21.08.2018

МАКТАБЛАР ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРМИ?

Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида Навоий вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли айрим таълим муассасаларида бўлдик.

Навоий вилоятида 353 умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларнинг 104 таси бир, 248 таси икки сменада ва биттаси уч (!) сменада фаолият кўрсатади. 33 мактабда таълим олувчилар сони мактаб сиғимидан 50 фоиз ортиқлиги таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Вилоятдаги мавжуд 353 мактабнинг 28 таси тўлиқ реконструкцияга, 33 таси капитал таъмирга муҳтож. Шунингдек, 124 мактабда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш ва ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун спорт зали мавжуд эмас. 17 мактаб ҳудудининг атрофи тўлиқ ўралмагани натижасида ўқувчи-ёшлар хавфсизлиги етарлича таъминланмаган.

Навоий шаҳрининг 18-кичик тумани ҳудудида кўп қаватли уйлар барпо этилаётганига қарамай, бирорта ҳам қўшимча мактаб қурилмаган. Вилоятдаги аксарият мактаблар фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйиш учун оддий маиший шароитлар ҳам мавжуд эмас.

Вилоят бўйича 88 мактабни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жорий ва мукаммал таъмирлаш ор­қали янги ўқув йилига тайёрлаш кўзда тутилган бўлиб, 4,5 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ ажратилган бўлса-да, шу кунгача 2,5 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ молиялаштирилган холос! Ҳатто, айрим мактабларда таъмирлаш ишлари ҳали бошланмаган.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида Навбаҳор туманининг Қушқочди қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабига 1,5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган. Лекин афсуски, ҳозиргача бу маблағ умуман молиялаштирилмаган. Мазкур мактабнинг 340 ўринли эски биноси 2018 йил май ойида бузилган, лекин бугунги кунда маблағ ажратилмагани сабабли қурилиш ишлари умуман тўхтаб қолган.

Навбаҳор туманидаги 14-умумтаълим мактаби директори Бобур Раҳимовнинг айтишича, ушбу мактаб 2014 йил инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилинган, лекин кимё, биология, физика кабинетлари махсус ўқув парталари билан жиҳозланмаган.

Физика ва кимё лаборатория жиҳозлари умуман ишлатилмаган, қадоқланган ҳолда сақланмоқда, Информатика хонасидаги 15 компьютер техникаси интернетга уланмаган, компьютер техникаларидан дарс жараёнида фойдаланиш даражаси ўта паст, физикадан бошқа фанлардан яратилган электрон ўқув ресурслари мавжуд эмас, мактаб атиги битта проектор билан таъминланган холос.

Туман ҳокимлиги томонидан мактабни янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 32 миллион сўмга яқин маблағ ажратилган бўлса-да, молиялаштирилмагани учун таъмирлаш ишлари бошланмаган.

Мактабимиз 120 ўринга мўлжалланган, — дейди Навбаҳор туманидаги 38-умумтаълим мактаб директори Жасур Темиров. — Янги ўқув йилида 401 нафар ўқувчига уч сменада таълим беришдан бошқа иложимиз йўқ. Мактабимизда хоналар етишмаганлиги учун физика, кимё-биология фанларидан лаборатория машғулотларини ўтказиш имкони мавжуд эмас.

Ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари, маънавият ва маърифат, психолог ва ёшлар етакчиси учун алоҳида хона ажратишнинг иложи йўқ, ўқитувчилар мактаб коридорида ўтиришади. Мактаб кутубхонаси бинога қўшни бўлган сартарошхонага жойлаштирилган(?!).

Конимех туманидаги мавжуд 35 мактабни янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 2 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган бўлса-да, бугунги кунгача умуман молиялаштирилмаган. Натижада саккизта мактаб атрофини девор билан ўраш, тўртта мактабнинг том қисмини таъмирлаш, иккита мактабнинг дераза ромларини алмаштириш, ўнта мактабни ичимлик суви билан таъминлаш учун қудуқ қуриш ва насос ўрнатиш ишлари бошланмаган.

Тумандаги 14, 39-мактабларда синф хоналари етишмайди, 23-мактаб биносининг том, пол ва деворлари ачинарли ҳолга келиб қолган. 32-мактабнинг том қисмини кўршапалак босиб, ДСЭНМ хулосаси билан мактаб биноси ёпиб қўйилган.

Кармана туманидаги 8-мактаб директори Абдуҳошим Қаршиевнинг айтишича, кимё хонаси 2010 йилдан буён жиҳозланмаган, махсус парталар ўрнатилмаган, электр, сув ва сув оқова тармоқларига уланмаган, мўриконли шкаф ўрнатилмаган, реактивлар билан 2006 йилдан буён таъминланмаган. У мазкур масалада мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилса-да, амалий натижа бўлмаган.

Мактабнинг информатика хонаси 2007 йилда 15 та компьютер билан таъминланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 3 таси яроқсиз ҳолга келган. Интернет тармоғига уланмаган. Компьютерларга фанлар кесимида электрон ресурслар ўрнатилмаган, улардан фойдаланиш самарадорлиги паст. Мактабда жами 915 ўқувчи таълим олади, бироқ дарсликлар етишмайди.

Нурота туманидаги 2-мактабда физика лаборатория жиҳозлари етишмаслиги сабабли лаборатория ишларини ўтказиш имкони йўқ. Шунингдек, кимё лабораторияси учун 39 номдаги асбоб-ускуналарга эҳтиёж мавжуд.

Юқоридаги ҳолатлардан шундай хулоса чиқариш керакки, Навоий вилоятидаги бир қатор мактаблар янги ўқув йилига тайёр эмас. Ўқув йили бошланишига эса оз вақт қолди. Навоий вилояти ҳокимлиги, халқ таълим мутасаддилари бу борада зудлик билан чора-тадбирлар кўрмасалар, ушбу муаммолар сўзсиз таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади...



Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.