Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
16.08.2018

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИНИ ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА ЭКСПЕРИМЕНТНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Кейинги йилларда республикада маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида уларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб муаммоларини ўз вақтида ва самарали ҳал этишдаги мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш ишбилармонлик фаоллигининг ўсишига, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилишга инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5495-сон Фармонига мувофиқ:

а) 2018 йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг қуйидаги янги механизмлари жорий этилмоқда:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш;

кўчмас мулк объектларини (меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқалар) қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш;

б) қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимларига чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ва тартибда 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвестицияси улуши бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини тузиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига умумий майдони 2000 квадрат метрдан ортиқ, лекин 5000 квадрат метрдан кўп бўлмаган фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги «Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3067-сон қарорининг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган объектлар бундан мустасно) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

2. Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 15 августдан 2019 йил 15 августгача Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи эксперимент (кейинги ўринларда эксперимент деб юритилади) ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:

инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича инвестиция шартномаларини тузиш орқали Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида соддалаштирилган тартибда инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун доимий эгалик, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини тақдим этиш имконияти;

инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича инвестиция келишуви асосида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан давлат мулки объектларини, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектларни уларнинг майдони ҳажмидан қатъи назар бериш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш назарда тутилган соҳалардаги объектлар бундан мустасно;

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан кичик саноат зоналари дирекцияси функцияларини ишончли бошқарув шартномаси асосида хусусий бошқарувчи ташкилотларга бериш;

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бозорлар ва савдо комплекслари устав капитали (фонди)даги улушларини уларнинг баланс қиймати ва ходимлари сонидан қатъи назар, хусусий тадбиркорлик субъектларига фаолият йўналишини сақлаб қолиш, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар олиш шарти билан бериш, шунингдек, бозорлар ва савдо комплексларининг ижро этувчи органи функцияларини шартнома асосида хусусий бошқарувчи ташкилотларга бизнесни ташкил этиш ва юритиш учун бериш. Бунда ҳар бир туманда маҳаллий давлат ҳокимияти органининг улуши бўлган битта маҳаллий бозор сақлаб қолиниши назарда тутилсин;

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан давлат-хусусий шериклик шартларида автомобиль йўллари бўйлаб пуллик автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда кўп қаватли автомобиль сақлаш жойларини қуриш дастурларини тасдиқлаш;

энг юқори ижара тўловлари ва инвестиция мажбуриятларини таклиф этган, асосан йўл ҳаракати соҳасида инновация лойиҳаларини амалга оширишда тажрибага эга тадбиркорлик субъектларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган, шу жумладан, бозорлар ва савдо комплексларига туташ ҳудудларда жойлашган автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойларини давлат-хусусий шериклик шартларида 10 йилга қадар муддатга ижарага бериш.

3. Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан эксперимент ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ (А.Н.Арипов) зиммасига:

Тошкент шаҳар ҳокимининг ер участкалари ажратиш, давлат мулки объектларини реализация қилиш ва ижарага бериш бўйича қарорларини қабул қилиш учун кичик саноат зоналари дирекцияси функцияларини хусусий бошқарувчи ташкилотларга бериш масаласини, шунингдек, амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари кўрсаткичлари ва давлат-хусусий шерикликнинг асосий шартларини тезкорлик билан келишиш ва маъқуллаш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг экспериментни ўтказиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал қилишга амалий кўмаклашиш бўйича фаолиятининг аниқ мувофиқлаштирилишини таъминлаш, бюрократизм ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тезкор чоралар кўриш;

экспериментни сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, эксперимент доирасидаги барча масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва улар юзасидан келишилган қарорлар қабул қилиш юклансин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ эксперимент доирасида:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар ҳафта инвестор куни ўтказилади, унинг доирасида, қоида тариқасида, Ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг инвестиция шартномаларини тузиш, уларга ер участкалари ажратиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат мулки объектларини бериш бўйича инвестиция таклифлари кўриб чиқилади ҳамда тегишли маълумотлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг сайтига жойлаштирилади;

инвестиция фаолиятини олиб бориш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра ер участкалари бериш инвесторга ер участкасини бир йилгача муддатга (лойиҳанинг мураккаблигидан келиб чиқиб узайтириш имконияти билан) дастлабки захиралаш шарти билан амалга оширилади, кейинчалик инвестиция шартномасида кўрсатилган шартлар инвестор томонидан бажарилганидан сўнг ер участкасига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи расмийлаштирилади. Инвестор томонидан зиммасига олинган мажбуриятлар инвестиция шартномасида кўрсатилган шартлар ва муддатларга мувофиқ бажарилмаганда ер участкасини захиралаш инвесторга компенсация бермасдан ва зарарлар қопланмасдан бекор қилинади;

фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини ўз балансида сақловчилар томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги сўров жўнатган вақтдан кейин бир ой муддатда фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш, шу жумладан, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектини ташкил этиш, объектни аниқ ижарага олувчиларга бериш, аниқ инвестор (шерик)ни жалб этиш чоралари, шунингдек, фойдаланилмаётган объект фаолиятини тиклашнинг аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбалари назарда тутилган таклифларнинг тақдим этилмаганлиги Тошкент шаҳри ҳокимининг фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини инвестиция келишуви асосида реализация қилиш ёки бериш тўғрисидаги қарорини қабул қилиш учун асос бўлади;

кейинчалик Тошкент шаҳар ҳокимининг ер участкалари тақдим этиш, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини реализация қилиш ёки бериш масалалари бўйича қарорини қабул қилиш учун рўёбга чиқариш таклиф этилган инвестиция лойиҳаларининг кўрсаткичларини Ишчи гуруҳ томонидан келишиш ва маъқуллаш ўн иш куни давомида амалга оширилади;

ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш, ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланган тартибда ўн иш куни давомида, шу жумладан, электрон шаклда амалга оширилади;

Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг ваколатлари Тошкент шаҳар ҳокимига ўтади, у мазкур ваколатларни кичик саноат зоналари дирекцияларига қисман ёки тўлиқ бериши мумкин;

муайян инвестиция лойиҳалари доирасида ишлаб чиқариш майдончасидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджети маблағлари ва бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 октябрдан:

автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар томонидан қатъий белгиланган солиқ тўлаш тартиби бекор қилинади, улар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда ягона солиқ тўлови ёки бошқа умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтказилади;

автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматлари, жойлашувидан қатъи назар, юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини берадиган видеокузатув ва автомототранспорт воситалари кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш тизими билан жиҳозланганда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг тушумлари тўлиқлиги устидан тизимли назорат ўрнатсин.

6. Тошкент шаҳар ҳокимига хорижий инвестор томонидан қонун ҳужжатларида белгиланганидан қўшимча солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларини бериш талаби қўйилмаган тақдирда 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ эквивалентда чет эл инвестицияси улуши бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилсин.

7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК «САР» авиакомпаниясининг Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Райҳон кўчасида жойлашган бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмасини уларга туташ 101,64 гектар майдон билан биргаликда кейинчалик топширилаётган объектлар негизида «Индустриал парк» кичик саноат зонасини ташкил этиш шарти билан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида Тошкент шаҳар ҳокимлигига беғараз бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

а) бизнес юритиш учун энг мақбул шарт-шароитлар ва қулай инвестиция муҳитини яратиш, туманлар кесимида Тошкент шаҳрининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишни таъминлаш учун зарур ташкилий тадбирларни амалга ошириш мақсадида туманлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда:

тегишли ҳудудларда мавжуд имконият ва шароитларни акс эттиришни назарда тутадиган Тошкент шаҳри ва туманларнинг инвестиция паспортларини;

инвестиция жараёнларини бошқаришнинг асосий мақсадларини, устувор тармоқларни ривожлантириш чораларини, маданий ва ижтимоий объектлар ҳамда атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини сақлаш билан боғлиқ чекловларни белгилайдиган Тошкент шаҳрида ҳудудлар кесимида инвестиция муҳитини ривожлантириш концепциясини, шунингдек, концепциянинг натижадорлигини тавсифловчи кўрсаткичларни;

масъул шахслар ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда инвесторларни аэропортлар, вокзаллар, ташриф буюриш объектларида кутиб олиш, кузатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, уларни зарур транспорт ва техника воситалари билан таъминлаш тартибини ишлаб чиқсин;

б) Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналари фаолиятини жадаллаштириш, бўш турган ер участкаларидан мақбул тарзда фойдаланиш, улар негизида кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича, зарур ҳолларда Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳри Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманларига туташ ҳудудларида Тошкент шаҳрининг янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш учун ҳар бирининг майдони 20 гектардан кам бўлмаган ер участкалари ажратишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

в) бир ой муддатда Тошкент шаҳар ва туманлари ҳокимларининг, шунингдек, улар ўринбосарларининг салоҳиятли инвесторларни жалб этиш, хорижий ҳамкорларга инвестиция салоҳияти ва бизнес юритиш шартлари тўғрисидаги маълумотларни етказиш учун учрашув ва музокаралар, шу жумладан, хорижий мамлакатларга сафарларнинг календарь режасини ишлаб чиқсин.

9. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А.Артикходжаев зиммасига:

инвестиция лойиҳаларининг ташаббускорлари томонидан шаҳарсозлик регламентлари ва қурилиш-монтаж ишларининг сифати бўйича талабларга риоя этилиши;

юклатилган вазифа ва функцияларни сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажариш, инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал қилиш, бунда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигига ўз фаолиятида алоҳида эътибор қаратиш, холислик ва очиқлик принципларига риоя этиш, шунингдек, Тошкент шаҳри аҳолиси манфаатларини ҳисобга олиш;

эксперимент доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида юзага келаётган давлат мажбуриятларини молиялаштириш манбалари билан таъминлаш;

ушбу Фармоннинг 8-бандига мувофиқ амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги;

Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисми, маданий мерос объектлари ва атроф-муҳит қулай экологик ҳолатининг сақланиши, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, манзарали дарахтлар ва гуллар эккан ҳолда яшил ҳудудлар барпо этиш, дарахтлар ва ўсимликларнинг ноқонуний кесилишдан ҳимоя қилиш;

ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ва турли қонунбузарликлар (дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, маданий мерос объектларига зарар етказиш ва бошқалар) билан боғлиқ фуқаролар мурожаатлари ва шикоятлари бўйича тезкор чоралар кўриш юзасидан масъулият юклансин.

10. Ишчи гуруҳ (А.Н.Арипов, С.Р.Холмурадов) Ишчи гуруҳ кун тартибига киритилаётган масалаларнинг тезкор кўриб чиқилишини, шунингдек, юклатилган вазифа ва функцияларнинг сўзсиз бажарилишини таъминласин.

11. Вазирлик ва идоралар раҳбарларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда турар жой зонасида жойлашган объектларни қайта ихтисослаштиришга рухсат бериш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин, бунда уй-жой ва меҳмонхона хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим объектларини, болалар муассасалари ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектларини қуришнинг ўзига хос хусусиятлари ва зарурати ҳисобга олинсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда экспериментнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан назорат ва мониторинг ўрнатсин;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда эксперимент натижалари юзасидан ушбу Фармоннинг амал қилишини республиканинг бошқа ҳудудларига татбиқ этиш бўйича таклифлар киритсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳар ойда ушбу Фармонга мувофиқ амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Тошкент шаҳар ва туманлар халқ депутатлари Кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ва амалга оширишда кўмаклашиш тавсия қилинсин.

15. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари ушбу Фармоннинг қоидалари, мавжуд имкониятлар, инвестиция келишувларини амалга ошириш натижалари ва давлат-хусусий шерикликнинг афзалликлари кенг ёритилишини таъминласин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А.Артикходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ



Тошкент шаҳри,

2018 йил 15 август



DB query error.
Please try later.