Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
25.08.2018

АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ — ТИНЧЛИК ЙЎЛИДАГИ УЛКАН ЛОЙИҲА

У иқтисодиётимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилади

Энергетика иқтисодиётнинг муҳим тармоғигина эмас, балки у аллақачон тараққиёт кўзгуси, фаровонлик белгисига ҳам айланган. Чунки ҳозирги ахборот технологиялари асрида ҳаётимизни, кундалик фаолиятимизни электр энергиясидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Лекин кейинги йилларда унга бўлган эҳтиёж шунчалик ошдики, пировардида истеъмол ҳажми ишлаб чиқариш суръатидан ҳам ортиб кетди. Айни шу жиҳат эндиликда соҳага инновацион технологияларни кенгроқ жорий этиш орқали энергетикани янада тараққий эттириш билан бирга, табиий газ, нефть, кўмир каби ресурсларни тежашни ҳам тақозо қилмоқда.



КЕЛАЖАК АВЛОД ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Тан олиш керак, тежамкорлик масаланинг тугал ечими бўла олмайди. Нега деганда, энергия ҳосил қилишда ишлатилаётган табиий бойликлар захираси чекланган бўлиб, қанчалик иқтисод қилмайлик, қачондир унинг тугаши исботини топган. Ҳисоб-китобларга қараганда, углеводород захиралари ҳозирги суръатда ишлатилса, нефть 45-50 йилга, табиий газ 70-75 йилга, кўмир эса 150-160 йилга етар экан, холос.

Шу ўринда, айтиш жоизки, анъанавий ёқилғи манбаларидан сурункали фойдаланиш оқибатида охирги йилларда сайёрамизда иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши каби глобал экологик муаммолар ҳам юзага келди. Буларнинг барчаси дунё ҳамжамияти олдига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни долзарб масала сифатида кўндаланг қилиб қўймоқда. Сабаби, улар арзонлиги, тежамкорлиги, экологик жиҳатдан безарарлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Аммо истеъмолчиларнинг энергияга ортиб бораётган эҳтиёжини қуёш, шамол, гидроэнергетика қувватлари ҳисобига таъминлашнинг имкони йўқ. Уларнинг улуши ялпи энергетикада кичик фоизларни ташкил этади, холос. Бунга муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланаётган АҚШ, Германия, Италия, Испания, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Бразилия каби давлатлар тажрибаси яққол мисол бўла олади.

Ўзбекистонда яқин келажак, аниқроғи, 2030 йилда иқтисодиёт ўсиши, аҳоли сони ва турмуш даражаси ошиши эвазига электр энергиясига бўлган талаб қарийб 120 миллиард кВт/соатга етиши кутилаяпти. Хўш, шунча қувватни ҳосил қилиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилгани маъқул? Ёки табиий газ ва кўмир ёқишга зўр бериш эвазига электр ишлаб чиқараверамизми?

Йўқ, албатта! Ўзбекистонда бу борада тамомила бошқача йўл тутилмоқда. Марказий Осиёда биринчи бўлиб мутлақо янги соҳа бўлган атом энергетикасини ўзлаштириш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар бошлаб юборилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 10 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда мазкур масала муҳокама қилиниб, мамлакатимизда тинч мақсадларда фойдаланиш учун экологик тоза ва узоқ муддат тугамайдиган атом энергетикасини барпо этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Давлатимиз раҳбари аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор ва кафолатли таъминлаш ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деди: «Агар ушбу қувватни таъминлаш учун табиий газ ва кўмирдан фойдаланишни давом эттираверсак, уларнинг мавжуд захираси маълум вақтдан кейин тугаб қолиши мумкин. Бу эса келажак авлод олдида кечириб бўлмайдиган хато ва жиноят бўлади».

Келажак ва бугунги авлод олдидаги масъулият ҳисси энергетика истиқболида туб бурилиш ясайдиган янги соҳа ўзлаштирилишига катта туртки бўлмоқда.



МАРКАЗИЙ ОСИЁДА БИРИНЧИ АЭС

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёнинг 55 давлатида атом электр станциялари самарали фаолият кўрсатяпти. Масалан, ядро реакторлари бўйича етакчи ҳисобланган АҚШ ҳамда Францияда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 72,3 фоизи АЭС томонидан таъминланади. Шунингдек, Хитой, Россия, Жанубий Корея сингари давлатларда ҳам атом энергетикаси жадал суръатларда ривожланмоқда.

Халқаро атом энергетикаси агентлиги — МАГАТЭнинг таҳлилларига кўра, кейинги пайтда АЭСга бўлган қизиқиш кучаймоқда. Яқин келажакда 100 га яқин ана шундай иншоотлар қурилиши режалаштирилгани, шунинг қарийб 60 фоизи Осиё мамлакатлари улушига тўғри келиши таъкидланмоқда. Охирги йилларда ён қўшнимиз Қозоғистонда ҳам атом энергетикасини ўзлаштириш бўйича муҳокамалар, изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Аммо минтақада биринчи бўлиб Ўзбекистон ушбу жабҳада амалий ишларга киришди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан, тинчлик йўлида атом энергетикасига асос солинмоқда.

Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда қуриладиган янги мажмуа 2 энергоблокдан ташкил топади. Уларнинг ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 МВтга тенг бўлади. 2028 йилгача тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган мазкур иншоот шарофати билан йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу катта ҳажмда юқори қўшилган қийматли нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, деганидир. Агар иқтисод қилинган газ қайта ишланмасдан экспорт қилинган тақдирда ҳам, йилига 550-600 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта тушумига эришилади.

Энг муҳими, 6,5 мингта янги иш ўрни яратилиб, юртимиз аҳолисининг шунча қисми муқим иш жойига, доимий даромад манбаига эга бўлади. Ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошиб, электр энергиясига бўлган ички эҳтиёжни узлуксиз таъминлаш, экспорт ҳажмини батамом ошириш имконияти пайдо бўлади.



АСОССИЗ ХАВОТИР ВА ИСБОТСИЗ ХУЛОСАЛАР

Одамларда атом электр станцияларига нисбатан нотўғри қараш, асоссиз қўрқувлар йўқ эмас. Ҳатто яқин-яқингача олимлару соҳа мутахассисларининг ҳам бу масалага ёндашуви турлича эди. Яъни, бир гуруҳи унинг иқтисодий самарадорлигини устун қўйса, бошқаси хавфсизлик нуқтаи назаридан бу фойдадан воз кечишни таклиф этарди. Аммо ҳаёт ҳақиқати шуки, ҳозирги пайтда энергетикада АЭСнинг ўрнини боса оладиган бошқа ечим йўқ. У экологик тозалиги, хавфсизлиги, иқтисодий самарадорлиги, умумий ривожланишдаги роли катталиги билан алоҳида ажралиб туради.

Дарҳақиқат, илм-фан, техника тараққий этган замонда асоссиз қўрқув, исботсиз хулосалар ноўрин. Кейинги пайтда қурилаётган АЭСда инсон омили деярли йўқ, бирор хавфли вазиятни юзага келтириш эса мутлақо имконсиз. Чунки янги типдаги бундай иншоотларда 30 тагача фаол ҳамда нофаол ҳимоя чоралари кўрилади. Шу боис, тизим юзага келадиган хавфни автоматик равишда сезади ва дарҳол тўхтатиб қўяди.

Қолаверса, Президент Фармонида ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилаётган Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигига хавфсизликни таъминлаш энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Унинг ҳузурида фолият юритадиган Илмий-техник ва эксперт кенгаши ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Бинобарин, атом энергетикасини ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда кенгаш хулосаси асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳужжатда саноат ва экология хавфсизлигининг халқаро талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш, атом реакторлари, ядро-физика қурилмалари, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларининг ривожланишини ва уларнинг хавфсиз ишлашини, республикадаги объектларнинг радиациявий ва ядровий хавфсизлигини таъминлаш, ядро авариялари ва радиациявий авария вазиятларининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбир ўз аксини топгани диққатга сазовор. Уларнинг изчил ижроси иншоотнинг хавфсиз ва барқарор фаолиятини кафолатлайди, албатта.

Соҳа мутахассислари яхши билишади, АЭСнинг атроф-муҳит, экологияга таъсирини иссиқлик электр станциялариники билан таққослайдиган бўлсак, жуда кам. Нега деганда, бундай станциялар зарарли ис гази ҳосил қилмайди. Натижада мамлакатимизда табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф-муҳитга тарқаладиган ис гази ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.

Таққослаш учун яна бир мисол. Агар ҳозир ишлаб турган АЭСлар фаолиятини тўхтатиб, улар ишлаб чиқарадиган электр энергиялари кўмирда ишлайдиган ИЭСларда ҳосил қилинса борми, бир йилда қўшимча равишда 380 миллион тонна карбонат ангидрид гази ажралиб чиқар экан!

Юртимизда атом энергетикаси йўлга қўйилаётгани атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасидаги муҳим қадам сифатида баҳоланаётганининг боиси ҳам шунда.



СОҲА ИСТИҚБОЛИ ЁШЛАР ҚЎЛИДА

Қайси соҳа бўлмасин, унинг ривожига малакали кадрларсиз эришиб бўлмайди. Ўзбекистон атом фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича юксак илмий салоҳиятга эга. Юртимизда етишиб чиққан олимлар, соҳа мутахассислари бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида фаолият юритмоқда. Бироқ кейинги йилларда ядро-физикасига эътиборнинг сусайиб кетгани ёшларда ушбу фанга қизиқишни сўндиргани, кадрлар қўнимсизлигига олиб келгани ҳам айни ҳақиқат.

Эндиликда бу нозик масала ўз ечимини топаётгани қувонарлидир. Фармон асосида атом энергетикаси соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Самарқанд давлат университетига қабул квоталари ажратилмоқда. Ўз навбатида, талабаларнинг атом энергетикасининг аниқ мутахассисликлари юзасидан хорижий таълим муассасаларида таълим олиши ва стажировка ўташи йўлга қўйилаётгани айни муддао бўлмоқда.

Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти базасида Москва муҳандислик-физика институти филиали очилаётганини алоҳида мамнуният билан қайд этиш зарур. Давлатимиз раҳбари яқинда ушбу муассасада Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан учрашиб, илм-фанни ривожлантириш бўйича қимматли маслаҳатлар берди. Институтнинг юртимизда барпо этилаётган атом электр станциясига ҳамоҳанг бўлиши кераклиги, бу ерда олимларнинг меҳнат қилиши учун барча шарт-шароит яратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилгани илм аҳли кўнглини осмон қадар кўтарди.



УЛКАН ЮТУҚЛАРГА МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР

Ўзбекистонда «яшил энергетика» мақомини олган атом энергетикасининг истиқболи ғоятда порлоқ. АЭСни барпо этиш учун қулай ҳудудлар ҳам, хомашё базаси ҳам сероб. Айрим давлатларга ўхшаб уранни импорт қилишга ҳожат йўқ. Уран захиралари бўйича дунёда тўртинчи, уни ишлаб чиқаришда эса еттинчи ўринда турамиз.

Эътиборлиси, биз учун янги бўлган соҳанинг, аввало, ташкилий-ҳуқуқий асосини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, шунингдек, 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси ҳамда ушбу даврга мўлжалланган давлат дастури лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгилангани бунинг яққол тасдиғидир. Бинобарин, тинчлик мақсадида фойдаланиладиган атом энергетикаси иқтисодиёт тараққиётида улкан ютуқларга мустаҳкам пойдевор яратади. Бунга қуйидаги рақамлар мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Бу ерда гап АЭС ишга туширилгач, 2030 йилда ялпи ички маҳсулотимиз яна 3 миллиард долларга ошиши, маҳаллий пудратчилардан тушадиган тушум ҳам шунчани ташкил этиши, қўшимча солиқ тушумлари эса 500 миллион долларга етиши ҳақида бормоқда. Кўриниб турибдики, ушбу лойиҳанинг иқтисодий самадорлиги ниҳоятда юқори. Зеро, МАГАТЭ мутахассислари фикрича, АЭС харажатлари узоғи билан 5-7 йилда ўзини тўлиқ оқлайди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи энергетика билан чамбарчас боғлиқ экан, янги қувватларни ишга тушириш давр талабидир. Аммо мамлакатда уран хомашёсининг улкан захираси бўла туриб, амалда атом энергетикаси салоҳияти ишга солинмагани, охирги ўн йилликда бирорта ҳам янги электр станцияси ишга туширилмагани таъминотда айрим муаммоларни келтириб чиқараётганди. Бу эса соҳада муҳим чора-тадбирлар кўришни тақозо қилаётган эди. Энг оқилона йўл сифатида атом электр станцияси қурилаётгани масаланинг мақбул ечими бўлди. Зотан, ушбу йирик лойиҳа иқтисодиётимизга катта фойда келтириш билан бирга, табиий ресурслар тежалишига, электр энергияси таъминоти барқарорлигига хизмат қилади.



Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.



DB query error.
Please try later.