишчи ишлаган бўлса, модернизациядан сўнг улар сони 100 нафардан ошди. Яна бир эътиборли жиҳат. Биз мавсумий ишчиларни жалб этмаймиз. Барча ишчиларимиз доимий, йил мобайнида ишлашади.

Пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлашнинг самарали усуллари кенг жорий этилмоқда. Бу эса ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошишини таъминлашига шубҳа йўқ.

Пилла боқувчиларнинг мавсумий фаолияти бир йил иш стажига ўтиши иш билан банд бўлмаган опа-сингилларимиз учун айни муддаодир. Пиллакорларнинг ягона ижтимоий тўловдан, даромад солиғидан озод қилинганлиги соҳа ходимлари учун яна бир қулайликдир.



DB query error.
Please try later.