Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда Ўзбекистон халқига равнақ ва фаровонлик, давлатимиз раҳбарига муваффақиятлар тилаб, эзгу истаклар изҳор этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон Республикаси халқини Мустақиллик куни билан самимий муборакбод этиш менга катта мамнуният бағишлайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти унга аъзо давлатлар хилма-хиллиги билан нуфузлидир. «Биз, халқлар» ташкилотимиз Уставида мустаҳкамлаб қўйилган қадриятларни қўллаб-қувватлаш йўлида бирлашсак, фаолиятимиз кучайиб бораверади. Бугунгидек глобал таҳдидлар, шу билан бирга, улкан имкониятлар даврида ушбу эзгу қадриятлар бизни бирлаштириб турадиган боғловчи омил бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатингиз ушбу миллий байрамни нишонлаётган кунларда Сизни ишонтириб айтаманки, мен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти самарадорлигини ошириш ҳамда барча учун тинчлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида фаол иш олиб бораман.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Антониу ГУТЕРРИШ,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби
* * *
Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироличаси Елизавета II
Испания Қироли Филипп VI
Нидерландлар Қироли Виллем-Александр
Швеция Қироли Карл XVI Густав
Швейцария Президенти Ален Берсе
Греция Президенти Прокопис Павлопулос
Австралия Генерал-губернатори Питер Косгроув
ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов
Қутловлар келиши давом этмоқда.