30.08.2018

«ТАДБИРКОРЛИККА ЎРГАТАМИЗ, ШАРОИТ ЯРАТАМИЗ»

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ихтирочи аёллар маркази томонидан Қибрай туман Маданият уйида хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилди.

Унга Қибрай туманидаги 86 маҳаллада яшаётган ҳунармандчилик ва тадбиркорликка қизиқиш билдирган 400 нафардан ортиқ хотин-қиз ҳамда имконияти чекланган аёллар таклиф этилди. Ҳафталик доирасида ташкил этилган маҳорат дарс­ларида тажрибали усталар хотин-қизларга ҳунармандчиликнинг 12 хил йўналиши бўйича тушунчалар берди. Ҳунарманд ва тадбиркор аёлларнинг инновацион кўргазмасида улар томонидан тайёрланаётган турли хил маҳсулотлар, кийим-кечаклар намойиш этилди.

— Асли касбим ҳисобчи бўлса ҳам ёшлигимдан тикувчиликка қизиқардим, — дейди кўргазма иштирокчиси, Қибрай туман тадбиркор аёллар уюшмаси раҳбари Нодира Маннопова. — Бундан ўн йилча муқаддам тикувчилик бўйича хусусий тадбиркорликни бошладим. Тўғриси, жуда кўп тўсиқларга учрадим, лекин бўш келмадим. Мен инновацион ғоя сифатида шажара усулида шогирд тайёрлаш усулини ушбу ярмарка иштирокчиларига таклиф қилдим, ҳаммага маъқул бўлди.

Бу усул нимадан иборат? Мен бундан ўн йил олдин ишни бир ўзим бошлаган бўлсам, ҳозир ­жамоамизда 70 дан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланди. Шогирдларимга бичиш-тикишни тўла ўргатиб бўлганимиздан сўнг уларни алоҳида ажратиб чиқараман ва жой билан таъминланишига ҳаракат қиламан. Ўз навбатида, улар мустақил иш бошлаганидан кейин 3-5 тадан иш ўрни яратади. Ана шу шажара усули дейилади.

Инновацион лойиҳа асосида иш ўрнини яратиш бўйича Турин университетида ўтказилган ўқув ҳафталигида Тошкент вилояти тадбиркор хотин-қизлари ўртасида ғолиб бўлдик. Ўша ерда ўтказилган кўргазмада Қозоғистондан келган тадбиркорлар бизнинг трикотаж маҳсулотларимиздан жемперга қизиқиб қолибди ва телефон рақамини ташлаб кетишибди. Улар бу маҳсулотдан 50 мингтагача тайёрлаш бўйича буюртма беришди.

Инновацион тадбиркорлик ҳафталиги кўргазмасига тўқув ва трикотаж маҳсулотлари билан қатнашаяпмиз. Тикув машинаси ва тўқув анжомларини ҳам олиб келганмиз. Иш ўрганишга келган хотин-қизларга шу ернинг ўзида қизиқишига қараб тўқувчилик ёки тикувчиликда ўзини синаб кўришга имкон бераяпмиз. Ҳар куни 10-12 тагача хотин-қиз ана шу касбда ишлаш хоҳишини билдираяпти, уларни шогирдликка олаяпмиз.

Туман ҳокимлиги тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш учун 0 қийматда бино берадиган бўлса, 4 йўналишда — сартарошлик, тикувчилик, тўқувчилик, сайёҳлик бўйича ўқув маркази очмоқчиман. Ҳозир ўқувчи ўғил-қизларимиз учун тикилаётган мактаб формалари, кўйлаклар, катталар учун қоракўл ёқали камзул, енгил пальто, куртка сингари трикотаж маҳсулотларимизга қизиқиш билдирилаяпти. Уларни узоқ ва яқин хорижга экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

— Мен уйда ҳар хил ўлчамдаги дастурхон тикиб сотаман, — дейди тадбиркор Садорат Абдуллаева. — Ўзим олий маълумотли педагог-психологман, 30 йил боғча мудираси бўлиб ишлаганман. Пенсияга чиққанимдан кейин шу иш билан шуғулланиб, аёлларга, ёш қизларга касбимни ўргатаяпман. Буюртма жуда кўп. Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ­Танзила Норбоева кўргазмага қўйилган турли бичимдаги дастурхонларни кўрди. Комиссия менга шу иш бўйича тадбиркорлик ­фаолияти юритишим учун жой ажратиб берадиган бўлди.

— Ҳафталик доирасида оғир турмуш шароитида яшаётган ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизлар қизиқишлари асосида «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан устозларга бириктирилиб, уларга меҳнат дафтарчалари очилди, — дейди Хотин-қизлар қўмитасининг бўлим бошлиғи Карима Норқулова. — Хотин-қизларга ҳунар ва тадбиркорлик сирларини ўргатиш билан бирга, банкдан келган мутахассислар томонидан кредит олиш бўйича маълумотлар берилди. Уста ва шогирдларга сертификатлар топширилди. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан Бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Ҳафталик давомида хусусий тадбиркорликни йўлга қўйишга астойдил ҳаракат қилаётган кўплаб хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳалари билан танишдик. Биласизми, уларнинг фаоллигига, тиришқоқлигига тан бермай илож йўқ. Масалан, тадбирнинг биринчи куни келган бир қизимиз оддий ёғоч қипиғидан пресслаб тайёрланадиган эшиклар ясайдиган фаолиятини бошлаш учун бизнес-режа қилиб келибди. Комиссия уни ўрганиб чиққач, 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш учун унга йўлланма бердик. Яна бир қизимиз қуритилган мева-чеваларни қадоқлаб, хорижга экспорт қиладиган цех очмоқчи. Унга 80 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишга йўлланма берилди. Бундай тадбиркорликка интилиши бўлган хотин-қизларимизнинг кўплиги кишини қувонтиради.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила ­Норбаева ва Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси ­Улуғбек Абдуллаев томонидан ҳунарманд хотин-қизларнинг халқаро ва республика миқёсидаги танлов, кўргазма ва анжуманларда иштирок этишларини таъминлаш, уларни уюшмага аъзо қилиш, устоз-шогирд мактабларини ташкил қилиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳафталикда бир неча юзлаб хотин-қизлар касб-корга, ҳунарга, тадбиркорликка ўргатилди. Уларга ўз истеъдодларини намоён қилишларига имконият яратиш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкор ташкилотлар билан бирга йил давомида малака ошириш курслари, касб-ҳунарга йўналтирилган курслар ва маҳорат дарслари ташкил қилиб боради. Қибрай ташаббуси келажакда республика миқёсида оммалаштирилиши кўзда тутиляпти.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.