02.08.2018

ТЕСТ СИНОВЛАРИ – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДАГИ ДАДИЛ ҚАДАМ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 1 август куни олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишига кириш учун тест синовлари бошланди.

Юрт тараққиёти юксак билим ва касбий малакага эга, замон руҳи билан ҳамнафас, соғлом ва теран тафаккурли, рақорбатбардош кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқитишнинг барча бўғинлари каби олий таълимни ҳам тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу йўналишда авваллари мисли кўрилмаган туб ижобий ўзгаришларни амалиётга жорий этиш имконини бермоқда. Унга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш, синов натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишда ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.

Шунингдек, жорий йилда биринчи марта 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари, «Ўзкўргазмасавдо» мажмуаси, олий ўқув юртлариаро спорт комплекси каби катта сиғимдаги биноларда, вилоят марказларидаги Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилаяпти. Тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентларнинг ота-оналари онлайн режимда кузатиб боришларига имконият яратилгани ҳам эътиборга моликдир.

Республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тест синови натижаларини тезкор ўқишга мўлжалланган энг замонавий техник ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Бу эса натижаларни қисқа фурсатда эълон қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 июнда қабул қилинган «2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69 минг 200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 17 минг 654 нафар ва тўлов-контракт асосида 51 минг 546 нафар этиб белгиланди. Махсус сиртқи ва кечки бўлимларда ҳам ўқишларнинг ташкил этилгани, бир қатор олий таълим даргоҳларининг жойлардаги филиаллари, янги ўқув даргоҳларининг очилгани ёшларнинг билим олиш йўлидаги имкониятларини янада кенгайтиради. Жорий йилда юртимиз олий таълим масканларига абитуриентлардан 675 минг 49 та ариза келиб тушди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, абитуриентлардан энг кўп ҳужжат келиб тушган олий таълим даргоҳлари сафида Қарши, Самарқанд, Фарғона давлат университетлари пешқадамлик қилмоқда. Конкурс энг катта бўлган олий ўқув юртлари сифатида эса Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига 1 ўринга 23,2, Андижон машинасозлик институтига 1 ўринга 18,3, Тошкент давлат техника университиетининг Термиз филиалига бир ўринга 17,6 ариза тўғри келмоқда. Жорий йилда абитуриентлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, «Ипак йўли» туризми халқаро университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти каби янги олий таълим масканларига ҳужжат топшириш имконига эга бўлдилар.

...Эрталабки соат 8.00. Пойтахтимизда олий таълим даргоҳларининг бакалавриат йўналиши бўйича тест синовлари «Ўзэкспомарказ»нинг бир неча павильонлари, «Ўзкўргазмасавдо» мажмуаси, Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуаси, Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, Олимпия захиралари коллежи каби катта сиғимдаги биноларда бўлиб ўтди.

Мажмуага ёндош ҳудудда абитуриентларнинг ота-оналари учун ҳам зарур барча шароитлар яратиб берилди. Шу ернинг ўзида ўрнатилган махсус мониторлар орқали тест синовлари жараёнини бемалол кузатиш имконияти яратилди.

— Қизим Мухлиса бу йил олий ўқув юртига илк марта ҳужжат топширди, — дейди наманганлик Малоҳат Турсунова. — Барча жараёнларда очиқлик, шаффофликнинг таъминлангани юртимизда коррупциянинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик йўлидаги амалий қадамлардан экани барчага манзур бўлмоқда.

Тестдан чиқиб келаётган ёшларга юзландик.

— Саволлар аниқ, лўнда ифода этилган, — дейди самарқандлик Муҳриддин Калонов. — Уларни қайта-қайта ўқиб, мағзини чақишга ҳожат қолмаган. Тестни муваффақиятли ечиш барчанинг билим даражасига боғлиқ эканини бу жараёнда яққолроқ сезилмоқда. Ростини айтганда, авваллари айрим абитуриентлар ва баъзи нопок кимсалар муғомбирлик, олғирлик, ғирромлик бўйича билимини тестларда синовдан ўтказар эди. Ҳозир бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг илдизи буткул бартараф этилганига гувоҳ бўлдик.

Дарҳақикат, бу йилги тестларнинг холис, ҳаққоний ва адолатли тарзда ташкил этилгани кенг жамоатчилик, ота-оналар, ёшларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

 

Н.УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.