Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
31.07.2018

ҒАФЛАТ УЙҚУСИДАН УЙҒОНАЙЛИК

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ғазалларидан бирида шундай деб ёзганди: «Ғафлат уйқусидин уйғон, гар тилар бўлсанг мурод, Ким, етар мақсадға ҳар ким бўлса ул бедорроқ». Бу гаплар ҳозирда ҳам долзарб аҳамиятга эга, лекин ҳамма гап «бедорлик»ни қандай тушунишда! Кимдир бойлик, мол-мулк илинжида тунлари ухламасдан, ўзини ўтга, чўғга уриб беҳаловат яшаётган бўлса, яна кимдир эл, юрт, миллат қайғусида кунларини тунларга улаб, бедорликка фидойиликни қўшиб олдинга қараб ҳаракат қилмоқда...

Она Ўзбекистонимиз Президентимиз бошчилигида тарихнинг оғир ва синовларга тўла йўлларида ўзига мос ва хос тараққиёт йўлини қидираётган бугунги юқорига — юксакликка интилаётган кунда миллат дарди устида қайғураётган мард ва жасур, бедор қалбли инсонлар жуда-жуда зарур. Афсуски, келажагимиз устида жиддий бош қотирилаётган, жону жаҳонимизни бағишлаётган ҳозирги кунда ҳар бир янгилик ва ўзгаришдан ўзига манфаат истаётган худбин кимсалар ҳам оз эмас. Масалан, таълим муассасаларига қабул жараёнларини олайлик. Бу жараён миллат тақдири, унинг келажаги билан боғлиқ масаладир. Унинг шаффофлигини таъминлаш, ҳалол ва адолатли ўтишини таъминлаш муҳим вазифадир. Афсуски, бу жараёнларда абитуриентлар ва ота-оналарни, чалғитиб алдаб чўнтагини қаппайтириш пайида юрган фирибгар, товламачи ва тамагир кимсалар ҳамон учраб турибди. Биз илмни ўзларига насаб қилиб олган буюк хоразмийлар, бухорийлар, фарғонийлар авлодимиз. Ота-боболаримиз илмдан бойлик орттириш мақсадида фойдаланишмаган. Улар учун илм оламни билиш, ўзликка қайтиш, инсонларга нисбатан олийҳимматликда бўлиш воситаси саналган.

Дарахтнинг меваси қанча кўп бўлса, боши ерга шунчалик эгилгани сингари илмли инсонлар ҳам илми кўпайгани сари камтар, хокисор, бошқаларга озор етказмайдиган улуғ зотларга айланган. Илм олиш йўлидаги тамагирлик, фириб қаттиқ қораланган. Бунинг охиратда муқаррар жавоби бор. Ватандошимиз Сидқий Хондайлиқий: «Илмли одам шафоатли ва бетама бўлур», дейди. Қаранг, илм­га икки дунё саодати, ҳисоб-китоб кунидаги олийжаноблик нуқтаи назаридан ёндашилмоқда. Улуғ боболаримиздан ибрат олайлик. Илм, билим олишга интилаётган ўғил ва қизларимизга тушунтирайлик. Фақат билимли киши олий ўқув юртига ўқишга киришини. Турли-туман қинғир йўллар билан ўқишга киритиш, аввало ноҳалоллик, номардлик ҳисобланади. Билимингиз етмаса-да пул бериб, ўқишга кирмоқчимисиз, демак, аввало ўзингизга, қолаверса, билимли тенгдошингизга хиёнат. Бу иллатли йўлдан қайтайлик, Президент, Ватан ва халқ биздан бугун чинакам бедорликни, фидойиликни кутиб турибди. Буюк Ўзбекистонга муносиб инсонлар бўлайлик!

 

Абдулҳай СОБИРОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори.



DB query error.
Please try later.