30.08.2018

САМИМИЙ ҚУТЛОВЛАР

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда давлатимиз раҳбарига бахт-саодат ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаб, эзгу истаклар изҳор этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент, азиз қардошим!

Ўзбекистоннинг Миллий куни муносабати билан Сиз Жаноби Олийларини ва бутун ўзбек халқини шахсан ўз номимдан ва халқим номидан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Қардошимиз ва дўстимиз деб билганимиз Ўзбекистоннинг Сиз, азиз қардошимнинг оқилона ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли эришаётган ютуқларини бутун дунё каби биз ҳам юқори баҳолаган ҳолда кузатяпмиз. Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида ғайрат ва фидокорлик билан қилаётган саъй-ҳаракатларингизни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик ва стратегик шериклик биргаликдаги саъй-ҳаракатимиз билан халқларимиз манфаати йўлида янада кучайишига ишончим комил. Сизнинг оқилона раҳнамолигингизда дўст ва қардош Ўзбекистон қўлга киритаётган улкан ютуқларга шоҳид бўлаётганимдан бахтиёрман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон билан муносабатларимиз келгусида янада ривожланишига ишончимни тасдиқлаган ҳолда, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қардош ўзбек халқига омонлик ва фаровонлик тилаб қоламан.

Режеп Таййип ЭРДЎҒОН,

Туркия Республикаси Президенти

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Қадрли Шавкат Миромонович!

Тожикистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни ва Сиз орқали бутун қардош Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан чин юракдан муборакбод этиш ва энг эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.

Сиз узоқни кўзлаб юритаётган сиёсат ҳамда мамлакат ҳаётининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларидаги муҳим янгиланишлар бугун ўз самараларини бериб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини муттасил юксалтирмоқда.

Ушбу муваффақиятлар яқин қўшни сифатида Ўзбекистон билан кўплаб дўстлик ришталари орқали боғланган Тожикистонни ҳам қувонтирмоқда.

Халқларимизни маданий-маънавий яқинлик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, тинч ва тотув яшашга интилиш, кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган бебаҳо тажриба боғлаб туради.

Ўзбекистон билан муносабатлар Тожикистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Биз Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг эзгу ва конструктив муҳитидан, шунингдек, ҳамкорлигимиз халқларимиз ва бутун минтақанинг туб манфаатлари йўлида изчил ривожланиб бораётганидан ғоят мамнунмиз.

Биз, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг бу йўлдаги шахсий ҳиссангизни юксак қадрлаймиз.

Яқинда гўзал мамлакатингизга давлат ташрифи давомида Сиз билан бўлиб ўтган самарали учрашувларимизни, тарихий ҳужжат – Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолаганимизни алоҳида мамнуният билан ёдга оламан.

Ишончим комил, ушбу ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида қатор кенг миқёсли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувларнинг рўёбга чиқиши мамлакатларимизнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган самарали ҳамкорлигига янги ва кучли суръат бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, бундан буён ҳам Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик анъаналари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичда ривожлантиришга барча кучларни йўналтиришга тайёр эканимни билдираман.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бундан буён ҳам Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман.

Ушбу қутлуғ байрам кунларида Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, мамлакат равнақи йўлидаги режаларингиз ва интилишларингиз рўёбида катта зафарлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилашга ижозат бергайсиз.

Ҳурмат билан,

Эмомали РАҲМОН,

Тожикистон Республикаси Президенти

* * *

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Ёқуб

Бирлашган Араб Амирликлари Президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён

Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли Кучлари Олий бош Қўмондони ўринбосари шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг ўринбосари, ички ишлар вазири шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён

Фаластин Давлати Президенти, Фаластин Озодлик ташкилоти Ижроия қўмитаси раиси Маҳмуд Аббос

Қутловлар келиши давом этмоқда.



DB query error.
Please try later.